“Дастур ул-мулук” (“Подшоҳларга қўлланма”) номли қимматли асарнинг муаллифи XVIII аср тарихчиси Хожа Самандар Термизий бўлиб, унинг тўғрисидаги маълумотлар деярли кам. У ҳақидаги маълумотлар асосан “Дастур ул-мулук”нинг ўзида, шунингдек муаллифга замондош бўлган машҳур шоирлардан Муҳаммад Баъди ибн Муҳаммад Шариф Самарқандий Малиҳнинг “Музаккир ул-асхоб” антологиясида мавжуд.
Муаллифнинг ҳақиқий исми сўнгги вақтларгача номаълумлигича қолган эди. “Дастур у-мулук” ва Малиҳнинг “Музаккир ул-асхоб” асарларида унинг фақат тахаллуси – Самандар кўрсатилган эди. Бу тахаллус унга унинг тилининг ўткирлиги, ўз ишига жиддий ёндашганидан берилган бўлиши керак. Фақатгина “Музаккир ул- асхоб” асаридагина Хожа Самандарнинг асл исми – Муҳаммад Бақо берилган.
Муаллиф ҳаётининг аниқ санаси ҳали тўлиқ ўрнатилмаган эди. У узоқ умр кўрган деган асослар ҳам бор. Айрим маълумотларга кўра, Хожа Самандар тахминан 1638-йил Термизда саййидлар оиласида таваллуд топган бўлиб, 1740-йилгача Қумқўрғонда яшаб ўтган. Бухорода мадраса таҳсилини олган. Дастлаб Нарпайда қозилик қилган (1660 – 1662-йиллар). Ҳаётининг биринчи ярми саёҳат қилиб юриш билан кечган. Малиҳ у ҳақида шундай ёзади: “У шарқ ва ғарб шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилиб, тақдирнинг ширин ва аччиқ дамларини бошидан кечирган”. Яна шундай асослар ҳам борки, бу даврда муаллиф дарвешона ҳаёт тарзини ҳам бошидан кечирган. Кейинчалик эса ўз ҳаёт тарзини ўзгартирган бўлиши мумкин.
Хожа Самандар узоқ вақт Қарши(Насаф)да яшаган бўлиши керак. Йўл- йўлакай шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, муаллифимиз тўғрисида ёзаётган Малиҳ 1100/1688 – 89-йили уни Насафий деб атайди. Бу ерда у икки бор Қарши раиси лавозимига тайинланган. Малиҳнинг сўзларига кўра, у “раёсат паноҳ” фахрий унвонига эга бўлган.
1670-йилларда Бухорога қайтиб, Аштархонийлардан Абдулазизхон(1055 – 1091/1645 – 1680) саройида тарихчи (воқеанавис) лавозимида ишлаган. У Абдулазизхоннинг Бухорога кириб келган хоразмийларга қарши юришида иштирок этган. Хожа Самандар Субҳонқулихон (1091 – 1114/1680 – 1702) нинг Балхга 1097/1685, 1104/1693 ва 1107/1695-йилларда амалга оширган учта юришининг иштирокчиси бўлган. Шунингдек, Хожа Самандар элчилик вазифасини ҳам амалга оширган. У Субҳонқулихон томонидан Самарқанднинг исёнкор ҳукмдори Хўжақули билан уни хон билан ярашишга кўндириш мақсадида музокаралар олиб бориш учун икки марта вакил қилиб юборилган эди. Буларнинг барчаси ҳақида муаллифнинг шахсан ўзидан, унинг Балхга 1107/1695-йилги юришида иштирок этиши тўғрисида эса Хожа Самандарга замондош бўлмиш Муҳаммад Амин ибн Муҳаммад Замоннинг “Муҳит ат-таворих” номли тарихий асаридан билиш мумкин.
Хожа Самандар Термизий ўз даврининг кенг маълумотли кишилари жумласидан бўлган. Малиҳнинг берган маълумотларига асосан, Хожа Самандар етук шоир, ёзувчи ва тарихчи олим бўлган, илоҳиёт илмини ҳам яхши билган, кўп саёҳат қилиб, назарий билимини мустаҳкамлаган. Унинг адабий фаолияти 1100/1688 – 89- йилларда Қаршида бошланган. Бизнинг замонимизгача олимнинг икки муҳим асари етиб келган. Булардан бири “Дастур ул-мулук” ва иккинчиси “Анис ул- фуқаро” (“Фақирлар дўсти”) номи билан машҳур бўлиб, 1735-йили ёзилган. Малиҳнинг сўзларига кўра, “Дастур ул-мулук” Хожа Самандарнинг илк йирик асари бўлиши мумкин Ушбу асар, муаллифнинг сўзларига қараганда, қандайдир ёш одамнинг илтимоси билан ёзилган эди. Илтимос эса қандайдир нуфузли кишидан келиб чиққан, зеро муаллиф унинг илтимосига қарши чиқа олмаган. Асар Субҳонқулихонга бағишланган. У 1106/1694 – 95-йилларда тузилган бўлиб, унда ушбу йиллар воқеалари ҳақидаги ҳикоялар мавжуд.
Хожа Самандар Муқаммад ибн Бақо Термизий ўз замонасида маънавият дастурини тарғиб этган таниқли алломаларидан бири бўлган. Зотан, унинг тахаллуси бўлган Самандар тушунчаси ҳам унинг руҳиятига монанд эканлигидан далолат беради. Хожа Самандар Термизий XVIII асрнинг 30-йилларида туғилиб, XVIII асрнинг 30-йилларигача яшаб, 100 йилдан ортиқроқ умр кўрган.
Холиқов Муҳаммадали,
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






