Тариқат йўналишини ўзлари яхши тушунмасдан, бузиб талқин қиладиган тоифалар учраб туради. Уларнинг даъволаридан бири: тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги. Баъзи бир сохта тариқатчилар бунга ушбуларни далил қилиб келтирадилар. Аввало илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишдир. У орқали инсон Роббини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ.
Иккинчидан: Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган Азозил, яъни Шайтон ҳам бир пайтлар жуда илмли бўлган ва ҳатто фаришталарга дарс берган. Бироқ Аллоҳ таоло Одам а.с.ни яратиб, барча мавжудотни унга сажда қилишга буюрганида Шайтон бош тортди ва “Мени оловдан яратдинг, уни эса ботқоқдан,” – деб эътироз билдирди. Бу мам-манлиги туфайли Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди,” – деб далил келтиришади.
Аслида тасаввуф намояндалари ҳеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар. Шу ўринда биз тариқат мезонлари теранроқ англаш, асл моҳиятни тушуниш мақсадида яна тарихга мурожаат қиламиз: XVIII асрда Марказий Осиёда Нақшбандия-Мужаддидия тариқатининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган аллома Мусохон Даҳбедийнинг шогирдларидан бири Халифа Сиддиқнинг бу борадаги қарашлари ва амалга оширган ислоҳотларини мисол қилиб келтирамиз. У сулукка раҳбарлик қила бошлагач, Нақшбандия-Мужаддидия сулуки Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Дашти Қипчоқни ўз ичига олган кенг ҳудудга ёйилди. Бу ҳақда XVIII асрда Марказий Осиёда кечган ижтимоий-сиёсий ва маданий-диний вазиятни қоғозга туширган тарихчилардан бири Жумақули Хумулий (туғ.й.1776/77)нинг “Тарихи Хумулий” асаридан батафсил маълумот олиш мумкин[1].
Халифа Сиддиқ сулукни бошқаришда ўзидан аввалгилардан фарқлироқ ноанъанавий йўлни танлади. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, муридларни зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга чақирарди, турли диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганишга буюрарди. Ҳалқаларда кўпинча Атоуллохўжа Бухорий, Фарғона шайхул исломи Эшон Зокирхўжа Марғиноний, шайхул ислом Мир Абдулҳайхўжа Самарқандий каби ўша замоннинг фозил, олим кишилари ташриф буюриб, соликларга тафсир, ҳадис, фиқҳ каби фанлардан дарслар ўтишарди. Ҳар куни зикр ҳалқасидан ва ишроқ намозининг ўртасида “Тафсир ал-Байдовий”, “Мишкоти шариф” ва бошқа саҳиҳ китобларни илм толиблари мазкур уламолардан ўрганар эдилар. Фарз намозларидан сўнг хуш овоз қориларга Қуръон ўқишни, чиройли таъбирли шоирларни маснавий ўқишга буюрар эдилар[2].
Нақшбандия тариқатига оид маҳаллий сулуклар вакиллари (Ҳиндистон, Қашқар минтақаларидан тортиб то Болқон ва шимолий Африкагача) ўзларининг мамлакатларида сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ва осойишталик ўрнатиш, қабилалар ўртасида эса тинчлик ва тотувликка фақат шариат аҳкомларининг мустаҳкамлиги орқали эришиш мумкин, деган хулосага келдилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати
[1] Хумулий. Тарих-и Хумулий. ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма, инв. № 37/VI. – В. 299б.
[2] Ўша асар. – В. 300б.






