“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида 12 апрель куни тиббиёт соҳасида етук мутахассис, олий тоифали врач, валеолог Расулова Шиора Нурматовна иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Маърузачи истеъмол учун табиий маҳсулотлар рационини шакллантириш, тартибли овқатланиш ва жисмоний машқларнинг фойдалари ҳақида сўз юритаркан, кимёвий моддалар аралашган сунъий озиқ-овқат маҳсулотларидан имкон қадар узоқ бўлишга ва ҳаддан зиёд таом еб ошқозонни зўриқтирмасликка чақирди. Нотўғри овқатланиш оқибатида келиб чиқадиган касалликларни санаб ўтди. Врач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг содда ва фаол ҳаёт кечирганлари ҳамда тўғри овқатланиш борасидаги кўрсатмаларидан мисоллар келтириб, замонавий тиббиёт бунинг нақадар фойдали эканини тасдиқлаб турганини ҳам эслаб ўтди. Зеро қориннинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга, яна учдан бирини нафас олишга ажратиш ҳақидаги ҳадисга амал қилган ва жисмоний фаол ҳаёт кечирган инсонга кўп касалликлар яқинлаша олмайди, дейишади мутахассислар. Талабалар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, қониқарли жавоблар олдилар.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






