Намоз исломнинг рукнларидан бир рукн бўлиб, иймондан кейин энг улуғ ибодат. Пайғамбар алайҳис салом бу ибодатнинг адо қилиш тартибини баён қилганлар. Намозда фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амаллар бор. Намоздаги суннат амаллардан бири ўнг қўлни чап қўл устига қилиб, киндик остига қўйишдир.
Мазҳаблар ўртасида икки қўлни қаерга қўйиш тўғрисида бир оз ихтилоф бор. Ҳанафий мазҳабида, Шофиъй мазҳабидан Абу Исҳоқ Марвазий наздида ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бир ривоятда икки қўлни киндик остига қўйиш суннатдир. Имом Шофиъй мазҳабида икки ривоят бор. Бири кўкрагини тагига қўяди, иккинчиси кўкрагини устига қўяди. Ҳанбалий мазҳабида учта ривоят бор. Бири бизнинг мазҳабимизга мувофиқ киндик тагига қўяди, иккинчиси кўкрак тагига қўяди ва учинчиси ихтиёрли яъни, ҳоҳласа киндик тагига, ҳоҳласа кўкрак тагига қўяди.
Бу ихтилофлдарни сабаби Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларни лафзлари турли келганлигидир. Мана шу ихтилофли суратларнинг ҳаммаси Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу ривоятларнинг лафзи турли хил, аммо ҳаммаси заиф ҳадис ривоят ҳисобланади.
Ҳанафий мазҳабининг далиллари ҳамасидан мўтабардир.
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَضَعَ يَمِينَهُ عَلَى شِمَالِهِ فِي الصَّلاَةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қилиб, киндик тагига қўйганлигини кўрдим”, деди”. Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларнинг матни ўзаро бир-бирига қарама-қарши (таъоруз) бор. Чунки, ривоятларнинг бирида “ъала садриҳи”, иккинчисида “ъинда садриҳи” ва бошқасида “таҳта сурратиҳи” қайд қилинади. Усул илмида таъоруз қоидаси бор. Ана шу қоидада: “Агар ҳадис матнлари ўзаро бир-бирига қарама-қарши бўлса, саҳобаларнинг сўзига ва амалларига қаралади”, дейилади. Мазкур усул қоидасига кўра саҳобаларнинг сўзи ва амали қараймиз. Саҳобалар ва тобиъинларнинг қўлни боғлаб, киндик тагига боғлаганлигини кўрамиз. Мисол учун:
عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: إنَّ مِنَ السُّنَّةِ فِي الصَّلَاةِ وَضْعُ الْأَكُفِّ عَلَى الْأَكُفِّ تَحْتَ السُّرَّةِ . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У: “Ўнг қўлни чап қўлнинг устига қилиб, киндик тагига қўйиш суннатдандир”, деди”. Абу Довуд ривоят қилган.
Муҳаддислар бир саҳобий қайсидир амални суннат деб номланса, ундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари тушинилади ва унинг ҳукми марфуъ ҳадис ҳукмидадир – дейдилар.
Ҳанафий уламолар намозда қўлни боғлаб киндик остига қўйиш ҳақида ақлий далил ҳам келтирадилар. Намоз Аллоҳни улуғлаш учун адо қилинади. Одатда катта кишилар олдида туриш одоби қўлни боғлаб киндик остига қўйишдир. Модомики, банданинг олдида шундоқ турилгандан кейин, Аллоҳнинг ҳузурида одоб билан туриш жуда ҳам зарур, дейдилар.
Хулоса, эркаклар ўнг қўлининг бошбармоқ ва жимжилоқни ҳалқа қилиб чап қўлни бўғинидан ушлаб, ўнг қўлнинг кафтини чап қўлнинг устига қилиб, киндик остига қўйиш суннатдир.
Холмўминов Жалолиддин
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






