2 март куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаларининг “Мусталаҳул ҳадис” фанидан бўлаётган дарс жараёнини яқиндан кузатдик. “Мусталаҳул ҳадис” номи ўзбек тилида “ҳадис атамалари” маъносини англатади. Бу фан ҳадисларнинг қисмлари, хабар етказиш йўллари, хабар етказувчининг сифатлари, хабарнинг тўғри ёки нотўғрилигини текшириш методлари ва ҳоказо масалалар билан шуғулланади. “Кўкалдош” муассасасида бу фан бўйича Маҳмуд Таҳҳоннинг “Тайсиру мусталаҳил ҳадис” китоби дарслик қилиб олинган. Ўқитувчи – Яхшиликов Абдулазиз.
Устоз янги мавзуга киришишдан олдин ўтган дарсларда олган билимлари бўйича талабаларга саволлар бериб, жавоблардаги ноаниқликларга тузатиш киритди ва ҳадис соҳасидаги атамаларни тиниқ ўзлаштириш учун такрорлаб туришнинг аҳамиятини эслатди.
Бугунги дарс Ровийдаги таъна (камчилик) сабабли ҳадисни инкор қилиш мавзусида бўлди. Ҳадиснинг ровийлар силсиласи (санад) узилмаган ҳолда ривоят қилинган бўлса-да, гоҳо у қабул қилинмайди. Ривоятнинг рад этилишига ровий (ҳадисни етказувчи)да мавжуд камчилик сабаб бўлади. Камчиликнинг турлари ҳар хил бўлиб, уларнинг энг ёмони ёлғончилик ҳисобланади. Бундан ташқари ғафлат, хотиранинг сустлиги сабабли маълумотни ноаниқ етказиш, шунингдек, фисқ ишлардан ва одамгарчиликка зид амаллардан тап тортмаслик ҳам етказилган хабарнинг ишончлилигига путур етказади. Бу метод мўмин кишини диндан гапираётганида масъулиятли бўлишга, шубҳали маълумотни тарқатишдан сақланишга чақиради. Чунки Юнус сурасининг 36-оятида “Албатта гумон асло ҳақиқат ўрнини босмайди”, дейилган.
Мутахассислар шуғулланадиган бу меъёрлардан бохабар бўлиш нафақат толиби илмларга, омма мусулмонларга ҳам бағоят аҳамиятлидир. Ахборотнинг сарасини сарага, пучагини пучакка ажратишда динимиздаги тайёр қўлланмалардан фойдалансак халқ ичида асоссиз маълумот тарқатиб хижолат бўлишлар, бировнинг шаънига ноўрин сўз айтиб узр сўрашлар камаярмиди.
Талабаларнинг одоби, ўзларини тутишлари, дарс жараёнида диққатли ва фаол бўлишлари эътиборимизни тортди. Уларга илмни амалга боғлаш ва оммага етказа олиш салоҳиятини талаймиз.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






