SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Имом Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ
22.02.2021 / Bo‘limda Maqolalar

Ҳақиқий зоҳидлик

“Зуҳд” луғатда “рағбатнинг оз бўлиши” маъносида бўлиб, “заҳада фийҳи” дейилса, “ундан воз кечди”, маъносида бўлади.

“Зуҳд” нинг истилоҳий маъноси эса, “дунёдан воз кечиб, охиратга майл бўлиш”, деганидир.

Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

مَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآَخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ نَصِيبٍ

“Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас”. (Шуро сураси, 20-оят)

Яна бошқа оятда кофирлар ҳақида шундай дейилган:

الَّذِينَ يَسْتَحِبُّونَ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا عَلَى الْآَخِرَةِ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَيَبْغُونَهَا عِوَجًا أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ بَعِيدٍ

Улар дунё ҳаётини охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан қайтарадиган ва уни қинғир қилишни истайдиган кимсалардир. Улар (ҳақ йўлдан) йироқдаги гумроҳликдадирлар. (Иброҳим сураси, 3-оят)

Ҳадиси шарифда зуҳд қилиш ҳақида шундай дейилган:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ : يَا رَسُولَ اللهِ دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أحَبَّنِي اللهُ وَأحَبَّنِي النَّاسُ، فَقَالَ: « ازْهَدْ في الدُّنْيَا يُحِبُّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبُّك النَّاسُ ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه.

Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Мени бир амалга далолат қилинки, уни қиладиган бўлсам, Аллоҳ ҳам ва инсонлар ҳам мени яхши кўришсин”, деди. У зот: “Дунёда зоҳид бўлгин (дунёдан юз ўгиргин) Аллоҳ сени яхши кўради ва инсонларда бўлган нарсалардан воз кечгин инсонлар сени яхши кўришади”, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ وَأَبِي خَلَّادٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: » إِذَا رَأَيْتُمْ الْعَبْدَ يُعْطَى زُهْدًا فِي الدُّنْيَا وَقِلَّةَ مَنْطِقٍ فَاقْتَرِبُوا مِنْهُ فَإِنَّهُ يُلَقَّى الْحِكْمَةَ » . رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي » شُعَبِ الإِيْمَانِ «

Абу Ҳурайра ва Абу Холлад розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёда зоҳидлик берилган, гап-сўзи кам кишини кўрсангиз, унга яқинлашингиз. Зеро унга ҳикмат берилибди”, дедилар. Байҳақий “Шуъабил Иймон” да ривоят қилган.

Умар розияллоҳу анҳу шундай деган: “Дунёдаги зоҳидлик қалб ва жасаднинг роҳатидир”.

Имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ “Иҳяу улумид дин” китобида шундай деган:

“Бир нарсага нисбатан рағбат йўқ бўлиб, ундан кўра яхшироқ бўлган нарсага рағбат қилишни ифодалаш “зуҳд” дейилади.

Бир киши олди-сотди қилиб ёки бирор нарсани бошқа нарсага алмаштириб ё шу каби бошқа сабаблар билан бир нарсадан юз ўгириб бошқа нарсага рағбат қилса, бировга берган нарсасига рағбати кам бўлгани учун ундан воз кечди, бошқа нарсага қизиғиши бўлгани учун бошқадан олган нарсасига, унга рағбат қилди, дейилади. Ушбу ҳолатда воз кечган нарсасига нисбатан “зуҳд” дейилади. Қизиққан нарсасига нисбатан “рағбат” деб аталади.

Ҳақиқий зуҳд ҳосил бўлиши учун воз кечилган нарсага ҳам аввалда унга кучли рағбат бўлган бўлиши лозим. Шунга кўра ким ўзига қизиғи бўлмаган нарсани тарк қилса, у зоҳид дейилмайди. Масалан, тош, тупроқ, ҳашарот каби нарсалардан воз кечган киши зоҳид эмас. Балки, динор, дирҳам каби инсоннинг рағбати бўлган нарсалардан воз кечган киши, зоҳид дейилади”.

Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Зуҳд уч хил кўринишда бўлади:

1. Ҳаром нарсаларни тарк қилиш. Бу умумий барча одамларга лозим бўлган зуҳдир.

2. Ҳалол бўлган нарсалардан ҳожатидан ортиғини тарк қилиш. Бу хос инсонларнинг зуҳдидир.

3. Аллоҳга зикр ва нафл ибодат қилишдан тўсиб қўядиган барча нарсаларни тарк қилиш. Бу орифларнинг зуҳдидир.

Биринчи босқичдаги зуҳдни амалга ошириш, барча инсонларга фарздир.

Иккинчи босқичдаги зуҳд мустаҳаб бўлсада, лекин, аввалги босқичдаги зуҳдни ҳосил бўлиши ҳам иккинчи босқичдаги зуҳдга боғлиқ бўлади. Чунки, ҳожатидан ортиқча бўлган нарсага кўпроқ берилиб кетган кишининг ман қилинган нарсани ҳам содир қилиб қўйиши эҳтимоли кўпроқ бўлади.

Учинчи босқичдаги зуҳд биринчи ва иккинчи босқичдаги зуҳдни амалга оширгандан кейин ҳосил бўлади.

Имом Ибн Мансур Мақдисий роҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу манаазилис сааирийн” китобининг зуҳд бобида шундай деган: “Барча ориф зотларнинг фикрича, “зуҳд” – қалбнинг дунё ватанидан охират манзилларига сафар қилишидир. Зуҳдга тегишли бўлган нарса олтита бўлиб, шу олтита нарсани тарк қилмай туриб инсон зоҳид исмига эга бўла олмайди:

1. Молу дунё.
2. Суврат, яъни инсоннинг ташқи шакл шамоили.
3. Раислик.
4. Инсонлар.
5. Нафс.
6. Аллоҳдан бошқа ҳар бир нарса”.

Яна у зот (Мақдисий) роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Зоҳидликдан ирода қилинган нарса ўз мулкида бўлган молу дунёсини тарк қилиб, ундан воз кечиш керак, деган маънода эмас. Чунки, Сулаймон ва Довуд алайҳиссаломлар ўз замонасининг энг зоҳидларидан бўлишган. Ваҳоланки, уларнинг молу мулклари кўп бўлган. Шунингдек, аҳли аёллари ҳам бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мутлоқ барча инсонларнинг зоҳидроғи бўлганлар. Ваҳоланки, у зотнинг аёллари бир нечта бўлган. Али ибн Абу Толиб, Абдурроҳман ибн Авф, Зубайр ва Усмон розияллоҳу анҳумлар ҳам энг зоҳид инсонлар бўлишган, ваҳоланки уларда ҳам молу дунё бўлган. Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳ молу дунёси кўп бўлиши билан бирга инсонларнинг энг зоҳиди эди. Лайс ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳ ҳам энг зоҳид уламолардан бўлган. У кишида катта маблағ бўлган.”

Ҳасан Басрий ва ундан бошқа кишиларнинг зуҳд борасида айтган гаплари жуда ҳам ажойибдир: “Дунёдаги зоҳидлик ҳалол нарсаларни ҳаром қилиш ёки молу дунёни зое қилиш билан бўлмайди, аммо Аллоҳнинг ҳузуридаги бўлган нарса сен учун ўз қўлингдаги бўлган нарсадан кўра ишончлироқ бўлмоғи ва сенга мусибат етиб, шу мусибатнинг савобида бўлишинг сенга мусибат етмаганидан кўра сенга рағбатлироқ бўлиши шу ҳақиқи й зоҳидликдир.”

Мана бу зуҳд борасида айтилган сўзларнинг энг чиройлисидир. Яъни, инсон Аллоҳ таолонинг бандаларига ризқ беришига суяниши ва ўзи кутмаган жойдан унга неъматларини ато қилиши у учун қўлидаги молу дунёсидан кўра яхшироқдир. Чунки, қўлидаги молу мулк фалокатга учраб йўқ бўлиб, кетиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг хазинаси ҳеч қачон тугамайди. У зот бандасининг ризқини бераверади. Аслида инсон қўлида турган шу молу дунё ҳам Аллоҳнинг унга берган ризқидир. Шунингдек, унга мусибат етиб, у сабабли унга савоблар ёзилиши, у учун мусибат етмаслигидан, ҳамда савоблар ҳам бўлмаслигидан яхшироқдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқий зоҳидлик дунё ва ундаги сабаблардан воз кечиш дегани эмас, балки дунё матоларининг муҳаббати инсон қалбига жо бўлиб, уни Аллоҳ ва охират зикридан банд қилиб қўймаслигидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқий зоҳид, ҳақиқий тақво соҳиби бўлганлар. Ким у зотдан ортиқ бўлишни хоҳласа хато қилибди. У зот барча ишларимизда бизга ўрнак бўладилар. Бу ҳақида у зотдан қуйидагича ривоят қилинади:

عَنْ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ جَاءَ ثَلَاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا أُخْبِرُوا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوهَا فَقَالُوا وَأَيْنَ نَحْنُ مِنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ قَالَ أَحَدُهُمْ أَمَّا أَنَا فَإِنِّي أُصَلِّي اللَّيْلَ أَبَدًا وَقَالَ آخَرُ أَنَا أَصُومُ الدَّهْرَ وَلَا أُفْطِرُ وَقَالَ آخَرُ أَنَا أَعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلَا أَتَزَوَّجُ أَبَدًا فَجَاءَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ: « أَنْتُمْ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا أَمَا وَاللَّهِ إِنِّي لَأَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ لَكِنِّي أَصُومُ وَأُفْطِرُ وَأُصَلِّي وَأَرْقُدُ وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: “Уч киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалолларининг уйларига келишди. Уларга хабар қилинган эди, буни оз санагандай бўлиб, “Биз қаёқда-ю Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! У зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса”, дейишди. Улардан бири: “Мен абадул абад туни билан намоз ўқиб чиқаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен бир умр рўза тутаман, оғиз очиқ юрмайман, деди. Яна бошқаси: “Мен аёллардан четда бўламан, абадул-абад уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар ва шундай дедилар: “Шундай, шундай деганлар сизларми?! Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқадиганингизман, Унга энг тақво қиладингизман, лекин мен рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!” Бухорий ривоят қилган.

Шунга кўра ким ҳақиқий зоҳид бўлмоқчи бўлса, Набий алайҳиссаломнинг суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилиши лозим бўлади. Инсон доимо охират неъматини дунё неъматидан устун қўйиши керак. Бу зоҳидлик Насоролар тўқиб чиқариб олган роҳибликдан фарқ қилади. Бу роҳиблар дунё сабабларини бутунлай тарк қилишган. Зуҳд бу билан комил бўлмайди. Зуҳднинг асли инсоннинг дунёга бўлган рағбатидан охиратга бўлган рағбатининг устун бўлишидир. Дунё сабаблари билан машғул бўлиши уни охиратга интилишдан тўсиб қўймаслигидир. Бу борада Баҳовуддин Нақшбанд роҳматуллоҳи алайҳ чиройли гапни айтганлар: “Дил ба ёру даст ба кор”. Яъни, “Қўлинг меҳнатдаю қалбинг Аллоҳда бўлсин”.

Шунга кўра, ҳар бир инсон қандай касб қилишидан қатъий назар, қалбини Аллоҳга боғлаган бўлиши, дунёда матоларига муҳаббатли бўлмасдан, доимо охират ғамида юриши комиллик белгисидир. Аллоҳ таоло ҳар биримизга ҳақиқий зоҳидлардан бўлишимизни насиб айласин.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон манбаалар асосида тайёрлади.

What you can read next

“Диний соҳа мутахассисларининг илмий тадқиқотлар олиб боришларининг аҳамияти” ҳамда “Илмий тадқиқот учун зарур бўлган малака ва кўникмалар” мавзуларида ўқув-семинари
“Диний соҳа мутахассисларининг илмий тадқиқотлар олиб боришларининг аҳамияти” ҳамда “Илмий тадқиқот учун зарур бўлган малака ва кўникмалар” мавзуларида ўқув-семинари
Намоздаги ҳолатлар
Намоздаги ҳолатлар
31 МИНГДАН 31 ТА ФАКТ ЁХУД ИСТИҚЛОЛ ЙИЛЛАРИДАГИ ИШЛАРНИНГ ДЕНГИЗДАН ТОМЧИСИ
31 мингдан 31 та факт ёхуд истиқлол йилларидаги ишларнинг денгиздан томчиси

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP