SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Маҳалла масжидида такроран жамоат қилишнинг макруҳлиги
09.02.2021 / Bo‘limda Maqolalar

Маҳалла масжидида такроран жамоат қилишнинг макруҳлиги

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам баъзи намозларда айрим кишиларни топмай қолдилар. Ана шунда: “Мен бир кишига буюрай, у одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиб берсин, сўнгра мен намоздан қоладиганларникига борай-да, буюрай: уларнинг устларидан ўтин боғламларини қўйиб, уйлари ёқиб юборилсин, деб бир қасд қилдим. Улардан бирови семиз (гўштли) суякни топишига кўзи етсайди, албатта, унга (яъни, хуфтон намозига) ҳозир бўларди”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳунинг ривоятида қуйидаги лафзлар келган: “Бир кишига буюрсам, у жамоатда одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиб берса, сўнгра мен азонни эшитиб, унга ижобат қилмаган қавм олдига бориб, устларидан ўт қўйиб юборсам, деб қасд қилдим. Албатта, ундан фақат мунофиққина қолади” (Табароний ривояти).

Мазкур ҳадис жамоат намозининг қанчалик муҳимлиги, узрли сабабсиз жамоатни тарк этиш ёмон қилиқ эканига етук ҳужжатдир. Қолаверса, бу ҳадис жамоатга чиқиш ҳақидаги тарғиб ва ташвиқда кўзда тутилган жамоатни ҳам белгилаб беряпти. У намозга тўпланган биринчи жамоатдир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам “Мен бир кишига буюрсам, у одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиб берса, сўнгра мен намоздан қоладиганларникига борсам…” дер эканлар, биринчи жамоатни ўтказиб юборган кишиларни назарда тутганлар. Чунки иккинчи жамоат машруъ бўлсайди, уларнинг устларидан ўт қўймоқчи бўлмасдилар. Негаки улар иккинчи жамоатга қўшилиб олишларининг эҳтимоли бор эди. Бинобарин, айтамизки, битта масжидда биринчи жамоатга келишнинг вожиблиги у ерда иккинчи жамоат бўлишининг макруҳлигини узил-кесил тақозо қилади. Зеро улар иккинчи жамоатга улгуришларини билсалар биринчи жамоатда жам бўлмайдилар.

“Канзул уббод”да “Кофий”дан нақл қилиб: “Бизнинг наздимизда такроран жамоат қилиш жоиз эмас”, дейилади. “Жомеус сағир”да эса: “Бир киши масжидга кирса-ю, унинг аҳли намоз ўқиб бўлган бўлсалар, у азон ва иқомат айтмасдан намоз ўқийди. Чунки жамоатни такрор қилиш жамоат камайишига сабаб бўлади. Яъни, ҳар бир киши жамоатга улгурмай қолишидан қўрқмай қўяди, шу боисдан у макруҳдир”, дейилган. Муҳаддис, шайх Гангуҳийнинг “Қутуфуд дония” номли китобида ҳам шундай сўз келтирилган.

Иккинчи жамоатнинг макруҳлиги маҳалла масжидига хосдир. Йўл бўйидаги ва бозордаги масжидларнинг ҳолати фарқли бўлгани учун у ердаги ҳукм ҳам ўзгача бўлади. Бунинг боиси, маҳалла масжидида айтилган иллат бу ерда йўқдир. Яъни, ўтган-кетганлар кириб ўтадиган масжидлардаги одамлар тенг бўлиб, бир гуруҳнинг иккинчи гуруҳдан ажралиб турадиган жойи йўқ. Бу Абу Ҳанифанинг мазҳаби бўлиб, Молик ва Шофеий ҳам шу тўхтамга келганлар. “Раҳматул умма”да айтилади: “Ким бир масжидга кирсаю, у ернинг имоми намоздан фориғ бўлган бўлса, агар у одамлар ўтиб-қайтиб юрадиган йўл масжиди бўлмаса, Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеий наздида у ерда қайтадан жамоат қилиш макруҳ бўлади. Имом Аҳмад эса, жамоатдан кейин жамоат қилиш ҳеч қандай ҳолатда макруҳ бўлмайди, деган”.

Аҳмад ибн Ҳанбал ўз сўзига имом Термизий Абу Саид Худрийдан ривоят қилган мана бу ҳадисни далил қилган: “Бир киши келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлган эдилар. У зот: “Қайси бирингиз бунинг тижоратига кўмаклашади?” дедилар. Бир киши туриб, у билан намоз ўқиди”.

Термизий буни ҳасан ҳадис, деб яна қуйидаги сўзларни айтганлар: “Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ва тобеинлардан бир қанча аҳли илмларнинг сўзи бўлиб, улар намоз ўқиб бўлинган масжидда кишилар яна жамоат бўлиб намоз ўқишининг зиёни йўқдир, деганлар. Аҳмад ва Исҳоқ шу сўзни танлаганлар. Бошқа аҳли илмлар эса ёлғиз ўқишади, дейдилар. Суфён, Ибн Муборак, Молик ва Шофеий (бундай вазиятда) ёлғиз ўқишни ихтиёр этганлар”.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисни Ҳоким имом Муслим шартига кўра саҳиҳдир, деганлар. Лекин мавзуга ушбу ҳадисни ҳужжат қилиш етарли эмас, чунки бу ерда нафл ўқувчи фарзни ўқувчига иқтидо қиляптики, бунда ҳеч қандай тортишув йўқ. Фарз намоз ўқувчи фарз намоз ўқувчига иқтидо қилиб иккинчи жамоат ҳосил қилсалар, мана шунда тортишув бор.

“Мудавванатул кубро”да имом Молик Абдураҳмон ибн Мужбирдан ривоят қиладилар: “Солим ибн Абдуллоҳ билан жума ўқиладиган масжидга кирдим. Одамлар намоз ўқиб бўлишган экан. Улар: “Намозга жамоат қилмайсизми?” дейишди. Солим: “Битта масжидда бир намоз икки марта жамоат бўлиб ўқилмайди”, деди (бу хабарнинг барча ровийлари ишончли кишилардир).

Солимнинг сўзи битта масжидда такроран жамоат қилишнинг макруҳ эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Тобеинлардан Зуҳрий, Рабиа ва бошқалар унинг бу сўзига қўшилганлар.

Шу ўринда бир масалани айтиб ўтиш керак. Агар бир киши уйида намоз ўқиб чиққач, жамоатни топса, нафл нияти билан уларга қўшилиб намоз ўқиса, бунинг қайтарилган жойи йўқдир.

Имом Шофеий айтадилар: “Биз ёд олганмизки, бир қанча кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқий олмай қолганлар. Шунда улар намозни ёлғиз ўқир эдилар ва у зот буни билардилар. Ҳолбуки жамоат қилишга қурблари етарди”, дейдилар. “Умм” номли китобларида эса: “Мен буни (яъни масжидда такрорий жамоатни) биздан олдин салафлардан ҳеч ким қилмагани, балки айримлари айблагани учун макруҳ дедим, холос”, деганлар.

Мужтаҳид олим салафлардан бирон-бир нарсани қатъий йўсинда ҳикоя қилса, бу унинг ишончли далили борлигидан дарак беради. Шофеийнинг “биз ёд олганмизки…” деган сўзи саҳобалар жамоатдан қолиб кетсалар иккинчи жамоатни пайдо қилмай ёлғиз намоз ўқиганларига очиқ далил бўлиб, “айримлари айблаган” деган сўзи эса салафлар наздида иккинчи жамоатнинг макруҳлигини кўрсатмоқда. Мужтаҳидлар сўзидаги “салаф” сўзининг маъноси саҳоба ва тобеинлар демакдир. “Раддул муҳтор”даги Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари масжиддаги жамоатдан қолиб кетсалар, масжидда ёлғиз намоз ўқир эдилар”, деган сўзи ҳақида баъзи бировлар “унинг асли йўқдир” деган деган бўлса ҳам имом Шофеийнинг “биз ёд олганмизки…” деган ибораси унинг асли борлигини кўрсатади.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ “Умм”да айтадилар: “Буни макруҳ деганлар бу иш мусулмонлар калимасининг бўлиниши ҳамда бир киши жамоат имомининг орқасида намоз ўқишдан ўзини тортишига сабаб бўлишини назарда тутиб макруҳ санаганлар. Бундай одамлар намоз вақтида масжидга кирмай турадилар-да, намоз ўқиб бўлинганидан кейин кириб, жамоат бўладилар. Бу ишда ихтилоф ва калиманинг бўлиниши бор. Макруҳлик сабаби шу икки нарсадир. Мен буни имоми ва муаззини бўлган ҳар бир масжидда макруҳ дейман. Аммо йўл устида ёки бир чеккада қурилган масжид бўлиб, тайинли муаззин унда азон айтмаса, ўтган-кетганлар намоз ўқиб, салқинлаб кетадиган бўлса, бу нарсани макруҳ демайман. Чунки бунда айтиб ўтганим – калиманинг бўлиниши деган маъно йўқдир… (Салафлар) бир масжидда икки марта жамоат бўлмасин деб макруҳ деганлар. Агар бошқа жойга чиқиб, жамоат бўлиб ўқисалар, зиёни йўқ”.

Зафар Аҳмад Таҳонавий шу иқтибос сўнгида: “Бу гапларнинг бари ҳанафий устозларимизнинг сўзига мувофиқдир. Бироқ улар қавм биринчи жамоатга чиқмай қўйишини макруҳликнинг иллати деб кўрсатган эдилар. (Барибир) у ҳам Шофеий айтган гапга бориб тақалади”, деб изоҳ берган.

“Мудаввана”да бундай дейилган: “Имом Молик деди: “Агар қавм келганида масжид аҳли намоз ўқиб бўлган бўлсалар, масжиддан чиқиб, жамоат бўлиб намоз ўқишларининг зиёни йўқдир, магар Масжидул Ҳаром ёки Масжиди набавий бўлса, у ердан чиқмайдилар-да, ёлғиз намоз ўқийдилар. Чунки уларнинг жамоат билан намоз ўқишларидан кўра Масжидул Ҳаром ёки Масжиди набавийда намоз ўқишларининг савоби каттароқдир”.

Зафар Аҳмад Таҳонавий бу иқтибос сўнгида: “Биз ҳанафийларнинг ҳам айтадиган сўзимиз мана шудир. Бироқ бизда юқоридаги истиснога Масжидул Ақсо билан ҳеч ким намоз ўқимаган маҳалла масжиди ҳам қўшилгандир”, дейдилар.

“Эълоус сунан” асаридан қисқартириб олинди.
Шарофиддин Латипов таржимаси.

Эслатма: Олимларимиз Қуръон ва Суннатда таъкидланган умматнинг бирлиги ва тарқоқликдан сақланиш масаласига қаттиқ аҳамият берганлар. Масжидда жамоатни такрорлашга оид фатвонинг моҳиятида шу масала ётади. Хулоса қилиб айтганда, биринчи жамоатни менсимаслик кайфиятида бўлган, ўзини унга тенг қўядиган ёки масжид ва маҳалла аҳлини бўлишга сабаб бўладиган иккинчи жамоат номашруъ ва макруҳ саналади. Масжидга борган кишилар у ерда намоз ўқиб бўлингани устидан чиқсалар, жамоат савобини бутунлай қўлдан бой бермаслик умидида бир-бирларига иқтидо қилиб ўқисалар бўлади, деган фатвони берган олимлар ҳам бор. Бунинг шарти шуки, улар биринчи жамоат билан рақобат кўринишидан қочиш учун иложи борича масжиднинг чеккароқ жойига ўтиб оладилар, азон ва иқомат айтмайдилар, намозда овозларини баралла қўйиб юбормайдилар. Намозга борувчи киши атайдан биринчи жамоатни ўтказиб, иккинчисига қўшиламан деб бормасин ва иккинчи жамоатга қўшилиб намоз ўқишни ўзига одат қилиб олмасин. Иккинчи жамоат ҳақидаги саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Шайх Алоуддин Мансурнинг берган жавоблари шу мазмунга тўғри келади.

What you can read next

Қуръон ва суннатда олий ҳимматли бўлишга ундаш
Салафи солиҳларнинг илм талаб қилишликдаги ҳимматларининг олийлиги.
Ҳикояларда акс этган 40 оят: Ёмон гумон
Ҳикояларда акс этган 40 оят: 8-оят Қизғончиқ
Тобеинлар
Тобеинлар

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP