Лобар ва Нигина иккиси дугона. Нигина Самимий қиз. Лобар эса бир оз қайсар ва ўз қарашларига эга. Бугун Нигиналарнинг уйига меҳмон келиши керак. Онаси харид учун бозорга кетди. Нигинага ширинлик пишириб қўйишини тайинлади. У барча зарур маҳсулотларни тайёрлаб ширинлик пиширишга киришди. Ширинликнинг хамири тайёр ҳолига келтирилгандан кейин уни пиширишга қолип йўқлиги ёдига келди. Ўзининг чиройли гул шаклидаги қолипини опаси олиб кетган эди. Уни олиб келиш учун ҳозир фурсат йўқ. Ширинликни тезроқ пишириш керак. – Ҳа айтганча, Лобарда бор эдию, деди Нигина енгил нафас олиб.
Лобар кўп куттирмасдан эшикни очди. – Салом Лобар, сенда ширинлик пишириш учун қолипинг бор эдия, деди Нигина ишонч билан. – Ҳа бор, деди Лобар, – Нима эди? – Ҳозир шошилинч керак бўлиб қолдида, ўзимники опамда эди, деди Нигина Лобарни “ҳозир олиб чиқаман” дея жавоб беришига ишонч билан. – Нигина мани ўзи битта қолипим бор, бир марта қўшнимиз Диёрага берганимда қорайтириб берган шундан буён уни ҳеч кимга бермайман деб қарор қилганман, – деди Лобар тез-тез гапириб. – Шу ширинлигингни қолипсиз эпласанг ҳам бўладию! – Лекин меҳмонларга… дедию Нигина ортиқча гапиришни фойдаси йўқлигини билиб – ҳа майли деганича тарвузи қўлтиғидан тушгандек уйига қайтди. Шу куни ширинлик ҳамма кутганидак чиқмаган бўлсада Нигинани ҳеч ким койимади. Онаси меҳмонларни кузатгандан кейин қизини чаққонлигини алқаб мақтади.
Орадан икки кун ўтди. Мактабда катта беллашувга тайёргарликлар бўлмоқда. Бугун барча синфлардан териб олинган қизлар бор маҳоратларини ишга солиб беллашадилар. Биринчи шарт ширинлик тайёрлаш, иккинчи шарт меваларни маҳорат билан безатиш. Иккинчи шартга келганда биринчи гуруҳ қизларининг орасида шовқин турди. “Лобар! деди гуруҳ сардори Карима исмли қиз жаҳл билан – Мевалардан барг ясайдиган пичоқни эҳтиётлаб ишлатгин дедимку сенга, мана синдирибсан, энди қандай ясаймиз, мағлуб бўлдикку! – Қизлар, нарги гуруҳ баргларини ясаб бўлибди улардан сўраш керак, – деди Фазилат исмли қиз мандаринни пўстларини ажратар экан. – Энди синдирган одамни ўзи улардан сўраб олиб келсин, бор Лобар! Карима ҳалиям жаҳлидан тушмаган эди. Лобар айбдорона нарги гуруҳ томонга юрди.
– Қизлар узр ҳормайлар, бизга мевалардан барг ясайдиган пичоғингларни бериб тура оласизларми, деди Лобар хижолат бўлиб. Бундай пайтда ҳар қандай жамоа рақибини қўллаб қувватлашни истамаслиги кундай равшан. – Кечирасан бериб тура олмаймиз деди гапга чечан қизлардан бири. –Бериб турамиз, деди қизлар орасидаги Нигина, бу мени пичоғим, ундан фойдаланиб бўлдик, бизга бошқа керак бўлмайди, ма ол Лобар… Лобар шу пайтда уятдан қизариб кетди, эшитилар эшитилмас “раҳмат” дедию ортига қайтди. Жамоадаги қизлар Лобарнинг пичоқ билан келганини кўриб мамнун бўлдилар. Бугунги мусобақа қизларнинг фаол иштироки сабабли барча жамоаларнинг муваффақияти билан якунланди. “Дўстлик ғалаба қозонди” деди Мактаб мудираси барча қизларга қимматбаҳо совғаларни тақдим этаркан. Лобар қаршисида турган Нигинага миннатдор бўлиб қараб турар, уни қийин вазиятдан сақлаб қолган дугонасига қандай раҳмат айтишни билмас эди. Ҳамма уй-уйига тарқалар экан, Лобар Нигинани ёлғиз қолишини кутиб турди. – Нигина, мен сени ёнингда жуда хижолатдаман. Бугун нафақат мени балки бутун жамоамизни ғолиб бўлишига ҳисса қўшдинг,- деди Лобар ер чизиб. – Хижолат бўлма, деди, Нигина Лобарни юпатиб, мен агар сенга пичоқни бериб турмаганимда, Қуръони Каримда Аллоҳ зикр қилган Вайл соҳибларидан бўлиб қолар эдим. – Кимлар экан улар, менга ҳам айт деди Лобар кўзларини катта-катта очиб. Нигина Маъун сурасини ушбу оятларини қироат қила бошлади:
فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّينَ (4) الَّذِينَ هُمْ عَنْ صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ (5) الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ (6) وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ (7)
4. Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки,
5. улар намозларини “унутиб” қўядилар,
6. Риёкорлик қилаадилар
7. Ва рўзғор буюмларини (кишилар омонатга сўрашганда) ман этадилар.[1]
– Нега шу гапларни ўзинг мендан ширинлик қолипини сўраган вақтингда айтмадинг? – деди Лобар овози бўғилиб, – Ҳар бир сўзни айтиш мавриди бўлади, муҳими бугун барчамизни жамоамиз ғолиб бўлди мен шундан хурсандман, кетдикми, деди Нигина ўйланиб қолган Лобарни қўлидан тутиб. Лобар бир сўз демасдан унга эргашди…
Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм
(Давоми бор)
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.






