14 январь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг бир гуруҳ талабалари Халқлар дўстлиги майдонида бўлиб қайтдилар. Бу ерда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Қуролли Кучлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилган.
Майдон бўйлаб турли ҳарбий машиналар, бронетранспортёрлар, техникавий қуроллар ва ҳарбий автожирлар жойлаштирилган. Шунингдек, ҳарбийлар дала ўқув йиғинлари шароитида қўллайдиган дала палаткаси ҳам тикланган бўлиб, бу манзара қизиқувчиларга ҳарбийлар ҳаёти ҳақида тасаввур беради.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон мудофаа қудрати йилдан-йилга ошиб бормоқда. Сўнгги йилларда мавжуд қурол-аслаҳа ва техникалар янгиланиб, модернизация қилинди. Ҳарбий тузилмалар фаолияти, ҳарбий қисм ва муассасалар инфратузилмаси яхшиланди. Замонавий талабларга жавоб берадиган дала ўқув майдонлари барпо этилди. Кўргазма билан танишиш асносида ҳарбий соҳанинг замон талабларига жавоб бериши давлат қудратининг мустаҳкам пойдевори, барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим омили эканини ҳис этасиз.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ орден ва медаллар билан тақдирланган ҳарбий хизматчиларга мукофотларни тантанали топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.


“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти матбуот хизмати.






