“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Эй бандаларим…” (Бир қудсий ҳадис шарҳи) китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Билим юрти мудири, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) М. Эркаев, маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А. Ғаниев ҳамда ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Жалоловлар иштирок этишди. Шунингдек, меҳмон устозлар — Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири
С. Примов ва “Абу Сахий” жоме масжиди имом-хатиби З. Мирсодиқов ҳам тадбирга ташриф буюрдилар.




Тақдимотни Билим юрти мудири Маъмуржон домла Эркаев кириш сўзи билан очиб берди. Маърузасида у ушбу асарнинг диний-маънавий меросимизни бойитишга хизмат қилишини таъкидлаб, ундаги мулоҳаза ва изоҳлар ўқувчилар қалбида Аллоҳга муҳаббат ҳамда бандалик масъулиятини мустаҳкамлашига алоҳида урғу берди. Шунингдек, домла китобда жамланган ҳикматли баёнлар ёшлар тарбиясида ва маънавий-маърифий ишлар амалиётида муҳим манба бўлиб хизмат қилишини эътироф этди.





Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Зиёвуддин домла Мирсодиқов ва Соатмурод домла Пиримов томонларидан китобнинг мазмун-моҳияти борасида фикрлар билдирилди. Улар асарнинг диний-маънавий тарбия йўналишида аҳамиятли қўлланма экани, унда келтирилган қудсий ҳадис шарҳлари ўқувчи қалбида эзгулик ва руҳий покликка ундовчи кучга эга эканини таъкидладилар. Билдирилган мулоҳазаларда китобнинг ёшлар тарбиясида, кенг жамоатчилик онгини бойитишда ҳам муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида китобнинг илмий ва маънавий аҳамияти яна бир бор эътироф этилиб, ушбу асар кенг китобхонлар оммаси, айниқса диний соҳа вакиллари ва талабалар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Тадбир иштирокчилари китобнинг келгусида янада кенг тарқалиши ва бошқа тилларда ҳам чоп этилиши хайрли иш бўлиши қайд этилди.
Тақдимот илиқ ва кўтаринки руҳда ўтиб, йиғилганларда асарга нисбатан чуқур қизиқиш ва маънавий завқ уйғотди.
И. Комилов
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Ахборот-кутубхона ресурслари билан хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси






