Ёдимда, бир нечта кўнгилли тенгдошларим билан ногирон болалар меҳрибонлик уйига боргандим. Ўшанда у ердаги аксарият болаларнинг ота-онаси гиёҳванд моддаларини истеъмол қилганлари учун шу ҳолга тушганларини тушуниш қийин эмас. У ердаги болалар шундай беғубор, шундай беозорки, улар ўз тарбиячиларини “ойижон” деб чақиришлари барчамизнинг қалбимизда оғриқли бир ачиниш ҳиссини юзага келтирди. Ҳаммамизнинг кўзимизга ёш келди. Мурғак қалб соҳибларининг беғубор кўзларида адоқсиз саволлар айланади, нега, нега…
Хўш бу гўдакларда нима айб? Нима учун улар бошқа болалар сингари ўз ота-оналари меҳрига ғарқ бўла олмайдилар. Бу саволларга қаердан жавоб олиш мумкин? Ана шундай аянчли натижаларга олиб келувчи нарса гиёҳвандлик эмасми? Наҳотки, инсонлар, ҳаром-ҳалол тушунчаларидан бехабар бўлса. Нима учун улар Аллоҳ берган буюк неъматни омонат эканлигини, Ўша омонатни бут-бутун топшириш кераклигини тушунмайдилар? Эй Нафс! Бунчалик бешафқатсан. Фақат ўзингни ўйлайсан. Сени деб дунёлар остин-устун бўлиб, кўм-кўк осмонни қора булут қоплайди. Натижада умр, балки умрлар завол кетади.
Ногирон болалар меҳрибонлик уйидан қайтгач, мени қийнаган бир неча фикрларни қоралашни ният қилдим. Аслида инсон учун сон саноқсиз неъматлар бериб қўйилган, ҳаммаси шу башарга хизмат қилади…
Наботот оламини олайлик. Унинг чекчиз яхшиликларидан ҳар инсон хушнуд ва баҳраманд. Аллоҳнинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. “Абаса” сурасида шундай марҳамат қилинади.: “Инсон ўз таомига назар солсин. Албатта, биз роса қуйиб қўйдик. Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик. Биз унда дон ўстириб қўйдик. Ва узум ва кўкларни ҳам. Ва зайтун ва хурмоларни ҳам. Ва тиғиз боғларни ҳам. Ва меваларни ва ўт-ўланларни ҳам. Сизларга ва чорваларингизга манфаат бўлсин, деб” (24-32-оятлар).
Бу борада, Аллоҳнинг розилигига эришиш учун, инсон наботот оламига нисбатан ёмон муомала Аллоҳнинг ғазаби ва иқобига олиб келади. “Тоҳо” сурасида Аллоҳ таоло: “У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган зотдир. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик. Енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир”, деб марҳамат қилган. (53-54-оятлар).
Дарҳақиқат, буларнинг барчаси Аллоҳнинг инсонларга берган жуда улкан инъомлари бўлиб, инсон уларга шукр қилмоғи лозим. Агар инсон мазкур неъматларни суиистеъмол қилса, умрини, вақтини зое кетказса, фарзандларнинг масъулиятини зиммасига олмаса, оиласи ғамхўрлигига бефарқ қараса, Аллоҳнинг берганларига ношукрчилик қилган бўлади.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиб, унга зарар етказмаслик, ҳамиша жамики яратилмишларни яхшилик учун тасарруф этиш юксак инсоний ҳислатлардан биридир. Бинобарин, юртимизда ҳукм сураётган хотиржамлик туфайли ҳар бир фуқаро ўз мавқеини, жамиятдаги ўрнини, мутахассислик ёки касбий фаолиятини топиши мумкин. Бироқ, инсон учун муҳим чегаралар белгиланган, ҳар бир инсон учун белгилаб қўйилган меъёр, ҳалол ва ҳаром… деган тушунчалар асосланиб қўйилган.
Барча инсонларни ҳам сара деб бўлмайди. Гуручда курмак бўлганидек, афсуски инсонлар орасида ана шундай мурғак гўдакларнинг заволига қолганлар топилади… Умрлар заволи, кўпчилик инсонлар ҳаётининг зомин бўлишига, ёстиқларининг қуришига, бегуноҳ болаларнинг кўз ёшларига сабаб бўлаётган энг хавфли омил “гиёҳвандлик”, ҳозирги кунда глобал муаммолардан бири бўлиши ҳам бежиз эмас экан, унинг энг ачинарли натижаси ана шу ногирон мурғаклар экан.
Шуни ҳеч унутмайликки, бу умр ғанимат, вақт ғанимат, соғлиқ ғанимат. Шу ғаниматларимизни ҳаромга алмашмайлик! Буюк муҳаддислардан бири Имом Муслим ривоят қилган. “Ҳар бир маст қилувчи ҳамр ҳаромдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир” деган ҳадисга мувофиқ ҳаром нарсаларни ўзимизга бегона қилайлик. Гўзал оламнинг гўзаллигидан, фарзандларнинг роҳатидан, Яратганнинг марҳаматидан бебаҳра қолмайлик.
Сўзимни Абу Райҳон Берунийнинг пурмаъно фикрлари билан якунлайман: “Инсонга энг яқин нарса унинг нафсидир. Шу нафс, энг аввало, ўзига яхшилик қилишга, кейин эса ўз розилиги билан теварагидаги энг яқинларига яхшилик қилишга интилиши керак. У ташқи кўриниш, ясама шуҳрат, сунъий обрў учун мурувват ва футувват кўрсатмасин”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Абдусаломов Хожимурод тайёрлади





