Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотларнинг пировард мақсади халқ манфаати, унинг порлоқ келажаги, жамиятда фаровон турмуш тарзини яратишдир. Бу борада қисқа вақт мобайнида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, диний ва миллий қадриятларни тиклаш, жамиятда дин эркинлигини қарор топтириш, диний бағрикенглик муҳитини шакллантириш каби масалаларда давлат сиёсати тўғри йўлдан бораётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Улар турли динларга эътиқод қилади. Барча дин вакиллари учун ибодат қилиш, таълим олиш имкониятлари қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилган. 1991 йил 14-июнда Ўзбекистонда дин эркинлигини ифода этувчи “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, 1998 йил 1-май куни бу қонун янги таҳрирда эълон қилинди. Мамлакатимизда дин ва эътиқод эркинлигини янада мустаҳкамлаш, қонун ҳужжатини халқнинг истаклари асосида янада мукаммаллаштириш йўлида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқ эътиборига ҳавола этилди. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида белгиланган масалалар аҳолининг эътиқод эркинлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга, диний ташкилотларнинг мустақил, эркин фаолият олиб бориши қонуний асослар билан кўрсатиб берилган. Қонун лойиҳаси инсонийлик, халқ манфаатлари, тенглик, бағрикенглик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, юртимизда дин ва эътиқод эркинлигининг мустаҳкам таянчи бўлиб қолади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим
муассассаси мудир ўринбосари А. Ғаниев






