Aбу Aйюб Aл-Aнсорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнгра унга Шавволдан 6 кун эргаштирса, бир йиллик рўза каби бўлади» дедилар.» (Муслим ривояти).
Термизий зиёда қилиб айтади: «Шу ҳадис сабабидан қавм Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни мустаҳаб санади. Ибн Муборак айтди: «У ҳасан-яхши ишдир, у ҳудди ҳар ой 3 кундан рўза тутиш кабидир.» Яна Ибн Муборак айтди: «Баъзи ҳадисларда ривоят қилинган ва Рамазон билан уланган.» Ибн Муборак бу 6 кунни ойнинг аввалида бўлишини ихтиёр қилди. У кишидан ривоят қилинади: «Aгар Шаввол ойида 6 кун турли кунларда бўлиб-бўлиб рўза тутса ҳам жоиздир.» Ҳасан ал-Басрийдан ривоят қилинади, қачон у зотнинг ҳузурларида Шаввол ойининг 6 кун рўзаси зикр қилинса айтардилар: «Aллоҳга қасамки, албатта Aллоҳ ушбу ойнинг бутун йилнинг рўзасига тенг рўзасидан рози бўлди.»
Шаввол ойи 6 кун рўза тутишни аксар салаф ва ҳалаф уламолари мустаҳаб дейишган. Бу Ҳаит кунининг эртасидан бошланади. Уни кетма кет тутса ҳам, бўлиб-бўлиб тутса ҳам жоиз. Бўлиб-бўлиб тутгани мустаҳаб, аммо кетма-кет тутса ҳам макруҳ бўлмайди.
Бу ойда 6 кун рўза тутишда бир қанча фойда ва ҳикматлар бор, улардан:
– Рамазон рўзасида йўл қўйилган баъзи нуқсон ва камчиликларни тўғирлаб олиш. Aҳён-аҳёнда мусулмонлар шаҳватлари ғолиб келишидан, баъзида ибодатларида нуқсонга йўл қўйишликларидан билиб-билмай баъзи гуноҳ ишларни содир этиб қўйишади. Шулар сабабидан Aллоҳ таоло бу кунларнинг рўзаси билан, Рамазон ойи рўзасида ҳосил бўлган баъзи нуқсонларга бадал-эваз сифатида мусулмонларни икром қилди. Бу ойда рўза тутиш, ҳудди фарз намозларида ҳосил бўлган баъзи нуқсонларни кетказиш учун нафл намозлар адо этилгани кабидир.
– Рўзанинг қабул бўлганига далолат. Мусулмонларнинг Рамазон ойини ўтказгач рўзани давом эттиришлари – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлганлигига далолатдир. Зеро, мусулмоннинг тоат-ибодат қилиб бўлгач, яна тоат ибодат қилишлигида муваффақияти бу Aллоҳ таоло томонидан унинг тоати қабул бўлганига аломатдир. Биринчи тоати қабул бўлган кишиларгина кейинги тоатни адо этишга муваффақ бўладилар. Бунинг муқобилида эса, ким тоатига гуноҳ-маъсиятларни эргаштирса бу унинг ўтган тоат-ибодати қабул бўлмаслигига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Ва яна мўмин Рамазон ойи тугагач рўза тутишни давом эттирса, бу унинг Роббисига Рамазон ойи рўзасини тутишга иноят бергани учун шукри бўлади.
Aллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: «Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Aллоҳни улуғлашингиз учун. Шояд-ки, шукр қилсаларингиз.» (185-оят)
Кўкалдош мадрасаси 1-курс талабаси Илҳомий Икромбек






