Бугунги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемияси афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Айни мураккаб даврда юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш учун жорий қилинган карантин ва бир қатор чекловлар натижасида шукрки, касалликнинг тарқалиши паст даражада сақланиб турибди.
Эпидемия сабаб жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит бўлишини маълум қилиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти эълон қилинди. Ҳайит намозининг ўрнига “зуҳо” номли нафл намоз ўқиш тавсия қилинди.
Шариатда фарз ва фожиб бўлган ибодатларни ўз вақтида адо қилиши мажбурий. Мусулмон инсон учун масалан беш вақт намозни ва рамазон рўзани узрсиз ҳолда тарк қилишга ёки кечиктиришга ихтиёр берилмаган. Мусулмон инсон фарз ва фожиб амалларни ўз вақтида бажариш билан зиммасидага мажбурият ўзидан соқит қилган бўлади.
Шариатимизда мана шу мажбурий ибодатлар билан бирга ихтиёрий ибодатлар ҳам бор. Ихтиёрий ибодатларни “Нафл ибодатлар” деб ноланади. Уларнинг ҳукми мустаҳаб бўлади. Бу амални ихлос ва эътиқод билан қилган банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади, Аллоҳ уни яхши кўради ва ўзига яқин бандалар қаторига қўяди.
Ана шундай мустаҳаб намозлардан бири зуҳо намозидир. Унинг фазилати ҳақида бир неча ҳадиси шарифлари ривоят қилинади. Улардан бирида қуйдаги ҳадиси қуддусий ривоят қилинади.
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ ، وَأَبِي ذَرٍّ ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ اللهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى أَنَّهُ قَالَ : ابْنَ آدَمَ ارْكَعْ لِي أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ مِنْ أَوَّلِ النَّهَارِ أَكْفِكَ آخِرَهُ.
Абу Дардо ва Абу Зарр розияллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: Пайғамбарсоллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Эй одам фарзанди, мен учун куннинг аввалида тўрт ракъат ўқигин, куннинг охирида сенга кифоя қиламан”, деди”.
Яна бошқа бир ривоятда унинг фазилати қуйдагича баён қилинади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ حَافَظَ عَلَى شُفْعَةِ الضُّحَى غُفِرَ لَهُ ذُنُوبُهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ البَحْرِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зуҳонинг бир жуфтига доим бўлса унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади”, дедилар.
Зуҳо намозини қуёш чиқиб бир миқдор кўтарилгандан сўнг завол (соат 11:30) вақтигача тўрт, саккиз ёки ўн икки ракъат ўқиш мумкин бўлади. Ҳайт кунлари ҳайт намози мана шу зуҳо намозининг ўрнига жорий бўлган, шунинг учун ҳайт кунлари зуҳо намози ўқилмайди. Яъни зуҳо намозини ўқиш макруҳ бўлади.
Аммо, бугун коронавирус инфексияси сабаб юртимиздаги карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда жамоат бўлишимиз мумкин эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабида ҳайит намозини адо этиш учун жамоат шарт қилинган. Шу сабабли, ҳайит намозини ёлғиз ўқиб бўлмайди. Фақийлар китобларида: “Ҳайит намозига улгура олмаган кимса ёлғиз ўзи ҳайит намозини ўқий олмайди. У ҳоҳласа тўрт ракъат зуҳо намоз ўқийди”, дейилади. Бу нарса худди жума намозига улгурмаган кимса, ўша вақтнинг пешин намозини ўқигандек, ҳайт намозига улгурмаган кимса, ўша вақтнинг зуҳо намозини ўқийди, деганидир.
Демак, биз узр сабабли бу йилги ҳайт намозини ўқий олмасакда, унинг ўрнига зуҳо намозини ўқишимиз мумкин.
Жалолиддин Холмўминов, “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






