Бир куни ансорийлардан бўлган бир киши Росулуллоҳ ﷺ ҳузурларига келиб, садақа сўради. Унга Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Уйингда бирон нарса йўқми?” Aнсорий айтди: “Уйимда бир намат бор, уни устимизга ёпамиз, ва бир сопол коса бор ундан ичамиз.” Бас, Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “У иккисини менга келтир.” Киши у икки нарсани бориб олиб келди. Росулуллоҳ ﷺ “Ким бу иккисини сотиб олади?” дедилар. Бир киши: “Мен бу иккисини 1 дирҳамга оламан” деди. Росулуллоҳ ﷺ : “Ким зиёда қилади?” дедилар ва буни 3 мартта қайтардилар. Бир киши “У иккисини 2 дирҳамга оламан” деди ва унга бу икки нарсани сотдилар. Сўнгра Росулуллоҳ ﷺ ҳалиги ансорийга 2 дирҳамни бердилар ва: “Бир дирҳамга аҳлингга таом сотиб ол, иккинчисига эса бир болта сотиб олиб менга келтир” дедилар. Киши болтани олиб келганида Росул ﷺ болтани олиб бир новдани кесдилар, сўнгра айтдилар: “Бор, ўтин қил ва сот. Сени 15 кун кўрмайин.” У киши Набий ﷺ нинг насиҳатларини ўзига жорий қилди ва 15 кундан сўнг келди. Унда неъмат асари бор эди. Унга Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Бу сенга қиёмат куни юзингда сўрашлик (тиланиш) аломати билан келишингдан яхшироқдир”.
Ҳадисдаги кўрсатмалар:
1 – Тиланчилик мусулмонга лойиқ бўлмаган ҳорлик ва ориятдир. Ислом мусулмонга дангасаликни мақъбул деб билмайди. Модомики меҳнатга қодир экан, унга тиланишни ҳаром қилади.
2 – Меҳнат шарафдир, ибодатдир, хоҳ кенг бўлсин, хоҳ ҳақир бўлсин.
3 – Меҳнат қилувчилар маҳбуб (яхши кўрилган)дирлар, чунки улар ўзлари ва жамият учун ҳизмат қилишмоқда.
4 – Сўровчи, тиланчилар эса мазаммат қилингандирлар. Зеро улар куч қувватлари бўла туриб, ўз ризқларини шарафли меҳнатсиз ҳосил қилишмоқда.
1-курс талабаси Илхомий Икромбекнинг “Ат-Тарбиятул Исламийя” китобидан эркин таржимаси.






