“Қомус”нинг муаллифи Мажд Ферузободийнинг таржимаи ҳолида келишича, у киши Дамашқда “Саҳиҳи Муслим”ни уч кунда ўқиб тугатган экан. Уни қуйидаги байт билан тасвирлаган: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, “Саҳиҳи Муслим”ни ислом шаҳарларидан бири Шомнинг маркази Дамашқда ўқиб тугатдим. Уни Носириддин Имом ибн Жаҳбалга машҳур ҳадис ҳофизлари ҳозир бўлган даврада ўқиб бердим. Аллоҳнинг фазли ва тавфиқи билан уч кунда ўқиб тугатдим”.
Ҳофиз Абу Фазл Ироқий “Саҳиҳи Муслим”ни Муҳаммад ибн Имоил Хаббозга Дамашқда олтита мажлисда ўқиб берган. Охирги мажлисда китобнинг учдан биридан кўпроғини ўқиб берган. Бу Ҳофиз Зайниддин ибн Ражабнинг иштирокида бўлган. У киши ўзидаги нусхани солиштириб турган.
“Тарихи Заҳабий”да Исмоил ибн Аҳмад Ҳиярий Найсобурийнинг таржимаи ҳолида шундай дейилади: “Хатиб Бағдодий “Саҳиҳи Бухорий”ни Кашмиҳанийдан эшитган ривояти билан Маккада Исмоил ибн Аҳмадга учта мажлисда ўқиб берди. Икки мартасини икки кечада, Шом намозидан кейин бошлаб бомдод намозигача ўқиди. Учинчи мартаси эрта тонгдан қуёш чиққунча ўқиди. Имом Заҳабий айтади: “Бу бизнинг замонимизда ҳеч ким қилолмайдиган ишдир”.
Имом Саховий айтади: “Устозимиз Ибн Ҳажарнинг қироатдаги ҳолати устози луғат илмининг билимдони Шайх Мажднинг ҳолатидан ҳам юксакроқ бўлган. “Саҳиҳи Бухорий”ни (қумли соат билан) қирқ соатда ўқиган. “Саҳиҳи Муслим”ни тўртта мажлисда ўқиб тугатган. “Сунани Ибн Можа”ни тўртта мажлис, Насоийнинг “Сунанул Кубро”сини ўн мажлисда ўқиган, ҳар мажлис тўрт соат атрофида бўлган. “Саҳиҳи Бухорий”ни ҳам ўнта мажлисда ўқиган. Ҳар бир мажлис тўрт соатдан бўлган. Бундан ҳамтезроғи, Ибн Ҳажар Шомга қилган сафарида йўлда Табаронийнинг “Муъжамус сағир”ини пешин билан аср намози оралиғидаги бир мажлисда ўқиб тугатган. Бу китоб бир жилддан иборат бўлиб, бир минг беш юз атрофида ҳадиси бор”.






