Маҳоратли Озарбайжонлик ёзувчи Юнус Ўғузнинг “Амир Темур” номли икки жилддан иборат тарихий романини мутолаа қилиш жараёнида, буюк саркарда Амир Темур тўғрисида қимматли маълумотлар эътиборимни тортди.
Жумладан, ушбу асарнинг «Дунёнинг ҳокими» деб аталмиш 2-жилдида Амир Темур ва машҳур араб тарихшунос олими Ибн Холдун ўртасидаги суҳбат ҳар бир ўқувчининг бу улуғ сиймо ҳақидаги фикрларини остун-устун қилиб юборади, десак муболаға бўлмайди. Унда ёзилишича, Амир Темур Миср ўлкасини узоқ қамалдан кейинги оғир жангдан сўнг қўлга киритгач, бу араб диёрида бош бўлиб турган амалдорлар саркарданинг илм аҳлига ихлоси зўрлигини билиб, унинг ҳузурига афв сўрашни илтимос қилиб, ушбу юртда донғи чиққан олим Ибн Халдуннни жўнатишади. Амир Темур Ибн Халдунни иззат-икром кўрсатган ҳолда кутиб олгач, унга ислом тарихига тегишли шу пайтгача жавоб топиб кела олмаган бир нечта саволлар бериб, етарлича жавоблар олади. Суҳбат сўнгида Ибн Халдун ташриф мақсадини баён қилиб, Миср аҳлига оммавий авф сўрайди. Маърифатпарвар саркарда олимдан хоразмийлар тарихини ёзиб бериш эвазига унинг илтимосини бажаришини айтади. Бу таклифдан хурсанд бўлган тарихчи Амир Темурга кўпдан-кўп миннатдорчилик билдириб, бу хушхабарни етказиш учун ўз аҳли ҳузурига ошиқади.
Кейинчалик, Ибн Халдун Амир Темур тўғрисида ўз фикрларини билдирар экан, у билан бўлган суҳбатдан сўнг ўз ҳайратини яшириб ўтирмайди.
Шунингдек, тарихчи ҳукмдорни нафақат енгилмас қўмондон сифатида танилганига, балки ислом тарихи, умуман, тарих соҳасида ҳам кучли билим соҳиби эканлигига гувоҳ бўлади. Инчунин, Ибн Халдун кўпчилик наздидаги золим, қонхўр Амир Темур шахсияти ўрнига, адолатли, мулоҳазали олим ҳукмдор сиймосини топади ва асарларида буни эътироф қилишдан чарчамайди.
Ушбу билдирилган фикрларни биз юқорида тилга олган «Амир Темур» романидаги улуғ саркарданинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчимиз: «Мен ғалабаларимнинг ўндан тўққиз қисмини қилич билан эмас, маслаҳат билан олдим».
3В курс талабаси Раҳимов Шерзод






