SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари
22.12.2023 / Bo‘limda Hadis, Maqolalar

Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

 «لا تَحَاسَدُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا، وَلا تَبَاغَضُوا، وَلا تَدَابَرُوا، وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ: لايَظْلِمُهُ، وَلا يَكْذِبُهُ، وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَهُنَا – وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرّاتٍ – بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ».

 (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз,[1] ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг бандалари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир.

(Имом Муслим ривояти).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломий биродарлик фақат баландпарвоз сўзларда қолиб кетишини истамаганлар. Бинобарин, юқоридагидек кўрсатмалари билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳаётий ҳақиқатга айлантирдилар. Ислом илгари сурган ушбу улуғ ғоянинг ҳаётийлиги ва ҳимояси учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ йўлланмалар бердилар. Токи Исломий биродарлик воқеликда ўзининг ажойиб таъсирлари билан намоён бўлсин! Токи у хаёлий бир орзу бўлиб қолмасин! Шу боис ҳам имом Нававий мазкур ҳадисни жуда фойдали ва сермазмун деб мақтаган эдилар. Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Ушбу ҳадис беҳад фойдали ҳамда буюк асос ва мақсадларга ишора қилувчи ривоятдир. У ўзининг мазмун-моҳияти билан барча Ислом аҳкомлари ва одоб-ахлоқини қай бир кўринишда ифода этиб турибди”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

  1. Ҳасад қилманглар
  2. Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги
  3. Ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз
  4. Бир-бирларингиздан юз ўгириб, ўртадаги алоқани узмангиз!
  5. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
  6. “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!”
  7. Мусулмонниг биродари қаршисидаги вазифалари
  8. Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар
  9. Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати

10. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди

  • Ислом нафақат ақида ва ибодат, балки у ахлоқ ва муомала ҳамдир.
  • Ислом шариатида ярамас хулқлар ҳалок қилувчи гуноҳ саналади.
  • Аллоҳ таоло бандаларини ният ва амал деган нозик мезон асосида тортиб кўради ва шунга кўра ҳукм чиқаради.
  • Аллоҳдан қўрқув қалбда бўлади.

1. Ҳасад қилманглар

а) Ҳасаднинг луғавий ва шаръий таърифи:

Бир кишида бор бўлган неъмат ундан кетиб, ўзига ёки бошқа бировга ўтишини орзу қилмоқ ҳасаддир.

Бу ярамас хулқ инсон табиатида бор нарса. Чунки инсон ўзидек бир кишининг фазилатда ундан ўтиб кетишини истамайди.

б) Ҳасаднинг ҳукми

Олимлар ҳасадни ҳаром дейишади. Унинг ҳаромлигига Китобу Суннатдан бир қанча далиллар келтириш мумкин:

“Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни иймонли бўлганингиздан кейин, уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан сўнг ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди”. (Бақара сураси, 109-оят).

“Ёки одамларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага ҳасад қиляптиларми?!” (Нисо, 54-оят).

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ўзаро нафрат-адоват орангизга суқилиб кирди. Нафрат-адоват қирувчидир. У сочни эмас, динни қиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, то бир-бирларингизни яхши кўрмас экансизлар, мўмин бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар: Саломни ўртангизда кенг ёйингиз!” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ёғочни – ёки ўт-ўланни, дедилар – ямлаганидек яхши амалларни ейди”. (Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Ўтган умматлар касали ҳали менинг умматимга ҳам тегади.

– Ё Расулуллоҳ, уларнинг касали нима эди? – сўрашди саҳобалар.

– Кибр-ҳаво, ношукрлик, мол-дунё тўплаш мусобақаси, ўзаро адоват-ҳасад… Кейин зулм-бузғунчилик бўлади, сўнг алғов-далғов. (Ҳоким ва бошқалар ривояти).

в) Ҳасад нима сабабдан ҳаром қилинган?

Ҳасад – Аллоҳ таолога эътироз ва Унга қайсарлик қилишдир. Ҳасадгўй Аллоҳнинг ишини барбод этишга, фазлу марҳаматини йўққа чиқаришга уринади.

Абу Таййиб бундай деган:

Ер юзида энг золим ҳасадгўй бўлур,

Неъматга кўмилганни кўролмай ўлур.

Ҳасадгўйнинг золимлиги шунда кўринадики, аслида у ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам соғиниши керак эди. Аниқки у ўзига берилган неъмат йўқ бўлишини хоҳламайди. Аммо у биродаридаги неъмат йўқ бўлишини орзу қилиб, унинг ҳаққини поймол этди.

Ҳасадгўй учун байрам йўқ. У беҳуда нарса учун хафа бўлади, ҳаром йўл билан ўзини азоблайди. Бировни кўролмаслик пасткаш кимсаларга хос хулқдир.

г) Ҳасадгўйлар уч қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Улар бировга тиллари ёки қўллари билан зулм қилиб, унга берилган неъматни йўқотиш пайида юрадилар. Айримлари бировнинг молига ҳасад қилиб, уни ўзиники қилиб олишга уринади. Энг ярамас, энг жирканч тоифаси эса бировнинг молини ўзиники қилиб олишга уринмайди. Унинг бутун ҳаракати бировга берилган неъматнинг заволига қаратилади.

Иккинчи қисм: Улар гарчи бировга ҳасад қилсалар-да, асло ҳасадларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмайдилар. На тил ва на қўл билан ҳасад қилаётган кишиларига зарар-зулм етказмайдилар. Ҳасан Басрийдан қилинган бир ривоятда бундай ҳасад учун киши гуноҳкор бўлмайди, дейилган. Бироқ у ривоят заиф йўллар билан етиб келган. Бу турдаги ҳасад икки хил бўлиши мумкин:

а) Агар киши ҳасадига мағлуб бўлиб, ундан сира қутула олмаса, бундай ҳаракатсиз ҳасади сабабли гуноҳкор бўлмайди.

б) Агар кимса биродарига берилган неъматнинг заволини кўриб, роҳатланса, у худди маъсиятга қаттиқ аҳд қилувчи кабидир. Ҳасаднинг бу тури учун азоб бўлиши ёки бўлмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Айни ҳасад кишини тил билан бировга озор беришга олиб бориши мумкин. Ана унда ҳасадгўй сўзсиз гуноҳга ботади. Баъзан киши ўзи ҳасад қилаётган биродарининг даражасига етишиш учун олға ташланади. “Ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса эди…” дедилар”. (Қасас сураси, 79-оят).

Ҳасад қилинаётган даража Охиратга тегишли бўлса, бу яхши ҳавасдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва ҳалиги киши кечаю кундуз Қуръон билан қоим бўлса!” (Бухорий ва Муслим ривояти). Учинчи қисм: Улар қалбларида ҳасад пайдо бўлганини сезишлари билан уни йўқотишга киришадилар. Бундай киши биродарига қўлидан келганича яхшилик қилади, унинг ҳақига дуода бўлади ва фазилатини ёяди. Қалбида уйғонган ҳасадни кетказишга интилади, охири ундаги ҳасад ўрнини “шу мусулмон мендан яхшироқ ва афзалроқ экан”, деган маънодаги меҳр-муҳаббат эгаллаб олади. Албатта, бу иймоннинг олий даражалари намунасидир. Ўзи учун яхши кўрган неъматни биродарига ҳам астойдил соғинадиган комил иймонли зотларгина ана шундай йўл тутадилар.


[1] Бу ерда молни сотиб олиш нияти бўлмаган кишининг бозорда овозини кўтариб мол учун қиммат нарх сўраши назарда тутилган. Аслида унинг молни сотиб олиш нияти йўқ, балки бу билан бировга зарар бермоқчи.
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси

What you can read next

Келинг, сийратни ўрганамиз!
Келинг, сийратни ўрганамиз!
Alloh taoloning adolati, fazli va qudrati (1-qism) Hadis matni va roviysi haqida
Ўзбекистон ШҲТда илгари сурган ташаббуслар 54 тага етди
Ўзбекистон ШҲТда илгари сурган ташаббуслар 54 тага етди

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP