Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш – қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берурмиз. Албатта улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси, 13-оят).
“Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларигина Фиръавн ва амалдор зодагонларнинг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос”(Юнус сураси, 83-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан илгари ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлиғингни, камбағал бўлиб қолишингдан олдин бойлигингни, машғул бўлишингдан олдин бўш вақтингни, ўлим келишидан олдин ҳаётингни”, дедилар (Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти).
Дарҳақиқат, Қуръони карим Аллоҳ таолотомонидан бутун инсониятга ҳидоят ўлароқ нозил қилинган. Бинобарин, Қуръони карим мусулмонлар ҳаётида ҳақиқий дастури бўлиши лозим. Негаки, оламларнинг Робби бўлган Зотнинг Ўзи Қуръони каримнинг аввалидаёқ ушбу Китобда ҳеч бир хато ва шак-шубҳа йўқлигини очиқ-ойдин баён қилади: “Алиф. Лаам. Мийм. Бу Китобда шак-шубҳа йўқ, У тақводорларга ҳидоятдир”(Бақара сураси, 1-2 оятлар).
Мусулмонлар барча ишларда ўз ҳавойи нафсларига эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган илоҳий кўрсатмаларга суянадилар. Хусусан барча даврларда долзарб ва ўта аҳамиятли саналган ёшлар ва уларнинг тарбиясига оид масалаларда ҳам.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизни заифликда яратган сўнгра заифликдан сўнг қувватлик қилган сўнгра қувватликдан кейин заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У ўта илмли ва ўта қувватлидир”(Рум сураси, 54-оят).
Аллоҳ таоло инсонни дастлаб заифликда, яъни кучсиз қувватсиз гўдак ҳолида яратиб, сўнгра унга ўсмирлик, ёшлик куч-қувватини ато этади. Гўдакликдаги заифлик ҳам ақлан, ҳам жисмонан заифликни ўз ичига олади. Кейин эса Аллоҳ таоло унга ақлий ва жисмоний қувватни мукаммал қилиб беради. Қуръон каримда зикр қилинган ёшлик эса инсон умрининг ҳам жисмоний, ҳам ақлий қувватни ўз ичига олган даврини англатади.
Ёш мусулмондаги ақлий қувват ҳаётда ўзи йўлиқиши мумкин бўлган муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишга ёрдам беради. Жисмоний қуввати эса, унга ўзи орзу қилган мақсадлари сари дадил одимлашга кўмаклашади. У гапирганда юмшоқлик ва оҳисталик ила гапиради, бирон нарса борасида изланса шижоатла ҳаракат қилади ва мақсад қилганига эришмай қўймайди.
Суйганлари орасида ўзини майин ипакдек мулойим тутса, ўзи ёқтирмаганлар орасида ўзини метиндек салобатли ва виқорли тутади.
У Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юксак иймонини, Али розияллоҳу анҳунинг куч-қуввати ва шижоатини, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг зуҳд ва тақвосини ҳамда Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг садоқатини ўзида мужассам этади.
Ёш мусулмон жамият орасида фаросати, одоб-ахлоқи билан танилади. У тунларини ибодат, саҳарларини эса дуо ва истиғфор билан ўтказиб, солиҳ амалларни қилишда фаришталар билан беллашади.
Ёшлар Қуръони каримда ақлан ва жисмонан баркамол, иймон ва ҳақ узра илғор ва собитқадам инсонлар сифатида гавдаланади.
Саҳобаи киромларнинг деярли барчалари куч-қувватга тўлган ёш йигитлар бўлишган. Улар Аллоҳ таоло ато қилган ақлий ва жисмоний қувват ёрдамида ҳаётдаги, иймон йўлидаги оғир синовларни енгиб ўтиб, ҳақиқий саодатга эришганлар.
Мисол тариқасида тарихда бўлиб ўтган қуйидаги воқеани эслаб ўтиш ўринли: Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу бошчилигидаги бир гуруҳ саҳобалар румликлар қўлида асир тушишди. Рум подшоҳи Қайсар Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуга: “Насронийликни қабул қил, йўқса сени ёғ қайнаб турган мис қозонга ташлайман”, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуунга шундай жавоб қайтардилар: “Асло! Сизлар чорлаётган нарсадан кўра ўлим менга минг карра афзал”.
Бундан ғазабланган Қайсар асир тушган мусулмонлардан бирини қозон олдига олиб келишни буюрди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуни яна бир бор насронийликка ундади. У зот яна бош тортгандилар, Қайсар асирни қозонга улоқтиришга амр этди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳунинг кўз ўнгида унинг суяклари этидан ажралиб кетди.
Қайсар у зотга яна: “Насронийликни қабул қил”, дея хитоб қилди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу сафар ҳам: “Асло қабул қилмайман”, деб жавоб бердилар. Қайсар эса у зотни қозонга улоқтиришларига амр этди. Шунда у зот йиғладилар. Қайсар бундан умидланиб, хизматчиларига у зотни ортга қайтаришларини буюрди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу унга қарата шундай дедилар: “Мени бу ишдан қўрқиб йиғлади деб ўйлама, мен аслида Аллоҳ учун бу ишни қила оладиган жоним атиги битта бўлгани учун йиғлаяпман. Мен жоним соч толаларим ададича кўп бўлишини, кейин менга бу ишни қайта-қайта қилишингни хоҳлардим”.
Қайсар Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан ҳайратланди ва у зотга: “Насронийликни қабул қилсанг, сенга ўз қизимни никоҳлаб бераман, мол-мулкимнинг бир қисмини сенга инъом қиламан”, деди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу Қайсарнинг бу таклифига: “Ҳой! Агар менга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан қайтишим учун ўзинг ва ажамларнинг барча мол-мулкини берсанг ҳам ундан сира қайтмайман”, деб рад жавобини бердилар.
Шунда Қайсар: “Агар бошимни ўпсанг, шунда сени ва яна саксонта мусулмонни ҳам озод қиламан”, деди. У зот: “Шунинг ўзими? Майли”, дедилар-да, унинг бошини ўпдилар ва Қайсар келишувга биноан у зотга қўшиб саксонта асирни қўйиб юборди.
Асир тушган саҳобалар озодликка эришиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келишди. Умар розияллоҳу анҳу бўлиб ўтган воқеани билгач, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳунинг олдиларга бориб, Румда қилган ишлари учун у зотнинг бошларидан ўпдилар.
Кейинчалик бошқа саҳобалар Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу билан “Эшакнинг бошидан ўпгансан-а”, деб ҳазиллашишарди. У зот розияллоҳу анҳу эса: “Ана шу ўпишим сабабли Аллоҳ саксонта мусулмонни озод этди”, дердилар.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, бироқ қалбимизни ўртайдиган бир ачинарли ҳолат борки, ҳозирги кунда аксар ёшлар ҳаётларининг энг мазмунли даврини ҳойи-ҳавасга эргашиш, мол-дунё ортидан қувиш, қиз-жувонлар билан айшу-ишрат қилиш каби беҳуда ва гуноҳ ишлар билан ўтказиб юбормоқдалар.
Саҳобаи киромлар давридаги ёшлар билан ҳозирда ўз ақлини ишлатишга уриниб ҳам кўрмайдиган баъзи ёшлар ўртасидаги фарқ тушунарли бўлиши учун бир олим зотнинг ушбу ҳикоясига назар солиб кўринг-а:
“Кунлардан бир кун кечки соат учда ногоҳ эшик қўнғироғи чалинди. Шошиб чиқдим. Қарасам, бир йигит менга “Сиз устоз Муҳаммадми-сиз?”, деяпти. Мен “Ҳа” дедим. У сўзида давом этиб: “Устоз! Мен беш йил илгари сизнинг мавъизаларингизда қатнашиб, кейин ажралиб кетган фалончиман, мени танидингизми?”, деди. Мен унга таниганимни айтдим. Қаршимда айни дамда чамаси йигирма-йигирма беш ёшлардагийигит турарди. “Устоз! Мен сизга жуда ҳам муҳтожман”, деди-да, йиғлаб юборди. Мен уни бир оғир дардга чалинган ёки бирор мудҳиш жиноят содир қилиб қўйган бўлса-я, деб қўрқдим. Сўнг уни тинчлантириб: “Қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади. Қани айтчи, нима бўлди ўзи?”, деб сўрадим. У:“Мен бир қизни севиб, унга қаттиқ боғланиб қолдим. Унга уйланмоқчиман, лекин отам кўнмаяпти. Шу икки кун ичида унга яна бошқа биров совчи қўймоқчи. Отамни эса ҳеч ким кўндира олмаяпти, ёлғиз умидим сиздан”, деди-да, яна йиғлай бошлади.
Мен унинг қалбига таскин бериб: “Ҳозир вақт алламаҳал бўлиб қолди, барибир ҳеч нарса қила олмаймиз, бориб ухла, эртага кундузи соат ўн бирда масжидда учрашамиз”, деб айтдим. У рози бўлди.
Эртаси куни келишувга мувофиқ масжидга бордим. Қарасам, у мени кутиб ўтирган экан. Мени кўриши билан тезда олдимга келиб, худди чўкаётган одам қутқарувчисини тутганидек маҳкам қучоқлаб олди, сўнг йиғлаб юборди. Шунчалик йиғладики, ерга йиқилиб тушай деди. “Ҳой, тинчлан, одамлар қараб турибди” дегандим, жим бўлиб, ерга ўтирди. Кейин ундан сўрадим: “Қани айтчи, у қиз ким, қаерда ўқийди? Отаси ким? Дини нима? Хулқ-атвори қандай? Ёши нечада?..”.
Маълум бўлишича, у қиз аслида бузуқ қиз бўлиб, йигитни ўзининг сохта ва ширин сўзлари, ёлғон мактублари билан алдаб юрган экан. Бинобарин, у бу йигитга хулқ ва дин жиҳатидан ҳам, илм ва насаб тарафидан ҳам асло муносиб эмас эди.
Мен йигитнинг оиласидагилар билан учрашдим. Биргаликда кўп уринганимиздан кейингина уни бу ишдан қайтаришга муваффақ бўлдик”.
Қуръонни ўзига дастуриламал қилган ёшларнинг ақли теран, жисми бақувват, иймони мустаҳкам, азму қарори кучли бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғор эгалари каби ёшларни мисол келтириб, бизни улардек амал қилишга ва уларнинг йўлларини тутишга чақиради. Қилган ишлари улуғлиги ва даражалари юқори бўлгани учун Аллоҳ таоло уларнинг қиссасини Қуръонда қиёмат кунигача, ҳаттоки жаннатда ҳам тиловат қилинадиган қилиб қўйди.
“Каҳф” сурасидаги зикр қилинган ёшлар румлик аслзода ва олийжаноб кишиларнинг фарзандлари эди. Улар қавмлари сиғинадиган бутларга ибодат қилишдан юз ўгирдилар ва жамиятларида авж олган ботил амалларни тарк қилдилар. Қавмлари томонидан тазйиққа учраганларида ҳақ эътиқодларини асраш учун ғорга беркиндилар. Дунёнинг ўткинчи лаззатларига эътибор бермадилар, шаҳватларга берилмадилар ва маломатчиларнинг маломатидан қўрқмадилар. Аллоҳ уларни иймон йўлида собитқадам бўлишда бутун олам аҳлига намуна қилди.
Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик. Уларнинг қалбларини мустаҳкамладик”(Каҳф сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло иймонлари сабабли уларнинг ҳидоятларини зиёда қилди!
Аллоҳнинг аҳдига вафо қилганлари учун Аллоҳҳам уларнинг аҳдларига вафо қилди!
Аллоҳга ёрдам берганлари учун Аллоҳ ҳам уларга ёрдам берди!
Аллоҳга яқин бўлишни истаганлари учун Аллоҳ ҳам уларга яқин бўлди!
Аллоҳ уларнинг қалбларидаги иймонни мустаҳкам қилди, сабр билан қувватлади. Шу сабабли ватанлари, оилалари ва биродарларидан айрилиш изтиробига сабр қила олдилар. Хавф-хатарнинг ортиши ва кофирларнинг кўплиги уларни қўрқувга солмади.
Агар ғор соҳиблари бўлган йигитлар сабр қилишдан юз ўгиришганида эди, Аллоҳ таоло ҳам ҳақ йўлдан қалбларини буриб қўйган бўларди.
Дарҳақиқат, ғор соҳиблари бўлган йигитлар умрларининг энг кучга тўлган даврини Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида сарфладилар ва ўз мақсадларига эришдилар ҳам.
Муриҳ ибн Масруқ роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бирон бир ёш йигит дунё лаззатлари ва ўйин-кулгуларини тарк этиб, ёшлик чоғини Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун сарфлар экан, Аллоҳ таоло унга сиддиқларга берган ажри мислича савоб беради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида қиёмат кунида Аллоҳ таоло Ўз арши сояси билан соялантирадиган етти тоифа инсонларни санадилар. Улар ичида ёшлигини ибодат билан ўтказган йигитни ҳам зикр этдилар. Бу нақадар улуғ даража!
Азиз ёшлар! Сиз ўз тоатингиз ила Аллоҳ таолонинг наздида азиз-у мукаррам бўласиз. Илм олиш ва унга амал қилиш билан улуғликка эришасиз. Модомики сиз ҳидоят йўлида бардавом бўлар экансиз, Ҳақ таолонинг Ўзи сизни ҳамиша қўллаб-қувватлайди!
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари”
номли туркум маърузалари асосида
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ва 3-курс талабалари томонидан таёрланди.






