“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 7 январь куни билим юрти мудири, мудир ўринбосарлари, тарбиячи-мураббийлар ҳамда гуруҳ раҳбарлари ва талабалар иштирокида “Диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоби” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда “Диний таълим тизимида эришилган ютуқлар”, “Диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар” ҳамда “Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга “Эл-юрт ҳурмати” ордени топшириш тўғрисидаги Президент Фармонининг мазмун-моҳияти” каби масалалар муҳокама этилди.
Йиғилишни кириш сўзи билан билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев очиб берди ва мавзу юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Билим юрти мударриси А.Жумабоев “Диний таълим тизимида эришилган ютуқлар” мавзусида, Ж.Холмўминов “Диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида маъруза қилди.
Билим юрти мудири М.Насриев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилиб, унинг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклаб, “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, муфтий ҳазратларининг мамлакатимизда Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари нафақат юртимиз ва Марказий Осиёда, балки дунё миқёсида тан олинган нуфузли уламолардан бири экани, унинг Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайлангани, “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани бутун Ўзбекистон халқига улкан фахр бағишлаши таъкидланди. Йиғилганларга Ўзбекистон 24 телеканалида тайёрланган шу мавзудаги репортаж намойиш этилди.
Йиғилиш сўнггида билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев сўзга чиқиб, мударрислар, ходимлар ва талабаларни билим юрти ички тартиб-интизом қоидаларига мунтазам риоя этишга, дарсларга ўз вақтида келиб мунтазам қатнашишларини айтиб ўтди. Давоматга эътиборли бўлиш, узрли сабабларсиз дарс қолдиришга чек қўйиш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди. Одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишлари лозимлиги таъкидланди. Бугун диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик даврида айрим ноўрин фикрларнинг пайдо бўлиши, жамиятда баъзир бир шахсларнинг диний фаолиятга нисбатан нохолис фикрларни билдириши, ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакилларига нисбатан уйдирма ва салбий муносабат оқибатида оддий аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келаётганини, бундай фитналардан доим огоҳ бўлиш лозимлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, мударрислар ва талабаларни интернет тармоғидан фойдаланишда огоҳликка чақириб, ҳар хил турдаги ишончсиз, нохолис маълумотлардан фойдаланмаслик, тавсия этилмаган веб-сайтлардан умуман фойдаланмасликлари қатъий айтиб ўтилди. Талабаларнинг олдида турган энг муҳим вазифа – бу илм, таълим олишга эътибор қаратиш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев










