Қадимдан бизнинг ерларимизда турли миллат ва элатлар яшаб келади. Уларнинг яшаш тарзи, тили, урф-одатлари, маданияти ва эъдиқод қиладиган дини ҳам фарқли. Мамлакатимизнинг энг муҳим савдо-тижорат йўлларида жойлашгани ва доимий тарзда кўплаб мамлакатлар билан маданий алоқалар олиб бориши диний-маданий ҳаётга ўз таъсирини ўтказган ва юртимизнинг ўзига хос ҳаёт тарзини белгилаб берган.
Ўзбекистон турли миллат ва дин вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келаётган кўпмиллатли ва кўпконфессияли юрт ҳисобланади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат истиқомат қилади. Уларни ягона Ватан ва ягона ғоя остида бирлаштириб ягона бир мақсад сари интилишга чорлашда диний бағрикенгликнинг ўрни каттадир. “Диний бағрикенглик декларацияси”да айтилганидек: “Бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди, тинчлик бўлмаган жойда эса, ривожланиш ва демократия бўлмайди”. Жамият ҳаётида тенглик ва адолат ғояларини устувор бўлиши ва амалиётда ўз ифодасини топиши кўзланган мақсадларга эришишга, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжалларнинг барча учун бирдек қадр-қиммат касб этишига, фуқоролар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат руҳи қарор топишига замин яратади. Бизнинг кейинги йилларда эришган энг катта ютуғимиз – бу умумий хонадонимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Бундай гўзал ҳолат юртимизнинг умуминсоний қадрияатларга асосланган сиёсатининг натижасидир. Чунки мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда маънавий-маърифий ва маданий қадриятларни тиклашга катта эътибор қаратилди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик эса бизнинг ҳам миллий, ҳам диний қадриятларимиз сирасига киради. Бош Қомусимизнинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб белгилаб қўйилган. Бу эса Конституциямизда белгиланган ҳақ-ҳуқуқлар юртимизда яшаб келаётган барча миллат ва дин вакиллари учун бирдек таъминланишини ифодалайди.
Ўзбекистон миллий сиёсатининг асосий тамойиллари воқеъликда ўз аксини топган. Айни пайтда, юртимизда 140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият олиб бормоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу марказларнинг олиб бораётган эркин маънавий-маърифий фаолиятлари бизнинг умумий уйимиз Ўзбекистондаги миллатлараро бағрикенгликнинг таъкиди ўлароқ хизмат қилади.
Мамлакатимизда диний бағрикенгликка катта аҳамият берилган бўлиб, бунинг мисолларини воқеъликда жуда кўп учратамиз. Юртимизда 2200 дан ортиқ диний ташкилотлар мавжуд, шулардан 175 таси ноисломий бўлиб, улардан 159 таси насроний, 8 таси яҳудийлар, 6 таси баҳоий жамоаси, 1 таси Кришнани англаш жамияти ва 1 таси буддавийликни ташкил этади. Булардан ташқари, Республикада Конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда.
Мустақиллик йилларида диний таълим ҳам янги босқичга кўтарилди. Юртимизда диний таълим ўзига яраша бир тизим бўлиб шаклланди. Бу тизим Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, Бухоро Олий мадрасаси, Ҳадис олий мактаби, 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари, православ ва протестант семинарийларини ўз ичига олади. Ҳар йили ислом билим юртлари ва семинария талабалари иштирокида турли мавзуларда форумлар, анжуманлар ўтказиб келинади. Бу эса, ўз навбатида юртимиздаги динлараро бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Жорий қонунчилик томонидан кафолатланган диний эътиқод эркинлиги турли миллат ва дин вакилларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун барча керакли шарт-шароитларни яратиб берди. Кенг маънавий мерос ва бағрикенгликка йўғрилган урф-одатларга эга Ўзбекистон истиқлолининг биринчи кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ қилиб белгилаб қўйди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси конституциянинг 31-моддаси ҳам аҳамиятга сазовордир, бунда “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга”лиги таъкидланган. Яъни, фуқаро ўзининг динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилиши мумкин эмас.
Айниқса ҳозирги таҳликали, турли фитналар авж олган бир даврда диний бағрикенглик тамойилларига амал қилган ҳолда иш олиб бориш, албатта, жуда ҳам муҳим. Бир нарсани ёдда сақлашимиз лозим, ислом дини ҳеч қачон зулмнинг ҳеч бир турини оқламаган ва оқламайди ҳам. Ҳар доим ислом дини бошқа динларга муроса билан муомала қилади.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Тўғри, Юртимизнинг фахрланадиган буюк аллома, олим, шоир, мутафаккир бобокалонлари жуда кўп, бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик тушунчаларининг ўрни бўлакдир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Икромов Шерислом





