Қўл остидагиларга раҳмдил ва мулойим бўлиш
Ҳадиси шарифда келади: “Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинглар осмондаги зот сизларга раҳм қилади” (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ).
Талабаларнинг даражасидан устун саволларни имтиҳонга жойлаштириш жоиз эмас. Гоҳида ўқитувчи ўз даражаси билан саволларни тузади. Бу эса катта хато. Гоҳида, раҳбар қўл остидагиларига тоқатларидан ортиқча нарсани юклайди. Бу ҳам хато ва бу иш жоиз эмас.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ё Аллоҳ! Кимки, умматим ичида бошлиқ бўла туриб, умматга машаққат туғдирса, унга ишини машаққатли қилиб қўйгин. Кимки, умматим ичида бошлиқ бўлиб, уларга яхшилик қиладиган бўлса, сен ҳам унга яхшилик қилгин!” (Имом Муслим ривояти).
Эй мудир, бошлиқ ва сўралувчи киши! Ўзингдан пастдагиларга раҳм қилгин ва уларга хушмуомилали бўлгин. Ҳақиқий киши бўлгин ва уларга тоқатларидан ташқари нарсани юкламагин!
Сенинг кичкина амалинг – Аллоҳнинг наздида каттадир
Гоҳида, қилган ишинг наздингда кичик туйилади. Аммо, у Аллоҳнинг наздида каттадир.
Бир боғда таҳорат олмоқчисан. Сув тушадиган жойда бир кичик чумолини кўриб қолдинг. Сен унга эътибор бермасдан, устидан сув қуйиб юборишинг мумкин эди. Лекин, сен озгина кутиб турсанг, у чиқиб кетади. Сен битта чумолини қутқарган бўласан. Бу Аллоҳнинг наздида солиҳ амалдир. Бу учун мукофот бор.
فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
Кимки бир яхшилик қилса, у (яхшиликнинг мукофоти)ни кўради (Залзала сураси 7-оят).
Агар масжиддан кичкинагина похолни топиб, уни олиб чўнтагингга солиб қўядиган бўлсанг, бу ҳам Аллоҳнинг наздида солиҳ амал ҳисобланади ва бунинг ҳам У зотнинг ҳузурида мукофоти бор.
Қўл остингдаги хизматкорга кулиб боқиб, унинг ҳол-аҳволларидан сўраб-суриштирсанг, бу ҳам Аллоҳнинг наздида солиҳ амал бўлиб, бунинг ҳам мукофоти бор.
Ҳар қандай сен кичик санайдиган амал – Аллоҳнинг наздида каттадир!
Аллоҳ таоло ўрганаётган илмимизга амал қиладиган ва уни бошқаларга етказадиганлардан қилсин!
Абдуссамиъ Хайруллоҳ






