Байтуллоҳни тавоф қилиш
Байтуллоҳни тавоф қилиш жоҳилият давридаги арабларнинг амалга оширадиган ҳаж рукнларидан бир рукн бўлиб унинг маносикларидан ҳисобланар эди. Улар тавофни байтуллоҳга ҳар сафар кирганларида бажарардилар. Улардан ким сафарга отланса ёки сафардан қайтса албатта биринчи қиладиган иши байтуллоҳни тавоф қилиш бўлар эди. Исломдан аввал кийимсиз, яланғон тавоф қилиш одати кенг тарқалан эди, бу одат гуноҳлардан покланиш белгиси деб қабул қилинган бўлиб, ундан ташқари тавоф пайитида “ҳожилар” хуштак ва чапак чалишар эди.
Исломдан аввалги даврларда араб қабилаларида улар ўзлари ибодат қиладиган ҳамда эҳромга кириб “Лаббайка”ни айтишда уларни номларини қўшиб айтадиган бут-санамлар кўп эди.
Қурайш қабиласидан бошқа қабилалар ўз бут-санамларнинг байтларини тавоф қилардилар. Масалан Ясриб аҳли Манот номли санамини тавоф қилишар эди.
Жоҳилият давридаги араблар яна Аррожамаат деб номланган тошни атрофида тафов қилишарди ҳамда ўз бут-санамларини, қабрларни ва улар унинг устида қурбонликлар қиладиган (ансоб) тошларни ҳам тавоф қилишар эди.
Тавоф мушриклар ўзларининг илоҳларига ибодат қилиш ва қурбат ҳосил қилиш йўлларидан энг муҳими ҳисобланган, араблар тавофни уни намоз каби муҳим диний нишоналарни адо этганидек адо этардилар, аммо бу ишнинг намозга ўҳшаб маълум вақти йўқ. Ва бу тавофни муайян бир ибодатхона ва на ҳаж мавсумига ўхшаш бир мавсумга хос эди. Балки инсонлар уни ҳар сафар унда бут-санами ёки каъба ёки қурбонлик сўйиладиган тоши бор ибодатхона бўлса адо этаверишарди.
Одамлар уларнинг атрофида етти маротаба айланар эдилар худди ўзларининг илоҳлари учун юборилган қурбонликларини тавоф қилганларидек.
Каъбанинг ичига киришда гуноҳ иш эмас деб, оёқ кийимлари билан киришар эди. Валид ибн Муғийра Каъбани улуғлаш маъносида ўз оёқ кийимини ечган биринчи киши ҳисобланади, унга эргашиб қолганлар ҳам оёқларини ечадиган бўлишди.
Каъбани ялонғоч тавоф қилувчи ҳулла синфи ўз киймларини ечишдан мақсад қилиб ўша кийимда қилган гуноҳлардан қутулиш деб айтишар эди. Аёллари ҳам шу қоидага риоя қилишар эди, қарши чиққанларига эса жазо муқаррар эди.
Баъзи бир хабарларга кўра ялонғоч тавоф қилиш фақатгина биринчи бор тавоф қилувчига шарт бўлган, иккинчи бор тавоф қилинадиган бўлса ҳумс синфини одатига кўра ҳарам ҳудудидан ташқарида киймайдиган янги кийимда тавофни адо этаверарди. Мабодо янги кийим топа олмасалар ялонғоч ҳолда тавофни адо этаверардилар.
Сафо ва Марва тоғи оралиғида тавоф қилиш.
Сафо ва Марва тоғи оралиғида саъй қилиш Исмоил алайҳиссалом ва Ҳожар онамиз давридан қилинадиган Аллоҳнинг нишoнaлaридан ҳисобланади.
Жоҳилият даврида Сафо ва Марва тоғи оралиғида бутларни тавоф қилиш ҳажнинг маросимларидан бўлган. Ўша даврларда тавоф қилинадиган жойда мушрикларнинг Исъаф ва Ноила номланган икки санами бор эди. Араб мушрилари уларни ҳудди байтуллоҳни тавоф қилганидек етти марта тавоф қилиб уларни қўллари билан суркардилар.
Исломда эса Сафо ва Марва тепалик орасида етти маротаба саъй қилинадиган макон ҳисобланади.
Макка аҳли ҳажарул асвадни силаб барака сўрашар эди, сўнг Сафо ва Марва тепалик орасига ҳаракат қилиб Исъаф ва Ноила номли санамларини тавоф қилишар эди ҳар бир айланишда уни қўл билан силаб ўтиб, Ноила деган санамни олдида тавофни тугатиб унга лаббайка айтишарди.
Ифоза (қайтиб тушиш)
Арафотдан Муздалифага ифоза яъни тушилади, Муздалифа Арафот ва Мино ўртасидаги жой бўлиб ҳожилар у ерда зул-ҳижжанинг 10-кунининг кечасида тунайдилар ва қуёш чиққандан кейин Минога равона бўлишади. Мино Қуръони каримнинг Бақара сураси 198-оятида “Машъарул Ҳаром” дея сифатланган.
Хабарларда келишича, Қусой ибн Килоб Муздалифада катта гулҳан ёқар экан, ушбу гулҳан ёруғлигини Арафотдан қайтаётган киши кўрар экан. Араблар шу одатни Ислом келганда ҳам тарк қилишмаган.
Жоҳилият давридаги араблар зул-ҳижжанинг 10-кунининг қуёш кўтарилган пайитдан бошлаб Муздалифадан Минога тушишар эди ва жамаротда тош отиб қурбонликларни қилишарди. Мино Макка шаҳрида унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган макондир. Мино деб номланишига бир сабаб у ерда қурбонлик қилингандан “манна” – оқизилган қон маъносидан келиб чиққан.
Мушриклар қуёш чиқишдан кейин ифоза қилишлари уларнинг наздида қуёшга ибодат қилиш борлигига далил борлигидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга хилоф қилиб қуёш чиқишдан олдин тонг оқарганда ифозани қилганликлари собитдир.
Тош отиш маросими.
Минода жамаротда тош отиш маросими ҳаж маносиклари ҳамда унинг нишоналаридан ҳисобланади. Бу маросим араб жазирасида ҳажнинг бошқа кўринишларида ҳамда арабмас бўлган ўлкаларда маълум ва маъруф ҳисобланади.
Жамарот жоҳилият давридаги араблар наздида унинг атрофида тавоф ва унга зиёрат қилинадиган жой бўлган. У ерда бут-санамлар ва аждодларнинг қабрлари бор эди.
Хабарларда келишича тош отиш маросими Амр ибн Луҳайдан бошланган айтишларича у еттита бут-санамни Минога тош отиш маросими бўлиб ўтадиган жой, водийнинг чегарасига ва бошқа жойларига ўрнатиб уларга 21 та тош ажратиб қўйиб, ҳар бирига учтадан тош отиларди. Бутга тош отаётган пайтида “Сен фалончидан буюкроқсан” деб ундан аввалги бутни қасд қиларди.
Қурбонликни сўйиш.
Минога тааллуқли бўлган ҳаж нишоналаридан қурбонликни сўйиш.
Қурбонлик исломда “узҳийя” деб аталса жоҳилият даврида “атоир” деб номланган.
Шу сабабли бу ҳайит номи
Ҳаж байрами ўрнига қурбон байрами деб урфга кириб қолган. Қурбонлик қилинадиган
кун эса
“явмун-наҳр” ва “ийдул-узҳийя” деб урфга кирган.
Жоҳилият давридаги араб мушриклари ўз бут-санамларига қурбат ҳосил қилишлари учун қурбонликка аталган жониворларни тош устида сўяр эдилар. Улар қурбонлик қилинаётган жойда йиғилганларга қурбонлик гўштларини тақсимлашарди ёки алоҳида бир кишига қурбонликни бериб юборишарди.
Шу ерда, яъни қурбонликни тақдим этилиши билан ҳаж ўзининг юқори чўққисига етар эди, чунки бу иш қадимий динларда ибодатнинг энг юксак кўриниши ҳисобланар эди.
Сочни олдириш маросими
Ҳожиларга ҳаж қилиш давомида сочларни қирдириш ёки қискартириш ҳалол эмасди, акс ҳолда ҳажлари ботил бўларди.
Қабилалар сочларини ҳаж мавсумида қиришмасди ва бу ишни улар фақатгина ўз бут-санамларини ҳузурида бажаришар эди. Авс қабиласи Манот номли бутини ҳузурида, Қузоаъ, Лахм, Жузома қабилалари эса Алақсир номли бутга ҳаж амалини бажариб унинг ҳузурида сочларини олдирар эдилар.
Ҳаж амалларини бажариб ҳар бир қабила ўз бут-санамларини олдига келиб соч олиш амалини бажаришар эди, бу уларни эҳромдан чиқиш белгиси ҳисобланган.
Ислом келгач бу одатлар барчаси бекор бўлди, ҳижрий 9-чи йилда эса мусулмон бўлмаганларга масжидул-Ҳаромга кириш ман бўлди. Ўша пайтдан бошлаб барча ҳаж амаллари Ислом дини вакиллари томонидан Аллоҳ таоло буюрганидек амалга ошадиган бўлди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячиси
Рустам Ахунджанов манбалар асосида тайёрлади






