Бугун биз асрлар давомида орзиқиб кутилган озод, эркин ва фаровон ҳаётда ўз олдимизга қўйган эзгу ва улуғ мақсадлар сари қадам қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз. Эришаётган ютуқларимиз бисёр. Бу ютуқларимизни нафақат халқимиз балки, бутун дунё ҳамжамияти тан оляпти. Халқимиз тўқ, ибодатларимиз эмин-эркин адо этилмоқда, буларнинг замирида албатта, тинчлик-осойишталик ва истиқлол неъмати ётибди. Буларнинг барчасининг қадрига етиш ҳар биримизнинг гарданимиздаги бурчимиз ҳисобланади. Барча соҳалар каби диний таълим соҳасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис олий мактаби, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йил 07 июндаги “Диний таълим муассасаларида қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш тўғрисида”ги 01А/76-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 2019-2020 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёлари бошланди. Қабул Низомлари талабларига мувофиқ қабул жараёнлари билан боғлиқ барча ташкилий ишлар амалга оширилди. Билим юрти биносидан махсус (компьютер, интернет, телефон, ҳаво совутгич) техникалар билан жиҳозланган хона ажратилди ҳамда канцелярия анжомлари билан таъминланди. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун қулай шарт-шароитлар яратилди, Қабул кўрсаткичларини ифодаловчи “Эълонлар доскаси” ташкил этилди ва зарур маълумотлар билан жиҳозланди.
Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш билим юртида тузилган ҳайъат томонидан муҳрланган журнал асосида белгиланган тартибда ташкил этилди. Қабул ҳайъати аъзоларини абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом, Йўриқнома ва Қабул қоидалари ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларини вазифалари билан тўлиқ таништириш ва уларга қатъий амал қилиниши белгилаб қўйилди.
Илмга чанқоқ абитуриентлар улкан қизиқишлар билан хужжатларини тақдим қилмоқдалар.
Қабул ҳайъати масъул котиби А.Ғаниев












