SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Пайғамбар алайҳиссаломнинг саховатлари (ИККИ ОЛАМ САРВАРИ)
29.05.2019 / Bo‘limda Islom tarixi, Maqolalar

Пайғамбар алайҳиссаломнинг сабрлари (ИККИ ОЛАМ САРВАРИ)

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:

«(Эй Муҳaммaд,) сиз ҳaм мaтoнaтли пaйғaмбaрлaр сaбр қилгaнлaридeк сaбр қилинг вa улaр(га тушaдигaн aзoб)ни қистaмaнг!» (Аҳқоф сураси, 35-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали Жаноби Пайғамбар алайҳиссаломни рисолатни етказишда мушриклар етказаётган азиятларга сабрли бўлишга ундади. Ўзларидан олдин яшаб ўтган матонатли пайғамбарларни – Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳимуссаломни ёдларига солди. Ўша зотлар каби сабрли бўлишга буюрди. Дарҳақиқат, бу пайғамбарлар ҳақ динни етказиш йўлида кўп қийинчиликларга дуч келдилар. Таънаю маломат, истеҳзою камситишлар ёмғири остида қолдилар, аммо Аллоҳ розилиги йўлидаги машаққатларга кучлари етганича сабр қилдилар. Охир-оқибат Робблари томонидан нажотга ва улуғ даражага эришдилар. Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам Макка мушриклари томонидан кўп азиятлар етди. Қўрс-қўпол муомала, масхараомуз гаплар, пичингу киноялар, очиқдан-очиқ ҳақоратларга, таҳдидларга жуда кўп марта дуч келдилар, ҳатто жонларига суиқасд қилинди. Бироқ туғилиб-ўсган юртларида ўз қавмларидан қанчалар ёмонликлар кўрмасинлар, барчасини сабр-матонат билан қарши олдилар.

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларидан кечирган оғир машаққатларни ва у зотнинг уларга қай даражада сабр қилганлари ҳақидаги бир нечта воқеаларни келтириб ўтамиз:

1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч ким мен Аллоҳ йўлида (мушриклар томонидан) қўрқитилганимдек қўрқитилмаган. Ҳеч ким мен У Зотнинг йўлида озор чекканимдек озор чекмаган. Ўттиз кеча-кундуз ўтди ҳамки, Билол икковимизда Билолнинг қўлтиғи ёпиб турадиган (даражадаги озгина) егуликдан бошқа – тирик жон ейдиган таом бўлмади», дедилар».[1]

2. Мушрикларнинг ёшу қариси, эркагию аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказишга шу қадар тиришар эдиларки, худди бу борада мусобақалашаётгандек эдилар.

Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отамдан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайси жамоа кўпроқ азият берган?» деб сўрадим. Отам: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсак, атрофларида тўпланиб турган бир жамоани Аллоҳ азза ва жаллага, Унинг яккаю ягоналигига иймон келтиришга чақираётган эканлар. Улар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига қулоқ солмай, (у зотга) қарши чиқиб, озор беришарди. Бу ҳол куннинг ярмигача давом этди. Сўнгра одамлар тарқалишди. Шу пайт кийимлари бесаранжом бир қиз у зотнинг олдиларига бир идишда сув ва бир парча мато олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз олиб келган идишдан сув ичдилар, таҳорат қилдилар. Сўнг бошларини кўтариб, «Қизим, кийимингни тартибга келтир. Отангдан хавотирланма», дедилар. Биз у қизнинг кимлигини сўрадик. Олдимиздагилар: «Бу ўзларининг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо», дейишди».[2]

3. Тобеъинлардан Урва ибн Зубайр улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Амрдан «Қурайш жамоаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалик азият ва озор етказганларига гувоҳ бўлгансиз?» деб сўради. Абдуллоҳ ибн Амр шундай деди: «Бир куни Каъбанинг олдига келсам, Қурайшнинг зодагонлари Ҳижр яқинида тўпланиб ўтиришган экан. Улар: «Муҳаммаднинг қилмишларига сабр қилганимизчалик ҳеч кимга сабр қилган эмасмиз. У ақллиларимизни аҳмоққа чиқарди, ота-боболаримизни ҳақорат қилди, динимизни айблади, жамоамизни бўлиб ташлади, олиҳаларимизни беҳурмат қилди. Биз унинг кўп ишларига сабр қилиб келдик», дейишди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари келиб қолдилар. Улар ўринларидан сапчиб туриб, у зотни ўраб олишди. Кейин «Сенмисан ҳали фалон-фалон гапларни айтган?» деб ўдағайлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, ўша гапларни айтган менман», дедилар. Шунда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларига ёпишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ҳолатга чидаёлмай: «Тинч қўй бу зотни, бир одамни «Роббим – Аллоҳ» дегани учун ўлдирмоқчимисизлар?» деб, у зотни ҳимоя қилдилар. Мушриклар бироз ҳовурларидан тушиб, тарқалишди. Қурайшнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қай даражада қаршилик қилганларига ўшанда биринчи марта гувоҳ бўлганман».

4. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳда намоз ўқиётган эдилар. Абу Жаҳл ҳам ўша ерда ҳамтовоқлари билан ўтирган эди. Бир кун олдин бир туя сўйилган эди. Абу Жаҳл: «Қайси бирингиз сўйилган туянинг ичак-човоқларини келтириб, Муҳаммад сажда қилган пайтда унинг елкасига ташлай оласиз?» деб гиж-гижлади. Шунда қавмнинг энг бадбахти Уқба ибн Абу Муайт ўрнидан туриб, туянинг ичак-човоқларини олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждага бош қўйганларида ҳалиги ичак-човоқларни елкаларига ташлади. Бу ишдан мушриклар роса қотиб кулишди. Кулавериб, ичаклари узилгудек бўлиб, бир-бирларига суяниб қолишди. Мен бу ҳолатни кузатиб турган эдим. Қанийди у зотнинг устларидан ичак-човоқларни олиб ташлайдиган кучим ёки ҳимоя қилиб турадиган ҳимоячим бўлса деб, тишимни тишимга қўйиб, зўрға чидаб турдим. Бир киши Фотима розияллоҳу анҳога хабар бериб, у келиб, оталарининг бошидан ичак-човоқларни олмагунича Пайғамбар алайҳиссалом саждадан бош кўтара олмай турдилар. Фотима розияллоҳу анҳо ичак-човоқларни оталарининг устидан улоқтириб ташлаб, мушрикларни қарғадилар».

5. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кучли сабр соҳиби бўлганларига Тоиф воқеаси ҳам далолат қилади. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Толиб вафот этгач, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёғилаётган балолар кўпайди. Шунча азиятлардан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларига қарши туришда ёрдамчи бўлишар деган умидда Тоифдаги Сақиф қабиласи сари отландилар. У ерда Ибн Амр, Ҳабиб ибн Амр ва Масъуд ибн Амр деган уч ака-ука бошлиқларга учрашдилар ва ўзларининг пайғамбар бўлганларини айтиб, қавмларининг қилган тажовузларидан шикоят қилдилар. Шунда улардан бири: «Агар ҳақиқатда ҳам Аллоҳ таоло сени пайғамбар қилиб юборган бўлса, ҳозир бориб, Каъбанинг устига ёпиладиган каъбапўшни ўғирлаб келаман», деди. Яна бири: «Аллоҳга қасамки, сенга умрбод бирор оғиз гапирмайман. Чунки ҳақиқатда ҳам расул бўлсанг, шарафинг ва ҳаққинг буюклиги сенга оғиз очишимдан мени тўсиб туради», деди. Бошқаси эса: «Нима, Аллоҳ таоло сендан бошқасини юборишдан ожиз эканми?» деди.[3] Устига-устак, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини Сақиф қабиласига тарқатишди. Сақиф қабиласи аъзолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мазах қилиш учун тўпланиб, у зотнинг йўлларига икки қатор бўлиб ўтириб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни юришга қўймай, қўлларидаги тошларни ота бошлашди. Тошларни отаётиб ҳам у зотнинг устларидан кулиб, масхара қилишда давом этишди. Шундай қилиб, Пайғамбар алайҳиссалом оёқларидан қон оққан ҳолда Бану Сақифнинг узумзорлари томон йўл олдилар. Қалблари озорланган, маҳзун ҳолда бир узумнинг сояси остига ўтирдилар. Оёқларидан ҳамон қон оқар эди».[4]

Ўшанда тоифликлар Пайғамбар алайҳиссаломни шундай тошбўрон қилишдики, тутинган фарзандлари Зайд ибн Ҳориса жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз танаси билан тўсиб, ҳимоя қилишига қарамасдан, ул зотнинг муборак оёқлари қонга беланди. Маккаликларнинг дашномлари етмагандек, сақифликларнинг бу озорлари ошиб тушган эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир йил ичида ҳам амакилари Абу Толибдан, ҳам аёллари Хадича онамиздан ажралиб, ғам-қайғуга ботган юраклари бу азоблардан янада озор чекди. Барча пайғамбарлар турли синовлар билан синалганларидек, аслида бу ҳолатлар ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга берилаётган синов эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатдан ғам-андуҳга ботиб, Роббларига дуо қилдилар. Мазкур дуолари жуда машҳур бўлиб, мўътабар ҳадис китобларида ҳам зикр қилинган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Толиб вафот этгач, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф томон пиёда йўлга тушдилар. У ерликларни Исломга даъват этган эдилар, қабул қилишмади. У зот бир узумнинг соясига бориб, икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнг шундай дуо қилдилар: «Аллоҳим! Сенга қувватим заифлигидан, тадбирим камлигидан ва одамлар олдида хор бўлганимдан шикоят қиламан. Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси! Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан, заифларнинг Роббисан. Мени кимларга ташлаб қўйдинг? Хўмрайиб қарайдиган узоқдаги душмангами ёки Ўзинг менинг ишимни топширган яқин кишигами? Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, бошқа ҳеч нарсага парво қилмайман. Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенг бўлса бас. Еру осмонлар зиё таратишига, зулматлар ёришишига, дунё ва охират ишлари ислоҳ бўлишига сабаб бўладиган карамли важҳинг ила ғазабинг нозил бўлишидан ёки қаҳринг тушишидан паноҳ тилайман. Ризолик Сеникидир, Ўзинг мендан рози бўлгин. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Сендандир».[5]

Ушбу дуони қилганларидан сўнг ўғиллари Зайд ибн Ҳориса билан Сақиф узумзорларидан чиқиб, Макка сари юзландилар. Йиллар ўтса ҳамки, Тоиф воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эсларидан чиқмади. Ҳатто Оиша онамиз Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Сиз учун Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун бўлганми?» деб сўраганларида Набий алайҳиссалом Тоиф воқеасини ёдга олган эканлар.

Пайғамбар алайҳиссалом шу алфозда Маккага қайтар эканлар, Жаброил алайҳиссалом келиб, агар Пайғамбар алайҳиссалом истасалар, Тоифни ўраб турган икки тоғни тоифликлар устига ағдариб, уларни ҳалок қилишлари мумкинлигини, Аллоҳ таоло бунга изн берганини айтдилар. Умматларига меҳрибон ва мушфиқ Пайғамбар алайҳиссалом бу таклифга: «Йўқ! Мен (Аллоҳ таоло) уларнинг авлодидан Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган зурриётлар чиқаришини истайман», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатни етказиш йўлида ана шундай машаққатларни бошларидан кечирдилар. Лекин ҳар сафар ўзгача бир матонат, ўзгача бир сабр намойиш қилдилар. Ҳар бир йўлиққан мусибатларига билдирган муносабатлари умматларига ўрнак бўлиб қолди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг сабрлари, метин иродалари ҳақида кўп гапириш мумкин, бироқ биз бу ўринда энг машҳур ривоятларнигина келтириб ўтдик.


[1] Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти.

[2] Имом Табароний ривояти.

[3] Бу гапларни айтишдан мақсадлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломни мазах қилиш эди.

[4] Ушбу ривоят Абу Нуъаймнинг «Далоил» номли китобида келтирилган.

[5] Ибн Исҳоқ ва имом Табароний ривоятлари.

What you can read next

Виждон эркинлигининг ўзига хос хусусиятлари
Виждон эркинлигининг ўзига хос хусусиятлари
Saxovat va ehson madaniyati: Moliyaviy ibodatlarning ijtimoiy adolatdagi oʻrni
ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА НАМОЗНИНГ КАЙФИЯТИ
Ҳанафий мазҳабида намознинг кайфияти

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP