Бугунги кунда юртимиз ҳаётида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кузатиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳар жабаҳада улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Айниқса, ушбу қутлуғ ойда Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга раҳмати, лутфу карами жуда кўп ёғилди.
26 май куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири М.Насриев ва мудир ўринбосари А.Ғаниевлар Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрига зиёрат уюштирди. Термиз шаҳрида яқинда фойдаланишга топширилган янги жоме масжид билан яқиндан танишиб аср намозини адо этишди. Сурхондарё вилояти вакиллиги масъул ходимлари билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 6 гектар майдонда қурилган муаззам мажмуада Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва имомлар учун 5 та хизмат уйи, меҳмонхона, оталар чойхонаси ва бошқа хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиш жараёнлари билан танишишди. Миллий ва замонавий архитектура ечимлари асосида қурилган масжиднинг икки ёнида ҳар бири 41,5 метр бўлган иккита минора, баландлиги 22 метр бўлган салобатли гумбаз, жоме масжидида бир йўла 2 минг 250 дан ортиқ мусулмонларнинг тоат-ибодат амалларини бажаришига мўлжалланган хонақоҳ намозхонлар учун ҳақиқий туҳфа бўлди.
Аср намозидан сўнг ал-Ҳаким ат-Термизий қадамжолари зиёрат қилинди. Қуръон тиловати қилиниб термизлик буюк алломалар руҳларига бағишланди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати














