Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳижратдан 34 йил олдин Макка шаҳрида дунёга келган. Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакиси Абу Толибнинг ўғли, Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)нинг туғишган акасидир. У зот Маккадан Ҳабашлар ўлкасига, у ердан Мадина шаҳрига ҳижрат қилган. Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Исломга илк кирган саҳобалардан бири эди.
Тўлиқ исми: Жаъфар ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб Ҳошимий Қуройшийдир. “Зул жанаҳайни” икки қанот соҳиби лақаби билан машҳур бўлган.
Фарзандлари: Авн, Муҳаммад, Абдуллоҳ номли ўғиллари ва қизи Нуъмо бўлган. Хотининг исми Асмо бинти Унайс эди.
Ака-укалари: Толиб, Уқайл, Али, Фохита ва Жамона.
Исломга кириши: Жаъфар ибн Абу Толиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисига киришларидан олдин имон келтириб исломга кирган. Жаъфар (розияллоҳу анҳу)дан олдин Исломга йигирма беш киши кирган эди.
Ҳижратлари: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига етаётган азиятларни кўрсаларда, уларни ҳимоя қилолмасдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни ҳабаш ерларига чиқишга буюрдилар. Аввал Усмон ибн Аффон, Абу Ҳузайфа, Зубайр ибн Авом, Абдураҳмон ибн Авф каби саҳобалар Маккани тарк қилдилар. Кейин Жаъфар ибн Абу Толиб хотини – Асмо бинти Умайс ва бир қанча мусулмонлар ҳабашлар юртига кўчиб ўтдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадина шаҳрига ҳижрат қилгач муҳожир ва ансорлар ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатдилар. У вақтда Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Мадинага келмаган эди. Хайбар фатҳ қилинган куни Жаъфар ибн Толиб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни пешоналаридан ўпиб, қучоқладилар-да “Қайси бирига ҳурсанд бўлишни билмайман: Хайбар фатҳ қилинганигами ёки Жаъфарнинг келганигами?” дедилар.
Фазилатари ва исломда тутган ўрни: Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳуанҳу) хилқатда ҳам хулқда ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўхшарди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Жаъфар сен хилқат ва хулқ жиҳатдан менга ўхшайсан”, деганлар.
Абу Ҳурайра (розиялллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаъфарни жаннатда фаришталар билан учиб юрганини кўрдим”, дедилар” Шунинг учун Жаъфар (розияллоҳу анҳу) “Жаъфарут тайёр (учувчи Жаъфар)” лақабини олган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Жаъфар ибн Абу Толиб камбағал-бечораларни ва мискинлар жуда яхши кўрарди. Улар билан бирга бўлиб, уларга яхшиликлар қилиб, хизматларини бажарарди. Шу сабаб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаъфар (розияллоҳу анҳу)га “Мискинлар отаси” деб куня берганлар”
Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) саҳобалар орасида буюк мартаба соҳиби эдилар. У зотнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Жаъфар: “Алидан бирор нарса сўраганимда бермаса, отам Жаъфар ҳақи десам берар эди”, деган.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳ ибн Жаъфарни кўрсалар “Ассалому алайкум эй икки қанот соҳибининг ўғли” дердилар.
Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Муъта ғазотида 40 ёшдан ўтганда шаҳид бўлдилар.
Манбалар асосида
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баҳриддин Жўрабек ўғли тайёрлади






