Заминимиздан кўплаб мутафаккир олимлар, шоирлар ва жаҳонгашта саркардалар етишиб чиққан. Улуғ аждодларимизнинг ҳаётларини ҳаққоний таништириш бугунги глобаллашув даврида ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мумтоз адабиётимизни асл ҳолида тиклаш ва уларга етказиш адабиёт соҳаси мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Буюк ўзбек шоирлари ва мутафаккирлари ҳисобланган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўлмас асарлари мана, бир неча асрлардан буён ҳалқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириб келмоқда. Мазкур шоирларнинг асарларига бўлган талаб ва эҳтиёж бирор асрда ҳам кам бўлмаган.

2018 йили 8 февраль куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудига 577 йил тўлиши ҳамда улуғ ўзбек шоири, давлат арбоби, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 535 йил тўлиши муносабати билан “Ғазал мулкининг султони”, “Буюк давлат арбоби Бобурнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси” мавзуларида бадиий кеча бўлиб ўтди. Унда билим юрти мудири З.Мирсодиқов, мудир муовинлари, билим юрти мударрислари, ҳодимлари ва барча талабалар иштирок этди. Тадбирга навоийшунос олим, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази бўлим бошлиғи Устоз Мирзо Кенжабек домла, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси Салоҳиддин Шерхонов таклиф этилди. Тадбирни билим юрти мудир З.Мирсодиқов кириш сўзи билан очиб берди ва мавзу юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, сўз навбатини ташриф буюрган меҳмон Мирзо Кенжабек домлага берди.

Устоз Мирзо Кенжабек домла сўзга чиқиб буюк мутафаккирларимизнинг қолдирган меърослари биз учун тенгсиз хазина эканлигини, уларни ўрганиб ҳаётга тадбиқ этиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, юртимизда бундай мутафаккирларимизнинг ижодларини ўрганишга бўлган эътибор юқори даражада эканлиги ва бу борадаги қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, маърузачи Навоийнинг “Сирожул-муслимийн”, “Макоримул ахлоқ” асарларии, пайғамбарлар тарихига бағишланган “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтдилар. Навоийнинг “Лисон ут-Тайр” асари Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш йўлларини образлар орқали ёритиб берганлигини талабаларга тушинтириб берди. Шунингдек, “Бобурнома” асари ҳам тарихий-меъмуар асар эканлиги, унда тарих, география, адабиёт ва бир қанча фанлар ва соҳалар жамланган қимматли асар эканлиги таъкидланди. Тадбир давомида бу буюк мутафаккирларимизнинг ижодларидан намуналар тингланди.
Шундан сўнг билим юрти талабалари ўзлари тайёрлаган чиқишларини намойиш этишди. Талабалар буюк мутафаккирларимиз ижод намуналаридан ғазал, рубоий ва шеърлар ўқиб бердилар. Адабиётимизнинг етук намоёндалари ҳисобланган бу буюк алломаларимизнинг қаламига мансуб асарлар ва бу буюк алломаларга атаб ёзилган бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва Устоз Мирзо Кенжабек домла дуолари билан якунланди. Билим юрти мудири З.Мирсодиқов ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






