Набавий хулқ асослари
Кўплар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламда набавий хулқ асослари тўлиқ ва мукаммал ҳолда намоён бўлиши ҳақида сўрашади. Бунинг жавоби оддий. У зот росул, набий, шу билан бирга росул ва набийларнинг охиргиси, эътиқод, шариат, одоб, дастур борасида бутун башариятга ўрнак ва пешводир. У зот етказган рисолат замонлар ва асрлар оша абадий қоладиган самовий рисолатдир. Бундай юксак хулқлар ва комил хислатлар у зотда бўлишининг учта сабаби бор: биринчиси ақл, иккинчиси саводсиз бўлишларига қарамай мукаммал илмга эга бўлиш, учинчиси Аллоҳ таоло тарафидан ладуний одоб ва тарбия берилиши.
Илм ва маърифатнинг асл манбаи бўлган ақлга келсак, у қалбнинг мунаввар бўлган ҳолда идрок этиши ёки унинг нур сочишидир. Ақлни кўзни қамаштирадиган порлоқ қуёшга қиёслаш мумкин. Теран фикр, зукколик, тўғри тахмин, ўткир назар ва ёмонидан яхшини ажратишда чуқур мулоҳаза юритиб, ишлар оқибатини англаш кабилар ақл самарасидир. Инсоннинг мақтовга лойиқ ишларни қилиб, қабиҳларидан четланиши, фойдали, хайрли ишларни амалга ошириши, ҳой-ҳавас, нафс хоҳишига қарши бориб улар устидан ғолиб келиши, одамларни адолат, тўғрилик билан бошқариши, дунё ва охират ишларини оқилона тартибга солиши ҳам ақлга боғлиқдир.
Иккинчи сабаб, мукаммал илмга эга бўлиш. У зотдаги илм комил ақлдан келиб чиққан мукаммал илм эди. Бу илм самараси у зот сийратларини ўрганган, зоҳиру ботинларини қамраб олган хусусиятларини мушоҳада қилган, қисқа иборалар билан кенг маъноларни ифода қилишлари, ёқимли сўзлашлари, пурмаъно ҳикматлари билан танишганларга янада равшан кўринади. Таврот, Инжил ва бошқа илоҳий китоблардаги хабарларни бехато айтиш, ҳикматга тўла ҳадислар, ўтмишда ўтган умматларнинг тарихлари, ибратли қиссалари, одамларни бошқариш, ҳукмларни баён қилиш, шариат илдизи ва шохларини белгилаш, яхши одатлар ва хулқлардан иборат ахлоқ таълимотига асос солиш, туш таъбири, тиббиёт, ҳисоб, фароиз, насабшунослик ва бошқалар аҳамияти катта илмалар эмасми?!
Учинчи сабаб, у зотдаги илмаларнинг келиб чиқиш манбаи илоҳийлиги. У зот ўқиш-ёзишни билмайдиган саводсиз эдилар. Шунинг ўзи у зотдаги барча илмлар ўрганиш, китоблар мутолаа қилиш, уламолар мажлисида ўтириш билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг таълим бериши туфайли ҳосил бўлганини исботлайди. Аллоҳ таоло қалбларини очди, илм ато этди, билмаган нарсаларини билдирди. У зотга Аллоҳнинг фазлу карами ниҳоятда улуғ бўлди. Росулуллоҳ алайҳиссаломга берилган илмларни ақл бовар қилиш қийин. Аллоҳ таолонинг таълими туфайли дунё ва охират илмларини ўз ичига олган кенг қамровли илмга фақат у зот мушарраф бўлдилар. Аллоҳ таоло у зотга бўлган ва бўладиган ишларни билдирди. Қудратининг ажойиботлари ва мулкининг чексизлигини очиқ-ойдин, ёрқин ҳужжатлар орқали бохабар этди. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва Аллоҳнинг фазли сенга улуғ бўлди» , дея марҳамат қилади.
Аллоҳнинг фазлу марҳамати у зотга шунчалик улуғ бўлдики, уни сифатлаш ва қамрашдан тиллар ожиз қолади. Росуллуллоҳнинг илмлари собитлик ва далолатда қатъий асослар устига бино қилинган. Улар тажриба, фалсафа, таълим ёки малака маҳсули эмас. Балки пайғамбарлик идиши, илоҳий ваҳий асоси, раббоний иноят жавҳаридир. Бирон бир инсон зоти бу ҳақда шубҳага бориши ёки сараланган раббоний маълумотларга таъна қилишга уриниши тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таоло инъом рамзи, баён манбаи, ҳикмат булоғи, тўғрилик ва ҳақиқат йўлбошчиси, олимлар, донишмандлар ва адиблар устози бўлиши учун Ўз Пайғамбарида шундай фазилатлар бўлишини ирода қилди.
Файласуф ва донишмандларнинг билим доираси ноқис ва чегараланган бўлиб, бир тарафлама ёки бир неча ёндашув, адабий назариялар ёхуд фалсафий маълумотлардан ташқарига чиқмайди. Пайғамбаримиз алайҳисссаломга файласуф ёки донишманд деб сифатлаб бўлмайди. Чунки у зотга илм, ҳикмат ва маърифатнинг барча турларини ўз ичига олган пайғамбарлик берилган эди. У зотни подшоҳлик, инсоний саъй-ҳаракат билан қўлга киритилган азизлик билан сифатлаш ҳам тўғри эмас. Чунки у зотда барча яхшиликлар, фазилат, азизлик, шараф, улуғлик, устунлик, дуёвий ва ухровий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ҳақ ва тўғриликни ўзида мужассам этган Аллоҳнинг элчиси деган мақом бор. Хулоса шуки, Пайғамбарлик – инсон ўз қобилияти ва маҳорати туфайли эришиладиган ҳар қандай мартабадан беҳад устун туради.






