مَا كَانَ لِبَشَرٍ أَنْ يُؤْتِيَهُ اللَّهُ الْكِتَابَ وَالْحُكْمَ وَالنُّبُوَّةَ ثُمَّ يَقُولَ لِلنَّاسِ كُونُوا عِبَادًا لِي مِنْ دُونِ اللَّهِ وَلَكِنْ كُونُوا رَبَّانِيِّينَ بِمَا كُنْتُمْ تُعَلِّمُونَ الْكِتَابَ وَبِمَا كُنْتُمْ تَدْرُسُونَ * وَلَا يَأْمُرَكُمْ أَنْ تَتَّخِذُوا الْمَلَائِكَةَ وَالنَّبِيِّينَ أَرْبَابًا أَيَأْمُرُكُمْ بِالْكُفْرِ بَعْدَ إِذْ أَنْتُمْ مُسْلِمُونَ آل عمران: 79-80
Бир кишига Аллоҳ китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берганидан сўнг, у одамларга: “Аллоҳни қўйиб менга банда бўлинглар”, дейиши асло мумкин эмас. Лекин одамларга: “Китобни ўргатганингиз ва ўзингиз ўрганганингиз асосида Роббонийлар бўлинг”, дейди. У сизларни фаришталар ва Пайғамбарларни Робб қилиб олишингизга буюрмас. У сизни мусулмон бўлганингиздан кейин куфрга буюрармиди?! (Оли Имрон сураси 79-80 оятлар).
Доктор Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Тафсирул мунир” асарларида ушбу оят борасида сабаби нузул қилиб қуйидаги ривоятни келтирадилар:
Ҳасан ал-Басрий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига бир киши бориб шундай деганлигининг хабари менга етди: “Ё Аллоҳнинг Росули! Сизга бошқаларга салом берганлигимиз каби салом берамиз. Сизга сажда қилмайизми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Йўқ! Лекин, пайғамбарингизни улуғланг ва унинг аҳлига ҳақни эътироф этинг. Албатта, Аллоҳ таолодан бошқасига сажда қилиб бўлмайди”. Аллоҳ таоло шу пайт ушбу оятни нозил қилди: “Бир кишига Аллоҳ китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берганидан сўнг, у одамларга: “Аллоҳни қўйиб менга банда бўлинглар”, дейиши асло мумкин эмас”.
Бундан маълум бўладики, насронийлар Ийсо алайҳиссаломни улуғлаб, ҳатто, Аллоҳнинг ўғли деб, ҳаддан ошиб кетганлари эса “Илоҳ” деб эътиқод қилишгача борган. Ҳолбуки, Ийсо алайҳиссалом уларга бундай қилишликни буюрмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни, жамийки мусулмонларни бундай қилишликдан қайтараяптилар. Саҳобалар бундай қабиҳ-ҳунук иш қилишликдан қайтарилаяптилар. Мусулмон кишилар бундай разил-пасткаш ишлардан саломат бўлишликлари лозим. Савол туғилиши мумкин: “Унда нима қилишлигимиз керак?!” Аллоҳ таоло бундай иш қилиш ўрнига Расулга шундай дейишликни ўргатаяпти: “Китобни ўргатганингиз ва ўзингиз ўрганганингиз асосида Роббонийлар бўлинг”.
“Роббоний” сўзи Роббга нисбат берилган бўлиб, Аллоҳнинг динини маҳкам тутувчи, деган маънони билдиради.
Саййид Тантовий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида шундай дейдилар: “Раббоний кишилар – Аллоҳ таолога барча ишларни ихлос ила қиладиган ва барча айтаётган гапларию, қилаётган ишларида Аллоҳни доим зикр қиладиган, Аллоҳга ҳақиқатда тақво қиладиган бандалардир. Улар илм ва амал ўртасини жам қилганлар. Шунингдек, ҳаётларини илм тарқатишга ва инсонларни ўзлари учун манфаатли йўлга бошлайдиган кишилардир”.
Шайх Шаъровий роҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг тафсирларида шундай дейдилар: “Роббоний – сўзига яхшилаб эътибор берайлик. Бошидаги “Робб” сўзи тарбия қилувчи маносини билдиради. Шу билан бирга тарбия қилувчида “бошлиқлик” ҳуқуқи ҳам бор. “ний” қўшимчаси эса бир нарсага нисбат беришликни ифодалайди. “Роббоний” нисбатини ўзларига ҳосил қила олган кишиларнинг бошлиқлари Аллоҳ бўлишлиги маълумдир. Шу сабабдан Аллоҳнинг ҳақиқий Роббоний бандалари Аллоҳ буюрган ишни қилишади ва қайтарган ишдан қайтишади.
Аллоҳ таоло бизларни Роббоний бандалари қаторида қилсин! Барча саҳобалардан рози бўлганидек, бизлардан ҳам рози бўлсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссамиъ Эргашев
манбалар асосида тайёрлади






