Ўлим. Бу сўзни эшитганда кўпчилигимизни қўрқув қамраб олиб, этларимиз жунчукиб кетади. Кўз олдимизга ҳаётнинг лаззатли дамлари-ю, бебаҳо неъматлари келади. Ўлимдан қўрқамиз, ҳатто баъзида ўлим зикр қилинганда ҳаёлимизни бошқа ўйлар билан чалғитишга урунамиз. Аммо нега ва нима учун? Биз Аллоҳ таолони олдига эришитирадиган ўлим деб аталувчи йўлдан нега унчалик қўрқамиз, ҳолбуки барчамиз У зотнинг жамолини кўришга ошиқ эмасмизми? Ваҳоланки ўлим ва охиратни эслаб туришлик мўминликнинг аломатларидан эмасми?
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:
اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَكُونُ حُطَامًا وَفِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ شَدِيدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ
Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. Худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийдир ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас (Ҳадид сураси 20-оят).
Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир. Яъни, ўсимликлар тезда қурийди, ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади. Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак. Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъват, холос.
Дунёда истаганча яшасанг ҳам, охири нима?
Минг завқ билан тўлиб тошсанг ҳам, охири нима?
Фараз қил: дунёда умринг 100 йилдир!
Умринг ундан ошсада охири нима?
كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَنْ زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ
“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас.” (Оли Имрон сураси 185-оят).
Қиёмат кунида заррача яхшилик ҳам, заррача ёмонлик ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Ҳар бир инсонга қилганига яраша мукофот ёки жазо тўлиғича берилади. Ана ўшанда ҳақиқий ютуққа эришган киму мағлубиятга учраган ким экани маълум бўлади.
Ҳа! ўлим биз кутмаган ва билмаган вақтда келади. Биз истасак ҳам, истамасак ҳам ўлимни татиб, уни гувоҳи бўламиз. Аммо биз ўлимни қаршилашга, Аллоҳ азза ва жалланинг ёнига, берган неъматларига яраша очиқ юз билан боришга тайёрмизми? Бу саволни ҳар бир киши ўзига бермоғи лозим, модомики тайёр бўлмас экан вақт борида ҳаракатини қилиб олиши керак бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ وَإِنْ تُصِبْهُمْ حَسَنَةٌ يَقُولُوا هَذِهِ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ وَإِنْ تُصِبْهُمْ سَيِّئَةٌ يَقُولُوا هَذِهِ مِنْ عِنْدِكَ قُلْ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ فَمَالِ هَؤُلَاءِ الْقَوْمِ لَا يَكَادُونَ يَفْقَهُونَ حَدِيثًا
“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир. Агар уларга яхшилик етса, бу Аллоҳдан, дерлар. Ёмонлик етганда эса, бу сендан дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», деб айт! Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демайдилар?!” (Нисо сураси 78- оят).
Аллоҳ таоло барчамизга кетар чоғимиз “Лаа илааҳа илла Аллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” калимасини бизга ҳамроҳ бўлишини насиб айласин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Дониёр Файзуллаев
манбалар асосида тайёрлади






