“Яхшилик ва ёмонлик”
Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Яхшилик бу ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир”. (Муслим ривоятлари).
Вобиса ибн Маъбад разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим:
– Сен эзгулик хусусида сўрагани келдингми? – дедилар Набий соллаллоҳу алайхи ва саллам.
– Ҳа! – деб жавоб бердим.
– Қалбингдан сўра! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир. Одамлар фатво бераверсалар ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўрнашмаган нарса гуноҳдир. (Аҳмад ва Доримий ривоятлари).
Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Энг гўзал ахлоқ
Шак-шубҳасиз энг гўзал, шарафли ва хайрли ахлоқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқларидир. Аллоҳ таоло бандалари учун дастуруламал қилиб тайинлаган Қуръоний одоблар унда жамулжам бўлганди. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қуръони каримда қуйидагича мақтаган: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 3-оят). Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”.
– Ҳар бир мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан хулқланишга интилмоғи лозим. Чунки ҳусни хулқ энг улуғ яхшиликдир.
– Гуноҳнинг икки аломати
а) Ички аломат: кўнгил ўзи хотиржам бўлмаган ишдан изтиробга тушади, қийналади ва ундан қочишни истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Гуноҳ кўнглингиз хотиржам бўлмаган ишдир”. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Гуноҳ – қалбларни тирнайдиган нарса!”
б) Ташқи аломат: инсон мусулмонлиги туфайли бир номаъқул ишини биродарлари кўриб қолишини истамайди. Бироқ бу ёқтирмаслик одатий эмас, диний ёқтирмаслик бўлади.
– Дин инсон виждонидаги терговчидир. Ожиз ақллар чиқарган қонунлар эса фақат ташқаридан ҳаракат қилади, холос.
– Ислом инсонларни гуноҳга қўл уришдан тўсади
Чунки ҳар ким ичидаги иймон номли қўриқчиси кузатувида бўлади. Бундай ишончли кузатувчи ҳеч вақт ғафлатда қолмайди. Ташқи назоратчиларга таяниб иш юритувчи қонунларни эса ғафлатда қолдириш ёки унинг таъсир доирасидан чиқиб кетиш у қадар қийин иш эмас.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Шамсиддинхўжа Сулаймонов






