Абу Яҳё Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ
- «Аллоҳнинг зикри ила неъматлан!»
«Неъмат эгалари Аллоҳ таолонинг зикричалик неъмат билан ҳали неъматланмади!».
- «Аллоҳ таолога бўлган ҳорлик»
«Қани эди ўлганимда мени кишанлашларини буйирсам-у, Роббимнинг ҳузурига қочган қул мавлосига қайтарилгандек кишанланиб қайтсам!»
- «Сабрнинг фазли»
«Ҳар вақт яхши амаллар бўлар экан унинг машаққатлари бўлади. Яхшилик қилгувчи сабр қилса роҳатга эришади. Агар жазавага тушса ҳеч нарса қила олмайди!»
- «Яхши кишиларнинг ўзаро насиҳатлари»
«Яхши кишилар уч нарсани ўзаро насиҳат қилишади:
- Тилни сақлаш;
- Истиғфорни кўпайтириш;
- Узлат (яъни дунёдан четланиш).
- «Ажаб сенга эй одам боласи!»
Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ: «Ўлим ўзининг охирги нуқтаси ва қабр эса борар жойи эканлигини била туриб дунё билан севинган кишига ажаб! Қандай қилиб у ерда кўзи қувонсин?!» деб йиғлаб юбордилар, ҳатто хушларидан кетдилар.
- «Нима учун?»
«Инсонларни билганимдан бери уларнинг мақтовига ҳурсанд бўлиб, мазамматига хафа бўлмадим». Айтилди: Нима учун? «Чунки мақтовчилар беетибордир. Мазаммат қилувчиларга эса мен беетиборман»
- «Нафсни хор тутиш»
«Аллоҳга қасамки, подшоҳ масжид эшиги олдига келиб, «Ҳамма ёмон ташқарига чиқсин!» деб айтса, сизлардан аввал чиққан бўлар эдим».
- «Дунёни севган олимнинг хорлиги»
«Китобларда келишича, Аллоҳ таоло айтади: Олим дунёга муҳаббат қўяр экан қалбидан зикримни суғириб олиш билан уни хор қиламан».
- «Ғам чекиш солиҳ амал уруғидир»
«Ҳар бир нарсанинг уруғи бор. Албатта, ғам чекиш солиҳ амал уруғидир. Чунки, киши бу ишга (охират ишига) фақатгина ғам чекиш билангина сабр қила олади. Аллоҳга қасамки, ҳеч бир банданинг қалбида охират ғами ва дунё ҳурсандчилиги жамланмайди. Чунки, бири иккинчисини қувиб чиқаради».
- «Ғам-ташвишинг охиратники бўлсин!»
«Дунёга қанчалик ғам чекканинг каби охират ғами қалбингдан шу каби сизиб чиқади. Худди шундай охиратга қанчалик ғам чексанг дунё ғами қалбингдан шу каби сизиб чиқади».
- Кишига хиёнаткор эканлигига омонатга ишонилмаслиги кифоядир. Кишининг ёмонлигига солиҳ бўла туриб, солиҳларни ёмонлаб юриши кифоядир.
- Дунё аҳли дунёни у ердаги энг тотли нарсани тотмасдан тарк этади. Айтдилар: У нима экан? У киши жавоб берди: Аллоҳ таолонинг маърифати!
- Сеҳргарлардан эҳтиёт бўлинглар! Сеҳргарлардан эҳтиёт бўлинглар! Чунки улар олимларнинг қалбларини сеҳрлаб қўяди.
- Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг олдида турганимда, У зот мендан рози эканлигини билган ҳолимда сажда қилсам-у сўнг У зот менга «Эй Молик тупроқ бўл» деб айтса ҳам розиман.
- Агар олим илмига амал қилмаса Сафодан томчи сирпаниб тушганидек унинг панд-насиҳатлари қалблардан тойиб тушади.
- Бир аёлнинг боласини йиртқич ҳайвон тутиб олди. Аёл бир луқма нарсани садақа қилди. Йиртқич эса болани қўйиб юборди. Сўнг нидо қилиндики: “Луқма эвазига луқма”.
- Ҳар бир кишига орзу қилиш имкони бўлганида, охиратда қамишдан бир кулбани орзу қилардим. Ўшанда сув ичиб қонар эдим ва оловдан сақланар эдим.
- Ҳар бир биродар, шерик ва дўстдан дининг борасида яхшиликни ололмайсан. Шундай экан ўзингни уларнинг суҳбатидан четга ол!
- Албатта, яхшиларнинг қалби яхшилик ила лиммо-лим, фожирларники эса фужур билан.
- Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг ғам-ташвишларингизга эътибор беради. Аллоҳ раҳм қилгурлар, ғам-ташвишингиз нима эканлигига эътибор беринг!
- Албатта, ҳақиқий сиддиқлар – Қуърон ўқилганда қалблари Охиратга талпинадиганлар!
- “Кимки ўзини яхши билса, инсонларнинг у ҳақида айтган гаплари зарар бера олмайди”.
- “Луқмони Ҳаким ўғлига айтдилар: Эй ўғилчам, Аллоҳга итоат этишни тижорат қилиб олгин. Ўшанда сенга тижорат молисиз ҳам фойдалар келади”.
- “Менда дунё хушбўйлигидан уч нарсагина қолди: Биродарлар билан учрашиш, кечаси Қуръон ўқиш ва Аллоҳ таолони зикр этадиган бўш уй”.
Ҳоний ал-Ҳажнинг “Солиҳ кишиларнинг насиҳатлари” китобидан тарбиячи Р.Ахунджанов раҳбарлиги остидаги таржимонлар гуруҳи.
Эргашев Абдуссамиъ таржимаси






