﴿ قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنْزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ * فَإِنْ آمَنُوا بِمِثْلِ مَا آمَنْتُمْ بِهِ فَقَدِ اهْتَدَوْا وَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا هُمْ فِي شِقَاقٍ فَسَيَكْفِيكَهُمُ اللَّهُ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ﴾ [البقرة: 136، 137[
Айтинглар: “Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз”. Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас, албатта, улар хилофдан бошқа нарсада бўлмайдилар. Аллоҳ сенга улар (ёмонлиги)дан кифоя қилади. Ва У эшитувчи, билувчи зотдир (Бақара сураси 136-137 оятлар).
Аллоҳ таоло мўминларга Аллоҳга итоат қилишлик билан бирга пайғамбарлар ва росулларга бўйсунишликни буйирмоқда. Пайғамбарлардан бирортасини ёлғонга чиқармаймиз. Жамийки пайғамбарларни Аллоҳ таоло ҳақ ва ҳужжат ила юборган деб эътиқод қиламиз. Яҳудийлар пайғамбарларга қилган ишларини қилмаймиз. Биз Аллоҳга ибодат қилгувчи, амри ва наҳийга сўзсиз ибодат қилгувчи ва солиҳ амаллар қилгувчи бандалардан бўлмоқлигимиз лозим.
Ҳақиқий мўмин ким деган савол барчамизда туғилиши аниқ. Бунда қуйидагича жавоб берилади: “Ҳақиқий мўмин Аллоҳнинг китобларига ва пайғамбарларига иймон келтириб, улардан бирортасини ажратмаган, китоб олиб келган нарсага иймон келтирган ва баъзисига иймон келтириб, баъзисини тарк этмаган кишидир”.
Қуръони Каримда зикри келган “асботлар”дан мурод – Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг Пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.
Бу ерда саҳобаларнинг фазли шундаки, Аллоҳ таоло Ўзи уларга кифоя зот эканлигини айтиб, уларни қўллаб-қувватлаяпти. Аллоҳ таоло саҳобаларга хитоб қилаяпти.
Аллоҳ таоло бизни ҳақиқий мўмин ўзида жам этадиган сифатлар билан сифатласин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби. [2] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.






