Қози Имом Абу Юсуф (Ёқуб ибн Иброҳим Ансорий Куфий сўнгра Боғдодий) ҳижрий 113-йили дунёга келиб, 182 йили вафот этганлар. Бу зот Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг соҳиби (ҳамроҳи), шогирди ва илмлари ҳамда мазҳабларини тарқатувчи ҳисобланадилар. Абу Юсуф шунингдек аббосий уч халифа Маҳдий, Ҳодий ва Рошидларнинг қозиси, биринчи бўлиб “Қозиларнинг қозиси” деб номланган зот ҳисобланадилар. У зотни “Дунё қозиларининг қозиси” деб айтилар эди.
Абу Юсуф ҳаётларининг сўнги лаҳзаларида ҳам у зотни зиёрат қилиш учун келганлардан бири билан бир фиқҳий масъала борасида баҳслашадилар. Абу Юсуф бу ишлари билан бирор бир фойдаланувчи ё толиби илмга наф бўлишини умид қиладилар. Бу улуғ зот ҳаётларининг охирги лаҳзаларида ҳам илм музокараси, манфаат бериш ва манфаат олишдан холи бўлмади.
Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Қози Иброҳим ибн Жарроҳ Куфий сўнгра Мисрий айтадилар: “Абу Юсуф бемор бўлиб қолдилар. Мен у зотни зиёрат қилишлик учун бордим. У зот эса беҳуш эканлар. Абу Юсуф ўзларига келганларида менга “Эй Иброҳим, (фалончи) масъала ҳақида нима дейсан?”, дедилар. Мен: “Шу ҳолатдаяма?(яни шу ҳолатингизда ҳам илм борасида баҳс қиласизми?) дедим. У зот “Ҳеч қиси йўқ. Биз дарс қилсак, шояд, бирор бир нажот топувчи нажот топиб қолса?”, дедилар. Сўнгра яна менга “ Эй Иброҳим, шайтонга қай ҳолатда тош отган афзал?(йъани ҳаж амалларида)Пиёда ҳолда отган афзалми, ё (бирор бир маркабга) миниб отган афзалми?”, дедилар. Мен: “Миниб” дедим. У зот: “Хато қилдинг”, дедилар. Мен: “Пиёда” дедим. У зот яна:”Хато қилдинг”,дедилар. Мен:”Ўзингиз айтинг, Аллоҳ сиздан рози бўлсин”,дедим. Имом Абу Юсуф:”Дуо қилиш учун тўхталадиган вақтда пиёда ҳолда отган афзал. Дуо қилиш уҳун тўхталмайдиган вақтда эса минган ҳолда афзал”,дедилар.
Ҳа, салафларимиз учун илмнинг қадри шу даражада бўлган. Бу улуғ зотлар ҳаётининг сўнги лаҳзаларида ҳам мушкул масъала ҳақида баҳс қилишган.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли.






