Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида баъзи сура ва баъзи оятларнинг фазилатларини баён қилиб берганлар. Шунга кўра муҳаддис уламолар ҳадис асарларида “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган. Жумладан, Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий” асарида ва Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ “Жомеъ ат-Термизий” асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини келтиришиб, унда Қуръони Карим сураларининг фазилатига оид ҳадисларни баён қилишган. Бу асарларда Ихлос сураси фазилати ҳақида ҳам кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Саҳиҳул Бухорий асарининг “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимининг ““Қул ҳуваллоҳу аҳад” нинг фазилати ҳақидаги боб” ида ушбу ҳадислар келтирилган:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши бировнинг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ни такрор-такрор ўқиётганини эшитиб қолди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга зикр қилди. Ўша киши буни оз санаётгандек эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”, дедилар”[1]. Бухорий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Бирортангиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини ўқишга ожизлик қиладими?”-дедилар. Бу уларга қийин туюлди ва: “Қай биримиз буни қила олардик, эй Аллоҳнинг Расули?”-дейишди. У зот: ““Аллоҳул вааҳидус сомад”- Қуръоннинг учдан биридир”, дедилар”[2]. Бухорий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини бир сарийяга (бош қилиб) юбордилар. У ҳамроҳлари учун намозида қироат қилиб, (қироатини) “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (сураси) билан тугатарди. Улар қайтишгач, шуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. У зот: “Ундан сўрангларчи, нима учун шундай қиларкан”, дедилар. Улар ундан сўрашди. У: “Чунки, у Роҳманнинг сифати, мен уни ўқишни яхши кўраман”, деб айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга хабар беринглар, албатта Аллоҳ ҳам уни яхши кўради”, дедилар”[3]. Бухорий ривоят қилган.
Шунингдек, “Жомиъ ат-Термизий” асарининг “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимининг “Ихлос сураси борасида келган ҳадислар” бобида ушбу ҳадисларни келтирган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга келдим. Шунда у зот бир кишининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад, Аллоҳус сомад” ни ўқиётганини эшитдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Мен: “Нима вожиб бўлди?”- дедим. У зот: “Жаннат”, дедилар[4]. Термизий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қул ҳуваллоҳу аҳад Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”, дедилар”[5]. Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана бу сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ни яхши кўраман”, деди. У зот: “Уни яхши кўришинг сени жаннатга киратади”, дедилар[6]”. Термизий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни “Қул хуваллоҳу аҳад” (сураси) ни икки юз марта ўқиса, унинг зиммасидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади”, дедилар”[7]. Термизий ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўшагида ётиб ухламоқчи бўлиб, ўнг томони билан ётса, сўнгра “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (сураси) ни юз марта ўқиса, қиёмат куни бўлса, Робб табарока ва таоло: “Эй бандам жаннатга ўнг томонингга кўра кир”, дейди”, дедилар”[8]. Термизий ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ихлос сурасининг фазилати жуда ҳам кўп бўлиб, ким бу сурани ҳадисларда келган фазилатларга эришиш ниятида ихлос билан қироат қиладиган бўлса, иншааллоҳ охиратда шу фазилатларга эга бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Саҳиҳул Бухорий, 2013-ҳадис.
[2] Саҳиҳул Бухорий, 2015-ҳадис.
[3] Саҳиҳул Бухорий, 7375-ҳадис.
[4] Жомиъ ат-Термизий, 2897-ҳадис.
[5] Жомиъ ат-Термизий, 2899-ҳадис.
[6] Жомиъ ат-Термизий, 2901-ҳадис.
[7] Жомиъ ат-Термизий, 2898-ҳадис.
[8] Жомиъ ат-Термизий, 2898-ҳадис.






