Жаннатмакон она диёримизда барча соҳалар каби диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар бўлмоқда.Ушбу ислоҳотлар натижасида юртимиз кундан кун чирой очиб, ҳаётимиз тобора фаровонлашмоқда Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми Олий мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганлиги Ватанимизда қилинаётган эзгу ишлар шодасига бир марварид донаси бўлиб қўшилди десак муболаға бўлмас.
Барчамизга маълумки, Қуръон ва суннат ислом динининг асосий манбааларидир. Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлса, ҳадиси шариф эса, Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ва қилган ишларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўпгина оятларида мўминларни, аввало, Ўзига итоат қилишга, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони Каримда шундай дейилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَلَا تُبْطِلُوا أَعْمَالَكُمْ
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар ва амалларингни ботил қилманглар”, (Муҳаммад, 33-оят).
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини – Исломнинг биринчи масдари, ҳукмлари ва таълимотларининг асосий манбаи Қуръони каримдир.
Илоҳий, абадий ва мўъжизакор дастур Қуръони каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини биз муҳаддис олимларнинг ёзиб қолирган ҳадисларидан ўрганамиз. Чунки Қуръони каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Қуръони каримнинг тафсирини ҳам ўша ҳадислардан ўрганамиз. Чунки Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ўзларига нозил бўлган оятларни атрофларидаги кишиларга ўқиб эшиттирар, зарур бўлганда тафсир қилиб ҳам берар эдилар. Кўпгина саҳобалар ўзлари тушунмаган жойларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олар эдилар. Ана ўша нарсалар ҳам ҳадисларда келгандир.
Ҳадисларни ўрганиш ва уларга амал қилиш ҳарбир мусулмон фарзанди учун ҳам фарз, ҳам қарз.Чунки ҳадислар инсонларни покликка, эзгуликка,жамиятда ўзини тўғри тутишга ва меҳнатсеварликка ўргатади.
Бугунги кундаги Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми Олий мактабининг очилиши ҳақидаги хушхабарни бизнинг “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударрис ходимлари ҳамда талабалари зўр қувонч билан кутиб олдилар.Битирувчи талабалар қалбида билим юртини тамомлаб, янги очилган Олий мактабда таҳсилни давом эттириш, келажакда буюк боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизийларларнинг муносиб давомчиси бўлишдай эзгу орзу умидлар пайдо бўлди. Немис шоири Ҳёте
Умид билан экилган таёқ
Бир кун берар мева-ю япроқ,- деганларидай ёшларимиз қалбига қаламча бўлиб қадалган бу орзу-умидлар бир кун мева бериб, она Ватанимиз равнақига улкан ҳисса бўлиб қўшилади, иншааллоҳ
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси: Ш.Мадаминов






