Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ёшлар ва оила қуриш
“Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси 13-оят).
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳр-у муҳаббатни солиб қўйгани Унинг оят (белги)ларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят (белги)лар бордир” (Рум сураси 21-оят),
“Осмонлару ернинг яратилиши Унинг оят-белгиларидандир” (Шуро сураси 29-оят),
“Кечаю кундуз, қуёшу ой Унинг оят белгиларидандир” (Фуссилат сураси 37-оят),
“Ва кечаси ва кундузи ухлашингиз Унинг оят (белги)ларидандир” (Рум сураси 23-оят).
Демак, тун, кун, қуёш, ой, уйқу, яралиш, қайта тирилиш, ўлим, осмонлар ва ер Аллоҳ таолонинг мўжизалари бўлгани каби уйланиш ҳам Яратганнинг оят-мўжизаси экан.
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда ёшларнинг уйланиш ёшига етиб, ҳануз оила қурмаганини кўриш мумкин. Ҳатто баъзи ўлкаларда ёши йигирма беш ва йигирма тўққиз орасида бўлган йигитларнинг 80 фоиздан ортиғи ҳали уйланмагани катта мусибатлардан саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг” (Нур сураси 32-оят).
Бу ояти каримадан ёшларнинг уйланиш масаласида барчамиз масъул эканимизни билиб оламиз.
Аллоҳ таолонинг “никоҳлаб қўйинг” деган сўзи буйруқ маъносини ифодалаб, уламолар наздида бу хитоб вожибликка далолат қилади. Бу буйруқ омматан барча мусулмонларга, хоссатан оталар, раҳбарлар, бойлар ва олимларга қаратилгандир.
Биз фарзандларимизнинг қўлларидан ушлаб, Аллоҳ таолонинг “никоҳлаб қўйинг” деган амрини бажарсак, барчамиз нажот сари юрган бўламиз. Негаки, уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйсак, улар бузуқ йўлларга кириб, ҳалок бўлишади ва бунинг орқасидан биз ҳам ҳалок бўламиз.
Бу масалада биз мўмин-мусулмонлардан қуйидаги уч ишни амалга оширишимиз талаб қилинади:
Аввало, ўғил-қизларимизни моддий ва маънавий маънода оила қуришга қизиқтиришимиз даркор.
Ўғилларимизнинг рағбатини ўз сўзларимиз билан ошириб, агар уйлансалар, биз уларнинг моддий таъминотларига ёрдам беришимизни айтайлик. Чунки аксар йигитлар уйланганлардан оиланинг моддий эҳтиёжи, оғир масъулияти ҳақида эшитавериб, уйланишдан кўнгиллари совиб қолган. Биз уларга оила қурганларнинг Аллоҳ таоло наздида улуғ мартабада бўлишларини, оилага нафақа қилиш ва фарзанд тарбиялаш кўплаб савобларга эришиш учун яхши имконият эканини айтиб насиҳат қилайлик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен Аллоҳнинг йўлига инфоқ қилган динор, қул озод қилишга сарфлаган динор, мискинга садақа қилган динор ва ўз аҳлингга нафақа қилган динор – буларнинг энг ажри улуғроғи аҳлингга қилган нафақангдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Йигит кишиларга агар оила қурсалар, Аллоҳ таоло уларга ёрдам беришини, бу ишни Аллоҳ учун амалга оширса, У Зотнинг Ўзи доимо унга мададкор бўлишини эслатайлик. Биз ҳам қўлимиздан келганча унинг маиший ҳаётига ёрдам беришимизни айтиб, уларга далда берайлик.
Агар уларга имкон борича молимиз, обрўмиз билан кўмаклашсак, бу иш орқали ўзимиз ҳам улуғ савобларга эга бўламиз, иншааллоҳ!
Қиз фарзандларимизни эса намунали оила бекаси бўлишга тарғиб қилайлик. Умид қиламизки, улар ҳам дини ва хулқи ўзларини рози қиладиган йигит топилса, рад этмайдилар.
Ташриф буюрган совчилар томонидан тўй ишларида тежамкорлик қилинишини, маҳри кам бўлиб қолишининг ҳам эҳтимоли борлигини айтиб қўйинг. Сиз ҳам ёшлигингизда аввалига моддий таъминотни ўйлаганингиз, баъзида кам бўлса ҳам сабр қилиб, меҳнатда давом этганингиз, аёлингиз ҳам ҳаёт синовларига чидаб, сабр қилиб, шу ҳолатга етиб келганингизни айтинг.
Йигитни уйланишдан нафратлантириб қўядиган даражада тўй талабларида ғулувга кетишни уламолар ҳаром санашган. Шунингдек, эрнинг белини букиб қўядиган миқдорда эрдан маҳрни талаб қилиш ҳам ҳаромдир.
Бир қиз уламолардан бирига маслаҳат сўраб шундай хат ёзибди: “Мен бой оила ва ҳашаматли уйда яшайман. Менга ҳар сафар совчи келганда отам ёки онам йигитнинг марказда уйи бўлишини талаб қилиб, бўлмаса рози бўлишмайди. Ёшим йигирма учдан ўтди, ўзим оила қуришни жуда ҳам хоҳлайман, лекин ота-онам рози бўлишни хоҳлашмаяпти, мен эса оила қуришни хоҳлаётганимни уларга айтишдан ҳаё қилаяпман”.
Фарзандларимизни бундай ҳолатга тушуриб қўйишдан огоҳ бўлайлик!
Иккинчидан, йигит кишиларни уйлантиришга киришайлик ва моддий таъминоти етарли бўлишига эътибор қаратайлик.
Садақа қилишнинг энг яхши йўлларидан бири бу – тирикчилик йўлида ҳалол касб қилишга ҳаракат қилаётган йигитга моддий ёрдам беришдир.
Бизнинг учинчи вазифамиз фарзандларимизни илмий, жисмоний ва тарбиявий жиҳатдан оила қуришга лойиқ қилиб тарбиялашдир.
Киши кўчада автомобиль ҳайдаши учун у ҳайдашга лаёқатли экани ҳақидаги гувоҳнома ва унга ҳайдашни ўргатадиган таълим марказлари керак бўлади.
Худди шунингдек, йигит ҳам уйланишдан олдин оила қуришга жисмоний, илмий ва тарбиявий лаёқатни ўргатадиган таълимга муҳтождир.
Баъзи ёш оилалар тўй бўлган йилиёқ ажрашиб кетишаётганининг сабаби ҳам келин-куёв ҳали оила қуришга ҳар томонлама тайёр эмаслигидан дарак беради.
Хориж шаҳарларидан биридаги бир тўйхона уч ой давомида ўн олтита тўй ўтказди. Бир йилдан сўнг ўша оилаларни бир йиллик тантана билан табриклашга ташаббус қилиб чиқса, буни қарангки, ўша оилаларда ўн учтаси ажрашиб кетган экан. Мана бу оила қуришга тайёр бўлмай туриб қурилган оилаларнинг оқибати.
Шу сабабдан биз ёшларимизни келажакда оила устуни бўлишга лойиқ қилиб тарбиялашимиз лозим бўлади.
Фарзандаларга уйланиш омиллари, оила қуриш масъулияти, келин ёки куёв танлаш, тўй кечаси ҳақида гапириб берайлик, уларга оилавий муаммоларни қандай ечиш кераклигини ўргатайлик.
Унутмаслигимиз лозимки, оила жамиятга солиҳ, одобли авлодни тақдим этади, оила инсонларнинг хулқларини муҳофаза қилади, уларни қинғир йўлга оғиб кетишдан сақлайди.
Хулоса ўрнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини келтириб ўтишимиз мумкин: У зот алайҳиссалом айтдилар: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, бас уйлансин. Чунки у кўзни тиювчи, фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин. Чунки шу у учун тиювчидир”.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлида бардавом айласин!
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.






