«Қадр кечасида нозил қилдик», дейилишидан мурод Қуръон оятлари шу кеча нозил бўла бошлади, демакдир. Чунки Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарлик Рамазон ойида келган. Шунинг учун бу сурада «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик», дейилади. Духон сурасининг 1 − 6-оятларида ҳам бундай марҳамат қилинади: «Ҳа Мим Очиқ-равшан китоб − Қуръонга қасамки, албатта, Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат, Биз (башариятга пайғамбарлар) юборгувчи бўлдикки, (бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат — меҳрибонликдир. Албатта, Унинг Ўзигина (барча нарсани) Эшитгувчи, Билгувчидир».
Бақара сурасидаги: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» мазмунли 185-оят ҳам муборак Рамазон ойида Қуръони Карим нозил бўла бошлаганини билдиради.Анфол сурасидаги: «(Эй мўминлар,) агар сизлар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақликнинг) ажралиш кунида — икки жамоа тўқнашган кунда, (яъни Бадр жангида) бандамиз (Муҳаммад)га нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтиргувчи бўлсангизлар», мазмунли 41-оятда Қуръони Карим нозил бўлган вақт эмас, балки Рамазон ойининг ўн еттинчиси — Бадр кунида урушга тааллуқли ҳукмлар, фаришталар ва ғалаба ҳақидаги оятлар нозил бўлгани мўминларга эслатилади. Бадр куни ҳақ билан ботилнинг ораси ажратилгани боис «Фурқон куни» деб таърифланяпти.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
2 – курс талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов






