«Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик», яъни Қуръони Каримни нозил этишни Қадр кечасида бошладик. Қадр кечаси муборак кечадир. «Биз у (Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик» (Духон, 3); «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда… Қуръон нозил қилинган» (Бақара, 185).
Сўнг йигирма уч йил мобайнида воқеа ва ҳодисаларга илоҳий ҳукмни баён этиб, бўлиб-бўлиб туширишни тамомладик. Маҳмуд Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: «Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган. Биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган. Иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган. Учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган. «Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир». Яъни Қадр кечаси нима эканини сизга нима билдирди? Бу сўроқ Қадр кечаси шаънини кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир. Маҳмуд Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) яна айтади: «Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир».
Духон сурасининг 4-оятида ҳам: «У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)», деб баён этилган». Қадр кечасида қилинган амал минг ойда қилинган амаллардан яхшидир. Имом Аҳмад ва Насаийлар Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича, Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди.
Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади», деб марҳамат этганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим« Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Қадр кечасида иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади», деганлари келтирилган.«У (кеча)да фаришталар ва Руҳ, яъни Жаброил алайҳиссалом Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар». Яъни фаришталар, жумладан, Жаброил алайҳиссалом бу кечада келгуси (йилгача) тақдир қилинган амаллар билан осмондан ерга тушадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади. Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади», деганлар. Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди. Марям сурасининг 64-ояти мазмуни бундай:«Биз фақат Парвардигорингизнинг амри билангина нозил бўлурмиз». Оятда зикр этилган «Руҳ» Жаброилдирлар (алайҳиссалом). У зотнинг шарафлари юксак бўлгани учун номлари ажратиб зикр қилинган.Фаришталарнинг ерга тушиб, оладиган фойдаларидан бири – улар осмонда яшовчиларда кўришмаган тоатлар турини ерда кўришади. Аллоҳга тасбеҳ айтувчиларнинг овозидан хушҳол бўлган гуноҳкорларнинг оҳларини эшитиб: «Келинглар, бизнинг Роббимизга тасбеҳимиздан кўра яхши бўлган овозни эшитамиз», дейишади.
Бу кечада ерда қилинган тоатнинг даражаси ортиқ бўлгани учун фаришталар ҳам, савоблари кўпайишини кўзлаб, ерда тоат қилишни исташади. «У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир». Қуръон нозил бўлиши ва фаришталар ҳозир бўлишлари сабаб яхшиликлар билан ўралган бу кеча бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан тонг отгунигача бу ҳол давом этади. Тонг отгунча фаришталар жамоа-жамоа бўлиб раҳмат билан ерга тушишади. Ушбу кечани ғанимат билиб бу кечада кўпроқ солиҳ амалларни қилишимизни ва уларни ҳусни мақбул бўлишини Оллоҳдан сўраб қоламиз.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
2 – курс талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов





