Қурбон ҳайити бутун Ислом оламининг улуғ байрамидир. Халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини ўзида яққол ифода этадиган Ийд ал-Адҳо – Қурбон ҳайити жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбонлик – савоби улуғ ибодат. Иброҳим алайҳиссалом давридан бери ҳар йили бутун Ислом оламида ушбу ибодат кенг нишонлаб келинади. Бу ибодат «Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар сураси, 2-)ояти каримаси билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатига ҳам жорий этилган.
Набий алайҳиссалом: “Кимки хурсандчилик билан савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлик у учун дўзахдан парда бўлади” (Имом Табароний ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимиз ва ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.
Қурбонлик қилиш Яратганнинг берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчиси амрига итоати ва тақвосини намоён этади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: «Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратдаги офатлардан озод этади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳайит хурсандчилик байрамидир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб қалбларига сурур бағишлаш динимиз тарғиб қилган амаллардандир.
Ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга хурсандчилик бериш керак.
Қурбонлик туфайли динимизда ўзаро ижтимоий ёрдамнинг, кўмакнинг аҳамияти яққол намоён бўлади. Эҳтиёжманд оилаларга қурбонлик гўштлари тарқатилиши баробарида кўнгли ўксик, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинади. Уларга байрам совғалари, ҳадялар улашилади.
Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамларидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, ҳуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли ва мақталган амаллардандир.
Ҳайит байрами кунида қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам ҳудди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучоқ очсалар, ўзаро узр сўрасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Одилжон Нарзуллаев Янгийўл тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом хатиби.






