Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш билан бир қаторда миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, бағрикенглик, саховат ва эзгулик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу борада кейинги йилларда амалга оширилган хайрли ишлар юртимизда диний-маърифий соҳада ҳам улкан эътибор қаратилаётганини яққол намоён этмоқда.

Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 100 нафар ватандошимизга “Президент ҳожиси” мақоми берилиб, уларнинг муқаддас Ҳаж сафарига юборилаётгани юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Қувонарлиси, ана шу муборак сафарга муносиб деб топилганлар орасида кўп йиллардан буён “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти жамоасида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган Неъматова Шоҳидахон Қаюмовна ҳам бор.


Неъматова Шоҳидахон Қаюмовна 1973 йил Андижон вилоятида туғилган. Оилада икки нафар фарзанднинг меҳрибон онасидир. Маълумоти ўрта-махсус бўлиб, мутахассислиги ҳуқуқшунос.
У меҳнат фаолияти давомида билим юртида ўзининг масъулияти, ҳалоллиги ва фидойилиги билан жамоа ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Жумладан, 2004–2019 йилларда билим юртимизда иш юритувчи котиба лавозимида самарали фаолият олиб борган. 2019 йилдан ҳозирги кунга қадар эса мазкур таълим муассасасида кадрлар бўйича инспектор вазифасида меҳнат қилиб келмоқда.
Ш. Неъматова лаёқатли, ўз устида мунтазам ишлайдиган, янгиликка интилувчан ходима сифатида жамоада алоҳида ҳурматга эга. Унинг камтарлиги, хушмуомалалиги, самимий муносабати ҳамда юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашуви билим юрти жамоаси орасида катта эътибор қозонишига сабаб бўлган.
Жамоа аъзолари Неъматова Шоҳидахон Қаюмовнани ушбу юксак эътироф — “Президент ҳожиси” мақоми билан самимий муборакбод этиб, муборак Ҳаж сафари омон-эсон ўтиши, ибодатлари мақбул ва манзили муборак бўлишини тиламоқдалар.
Аллоҳ таоло ушбу сафарни хайрли ва баракали қилиб, юртимиз тинчлиги ҳамда халқимиз фаровонлиги ҳаққига эзгу дуолар билан қайтишни насиб этсин.
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Матбуот хизмати






