Уруш бошланганда Зебо Москвада театр санъати бўйича таҳсил олаётган эди. Баъзи эркаклар урушга боришдан бош тортиб турган бир пайтда, у ўз хоҳиши билан фронтга йўл олди ва қисқа муддатли снайперлик курсларини тамомлаб, 1941 йилдан жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлади.
Зебо Ғаниева расмий маълумотларга кўра, қисқа вақт ичида 28 фашистни йўқ қилган. У нафақат нишонни аниқ урган, балки энг хавфли разведка топшириқларини ҳам маҳорат билан бажарган. 1942 йилнинг май ойида, Москва остонасидаги шиддатли жанглардан бирида Зебо снайперлар дуэли пайтида оғир яраланади. Уни жанг майдонидан аскар дўстлари олиб чиқишади. У деярли бир йил давомида шифохоналарда ўлим билан олишади ва бу олишвда ҳам енгиб чиқади. Унинг жасорати юксак баҳоланиб, «Қизил Байроқ» ва «Москва мудофааси учун» орденлари билан тақдирланади.
Уруш саҳналарида кўрганлари ва бошдан кечирганлари уни руҳан синдиролмади. Уруш тугаганидан кейин ҳам Зебо ҳаракатдан тўхтамади. У тинч ҳаётда илм-фан ва санъат йўлини танлади. Зебо Ғаниева филология фанлари номзоди илмий даражасини олди ҳамда ўзбек аёлининг нафақат жангдаги жасоратини, балки интеллектуал салоҳиятини ҳам дунёга исботлади. Кейинги фаолиятини санъат ва илмга бағишлаб, улкан муваффақиятларга эришди.
Ҳа азизлар, ўзбек аёллари ана шундай мард, матонатли ва ҳар жабҳада пешқадам бўлишади. Зебо Ғаниеванинг номи ва қолдирган мероси авлодлар хотирасида абадий яшайди.
Ихтиёрхон Комилов, Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти АРМ бош мутахассиси






