«Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” деди. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: “Ё Раббий! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга, фақат Ўзинг рози бўладиган яхши амалларга мени муваффақ эт ҳамда мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!”» (Намл сураси, 17–19-оятлар).
“Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар”. Аллоҳ таоло барча жонзотларни фақат Сулаймон алайҳиссаломга бўйинсундириб қўйди.
«То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз!..” деди». Қатода розияллоҳу анҳу Куфага келганида, одамлар: “Саволларингиз бўлса, ундан сўранглар”, дейишди. Улар орасида ҳали ўспирин бўлган Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам бор эди. У ёнидагиларга: “Сулаймон алайҳиссалом қиссасидаги ўз қавмини огоҳлантирган чумоли жинси нималигини сўранглар”, деди. Одамлар ана шу ҳақда сўрашди. Қатода розияллоҳу анҳу билмаслигини айтди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Урғочи эди”, деди. Унга: “Сен қаердан биласан?” дейилди. Абу Ҳанифа: «Аллоҳнинг Китобидан билдим. “قالت النملة” “қолат ан-намлату” жумласи (чумолининг урғочилигини) билдиради», деб жавоб берди.
Чумоли: “яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” Яъни, пайғамбарлар билиб туриб асло бирор жонга зулм ва азият етказмайди. Бунда ҳатто ҳашаротлар ҳам пайғамбарларнинг маъсум бўлишини билишларига ишора бор. Оддий бир ҳашарот Аллоҳнинг пайғамбарларини гуноҳдан холи эканини билишар экан. Аллоҳ ақл ва нутқ билан неъматлантирган инсонлар пайғамбарларни айблаши асло мумкин эмас.
“Унинг сўзидан кулиб, табассум қилди”. Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларидан ажабланиб кулди ва ўзига кўплаб неъматлар қатори чумоли тилини тушуниш неъмати берилганига шукр қилди ва тавфиқ сўраб Аллоҳ таолога дуо қилди: “Ё Раббий! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга, фақат Ўзинг рози бўладиган яхши амалларга мени муваффақ эт ҳамда мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” Яъни, жаннатда улар билан бирга бўлишни насиб айла.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.






