“Мусҳаф ҳарфлари жилоси” номли шахсий хаттотлик кўргазмаси маънавият ва нафосат уйғунлигини ўзида мужассам этган ноёб тадбир сифатида Тошкент ислом институтида ташкил этилди. Ушбу кўргазмага Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртининг 1-босқич талабалари хаттот Ислом Муҳаммад ҳамда ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими ходимлари бошчилигида ташриф буюриб, исломий санъатнинг нафис қирралари билан яқиндан танишдилар.






Кўргазмада институтнинг 2-босқич талабаси, ёш ва истиқболли хаттот Хамдамов Азизбек Ботир ўғлининг бетакрор ижод намуналари намойиш этилди. Унинг қаламидан тўкилган ҳар бир ҳарфда нозик ҳис, чуқур маъно ва юксак эстетик завқ мужассам бўлиб, томошабинлар қалбида ўзига хос таассурот уйғотди.
Айниқса, Қуръони карим оятларининг ҳусни хатдаги жозибали ифодаси, ҳарфлар уйғунлиги ва услубий безаклар кўргазмага алоҳида файз бағишлади. Бу асарлар нафақат санъат намунаси, балки руҳий покланиш ва маънавий юксалиш манбаи сифатида ҳам қадрлидир.
Шунингдек, хаттот Ислом Муҳаммад томонидан тадбир иштирокчилари учун мастер-класс дарси ташкил этилди.




Эслатиб ўтамиз, Хамдамов Азизбек Ботир ўғли Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиси бўлиб, бугунги кунда ўз ижоди орқали устозлар анъанасини муносиб давом эттирмоқда. Унинг муваффақиятлари ёшлар учун илҳом манбаи, эзгу мақсадлар сари етакловчи ёрқин намунадир.
©️ Муҳаммаджонов Мадумаржон
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси





