Ҳаж луғатда “Улуғ нарсани қасд қилиш” маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда “Ҳаж – махсус маконни махсус замонда махсус амаллар амаллар билан улуғлаб қасд қилишдир”.
Ҳажнинг фарз бўлиш шартлари топилган ҳар бир киши учун умрда бир марта ҳаж қилмоқ фарз эканига ижмоъ қилинган.
Ҳажнинг фарзлигига Қуръондан далил:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلا
«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш фарзи бордир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳажнинг фарзлигига суннатдан далил:
عَن أبي هُرَيْرَة رَضِي الله عَنهُ أَن النَّبِي صلى الله عَلَيْهِ وَسلم قَالَ » يَا أَيهَا النَّاس: قد فرض عَلَيْكُم الْحَج فحجوا، فَقَالَ رَجلٌ: أكل عَام يَا رَسُول الله؟ فَسكت حَتَّى قَالَهَا ثَلَاثًا: فَقَالَ لَو قلت نعم لوَجَبَ وَلما اسْتَطَعْتُم» رَواهُ مُسلمٌ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: У зот: “Эй инсонлар, батаҳқиқ, сизларга ҳаж фарз қилинди, шунга кўра, ҳаж қилинглар”, дедилар.Шунда бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар йилими?” деб савол берди. У зот алайҳиссалом сукут қилдилар. У киши шу саволни уч марта такрорлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар “Ҳа” десам, батаҳқиқ, (ҳар йили)вожиб бўлиб қолади ва ҳаргиз (ҳар йили ҳаж қилишга) қодир бўлмайсизлар”, дедилар. (Муслим ривояти).
Ҳаж фарз эканлигига уммат ижмоъ қилган, уни фарзлигини инкор қилиш дуруст эмас. Албатта, ҳажнинг ўзига хос фазилатлари бор.
Холмўминов Жалолиддин “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






