Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир инсон зотига насиб этмаган ақлий, фикрий ва жисмоний қувват билан хосланган эдилар. У зот теран ақл ва фикр соҳиби, ўткир фаҳм-фаросат эгаси, идроки тез, сезиш қобилияти кучли шахс бўлганлар. Маълумки, эшитиш, кўриш, таъм билиш, ҳидлаш ва ушлаб билиш кабилар маълумот олиш воситалари ҳисобланади. У зотнинг туриш, ўтириш, юриш, ухлаш ва бошқа ҳолатлари мўътадил бўлиб, гўзал сифатлари ва фазилатлари билан қавмлари ичида ҳам, бошқалар орасида кўзга ташланиб турганлар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга илгари билмаган эътиқодий ва амалий илмларни ўргатди. Бу илмлар таҳсил олиш, мутоала қилиш, ўз устида ишлаш маҳсули эмас, балки Аллоҳ таоло у зотнинг қалби, ақли ва онгига индириши натижасида ҳосил бўлган. Басирати ва фаросати ҳаддан зиёд ўткирлигига ҳамма тан берарди. Бир қарашдаёқ ҳар бир ишнинг моҳиятини дарҳол тушуниб етар, узоқ ўйланиб, хаёл суриб ўтирмас эдилар. Юлдуз ўз нури билан қоронғуликни ёритганидек, у зот кучли фаҳм-фаросатлари билан қалблардан воқиф бўлар эдилар. Улуғ тобеъин Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Илгари нозил қилинган китоблардан етмишга яқинини ўқиганимда ҳаммасида Росулуллоҳни одамларнинг энг ақллиси деб ёзилганига шоҳид бўлдим». Шу кишидан келтирилган бошқа бир ривоятда: «Олам яралганидан то интиҳосига қадар туғилажак жамики одамларга бериладиган ақлни у зотнинг ақлига таққосланса, дунёдаги қумларнинг бир заррасига ўхшаб қолади, холос, деб ёзилганини кўрдим», дейилган.
Росулуллоҳ алайҳиссаломда сезги аъзо ва ҳиссий идрок нақадар кучлилиги ва бетакрор мўъжизаларига Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳдан келтирилган мана бу ривоят ёрқин далил бўлади: «Росулуллоҳ қачон намозда турсалар, орқадагиларни худди олдиндагиларни кўргандай кўрар эдилар»[1]. Имом Молик Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен сизларни орқа тарафимдан кўриб тураман», деган бўлсалар, Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас ибн Моликдан келтирган ривоятда: «Рукуъ ва саждани мукаммал қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларни кўриб тураман», деганлар. «Икки саҳиҳ» да нақл этиган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Буни у зотнинг далилларига Аллоҳ таоло зиёда қилган», деган. Яъни, бу буюк мўъжиза ва улуғ хислат у зотнинг ҳақ пайғамбар эканини исботловчи беҳисоб аломатлар устига Аллоҳ таоло зиёда қилган яна бир фазилат, деган маънодадир.
Имом Абдурраззоқ ва имом Ҳоким келтирган ривоятда: «Албатта мен орқамдан худди олдимдан кўргандек кўраман», деганлар. Бақий ибн Махлад Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда: «Росулуллоҳ қоронғуда ҳам худди ёруғда кўргандек кўрар эдилар», дейилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фаришта ва шайтонларни кўрганлари тўғрисида кўплаб ишончли ҳадислар ривоят қилинган. Имом Бухорий ва бошқалар келтирилган мана бу ривоят шулар жумласидандир: «У зот Жаброилни осмон билан ер ўртасида курсида ўтирган ҳолда ҳақиқий суратида кўрди. Унинг олти юзта қаноти бўлиб, уфқни тўсиб турар эди».
Имом Бухорий келтирган бошқа бир ривоятда: «Кеча шом намозидан кейин менга бир баҳайбат жин ташланди. Қўлида юзимни куйдириш учун оловли машъал бор эди. Аллоҳ менга имкон бериб, уни даф қилдим. Кейин масжид устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим-ку, биродарим Сулаймоннинг дуоси эсимга тушиб қолди», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Биродарим Сулаймоннинг дуоси бўлмаганда, Мадинанинг ёш болалари у билан ўйнаб юрган бўларди», деганлар.
Ҳабашистон подшоси Нажоший вафот этганда тобути ҳозир қилинган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жанозасини ўқиганлар. Нажоший ҳижратнинг тўққизинчи йили ражаб ойида дунёдан ўтишидан олдин Исломни қабул қилади ва Росулуллоҳ алайҳиссаломга: «Сиз Аллоҳнинг ростгўй ва тасдиқланган элчисисиз. Мен сизга байъат қилдим ва оламлар Роббисига бўйсундим», деб мактуб ёзган эди.
Маккадан Байтул Мақдисга сайр қилдирилиб, Меърожга кўтарилганлари ва шу кечанинг ўзида Маккага қайтиб келганлари хабар берилганда қурайшликлар Пайғамбаримизни ёлғончига чиқаришди. Ўшанда у зотга Байтул Мақдис кўрсатилди. Унинг эшиклари, деворлари ва деразаларини аниқ тасвирлаб бердилар. Шунда Исломга кирганлардан кўпи диндан қайтди. Одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бўлган воқеани айтиб беришганда: «Аллоҳга қасамки, рост айтибдилар. У зот менга кеча ёки кундузнинг бир лаҳзасида осмондан хабар келишини айтадилар. Мен эса уни ҳеч иккиланмай тасдиқлайман. Сизлар эса шунга ҳайран бўлиб ўтирибсизлар», деди.
Зубайр ибн Баккор «Мадина тарихи» китобида шундай ривоятни келтиради: «Мадинада Масжиди Набавийни қурилаётганда масжид меҳробини Каъбага тўғрилаш учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Каъбани кўтариб турилган»[2]. Имом Молик келтирган ривоятда Масжиди Набавий қибласини Жаброил алайҳиссалом тўғрилагани айтилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаққиқлар юқорида зикр этилган барча хабарлар оддий кўриш орқали собит бўлган десалар,[3] Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим» нинг шарҳида айтишича, айримлар: «Бу илм ва кашф йўли билан кўришдир», дейди. «Илм ва кашф йўли билан кўриш» деганда Аллоҳ таоло Росулида Ўзи рўёбга чиқарадиган жамийки ишлар ҳақида илм ҳосил қилиши тушунилади. Бу фикр жумҳур уламолар қавлига хилоф бўлиб, ҳадисларни зоҳирини ташлаб, маъносини таъвил қилиш ҳисобланади. Исро ва Меърож кечасида Пайғамбаримиз малакут ажойиботлари-ю, жабарут ғаройиботлари ва бошқа мўъжизаларни кўрдиларки, буларнинг барчаси у зотдаги ҳиссий ва маънавий кўриш қуввати кучлилигига далолат қилади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жисмоний жиҳатдан бақувватлиги билан бошқалардан ажралиб турар эди. У зот кураги ерга тегмаган паҳлавон Рукона ибн Абду Язид билан кураш тушиб, уни йиқитдилар. Бу воқеанинг тафсилоти «Сийрату Ибн Исҳоқ» китобида шундай деб келтирилади: «Рукона Исломга кирмасдан олдин Макка дараларидан бирида Росулуллоҳ билан учрашиб қолди. Шунда у зот: «Эй Рукона, Аллоҳдан қўрқиб, менинг даъватимни қабул қилмайсанми?», дедилар. Рукона: «Айтганларингни ҳақ деб ишонганимда сенга эргашган бўлардим», деди. «Агар сени йиқитсам, сўзларим ҳақлигига ишонасанми?», дедилар Росулуллоҳ алайҳиссалом. Ҳа, деб тасдиқлади. Росулуллоҳ уни ёқасидан маҳкам тутиб, ерга йиқитдилар. У қўлидан ҳеч нарса келмагандан кейин: «Эй Муҳаммад, яна бир марта», деб таклиф қилди. Иккинчи марта ҳам ҳеч нарса қила олмагандан кейин: «Бу жуда ажойиб-ку», дея ўзининг енгилганини тан олди.
Имом Термизий ва Имом Байҳақий келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Мен Росулуллоҳдан илдам юрадиган бирор кишини кўрмадим. Гўёки ер у зот учун ўралаётгандек бўлар эди. Биз бор кучимиз билан ҳаракат қилсак-да, у зот бемалол кетаверардилар». Агар у зот кулмоқчи бўлсалар, табассум қилиб қўяр, агар қарамоқчи бўлсалар, кўз қири билан эмас, тўлиқ бурилиб қарар эдилар. Юрганда шахдам қадам ташлаб, дадил юрар, худди баланддан пастга тушаётганга ўхшар эди. Имом Бухорий ривоятида Оиша онамиз айтади: «Ҳеч қачон Росулуллоҳнинг (оғизни катта очиб) қаҳқаҳа отиб кулганларини кўрмадим». У зот фақат табассум қилар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «Бас, унинг сўзидан табассум қилди»[4], деган сўзи шунга ишора қилади. Бундан кулиш жоиз бўлса ҳам, меъёрдан оширмаслик лозимлиги келиб чиқади.
[1] Ибн Мунзир ва Байҳақий мурсал ҳолада ривоят қилган.
[2] Зубайр ибн Баккор Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва Нофеъ ибн Жубайр ибн Мутъимдан мурсал ҳолда келтирган.
[3] Кўз билан кўриш, ақлан ҳам, шаръан ҳам маҳол эмас. Бу пайғамбарларга хос мўъжизалар жумласидандир.
[4] Намл сураси, 19-оят. Сулаймон алайҳиссалом чумолининг гапини эшитиб, табассум қилганликлари келтирилмоқда.





