Рамазон ойи ойларнинг улуғи ва султонидир. У “Аллоҳ таолонинг ойи”, “Қуръон карим ойи”, “Истиғфор ва тавба ойи”, “Раҳмат ва мағфират ойи” “Барака ойи”, “Сийлаи раҳм ойи”, “Дуо ойи” ва бошқа улуғ номлар билан номланади. Бу ойнинг номларининг кўплиги фазилати кўплигидандир.
Рамазон ойида рўза тутиш учун бандадан сабр-тоқат ва чидамли бўлишни талаб қилади. Рўза сабрсизга сабрни ўргатса, сабрлининг сабрини чархлайди. Шунинг учун ҳам “Рамазон сабр ойи” деб номланади.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайис салом “Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир” — дейдилар. Мужиба ал-Боҳилия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда эса “Сабр ойида тўлиқ рўза тут, бошқа ойларда уч кун рўза тут” – дейдилар.
Сабрнинг асл маъноси ўзини тийиш ва тўхтатишдир. Рамазон ойида рўза тутган киши ўзини емоқ, ичмоқдан тўхтатади. Унда аъзолар ҳам рўза тутади. Кўз, қулоқ, тил, қўл, оёқ ва ҳакозалар гунохдан сакланади. Агар мазкур аьзоларни гунохдан сакланмаса рўзанинг савоби камайиб кетади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайис салом “Қачон бирортангиз рўзадор ҳолида бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман, мен рўзадорман” десин”- дедилар.
Мусулмон инсон тилини доимо ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади . Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан , балки ноъмақул гап сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Уриш-жанжал қиладиган киши дуч келганда сабр қилиш рўзадор вазифасидир.
Рамазон ойида таровий намозида, Қуръон хатмида, зикр, тасбеҳ ва истиғфорларда сабр ва ихлос билан савобни яна кўпайтириш лозим. Дин қайтарган нарсалардан ўзини тийиш сабрнинг бир қисми бўлса, дин буюрган ишларда бардавомлик, собит қадам бўлиш иккинчи ярмидир.
Рамазон рўзаси инсон тоқат қилиши мункин бўлган вазифалардан иборат. Дин инсон тоқатидан ортиғига буюрмайди. Айни вақтда кунларнинг иссиқ бўлиши рўза тутмасликка сабаб бўлолмайди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185 оятида “Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” – дейди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ бандаларини Рамазон ойининг рўзасига тутишга буюриб, орқасидан Аллоҳ бандаларига енгиликни ҳоҳлашини, оғир машаққатли ишларга буюрмаслигини эълон қилмоқда.
Ушбу ояти кариманинг ҳукмига кўра Рамазон ойида касаллиги сабаб рўза тутишни саломатлиги кўтармаган киши, шунига ўхшаш ҳомиладор ва эмизувчи аёллар рўза тутмаслиги мункин. Улар имкон топган ватда тутмаган кунларининг миқдорича бир кунга бир қазо рўза тутиб беради. Соғлиги тикланадиган касал, ҳомиладор ва эмизувчи аёллар Рамазон ойидаги рўза тутмаган кунлари учун фидя бермайдилар. Мазкур узрлар рўзани кечиктириш сабаб бўлади.
Агар ёши улуғлиги сабабли рўза тутишдан ожиз бўлса ёки оғир касал бўлиб, тузалишдан умудини узган бўлса рўза тутмайди. Рамазоннинг ҳар бир куни учун фитр садақасининг микдорида фидя беради. Фидя миқдори 2 кг буғдой ёки унинг миқдоридаги пул бўлади. Агар фидя бергандан кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса қазо рўза тутади.
Аллоҳ таоло рўза тутувчи барча бандаларига сабр берсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус Жалолиддин Холмўминов
билим юрти мударриси