Бугунги кунда сохта салафийларнинг асосий даъволари шуки, улар “Биз Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг манҳажидамиз, биз таъвилни қабул қилмаймиз, шаръий матнларни зоҳирига қараб амал қиламиз” деб даъво қилишади. Масалан, Фажр сурасининг 22-оятида келган جاء ربك “Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда” оятини сохта салафийлар “Аллоҳ таоло зоти билан келади” деб эътиқод қилишади.
Келинг, сохта салафийлар ўзларига имом деб биладиган Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ бу борада нима деганларини кўриб чиқайлик.
Ҳофиз Байҳақий ўзларининг “Имом Аҳмад маноқиблари” асарларида “Имом Аҳмад وجاء ربك оятини “Унинг савоби келади”, деб тафсир қилганлар” дейдилар ва бу ривоятнинг санадида муаммо йўқлигини айтадилар.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ушбу гапларини Қози Абу Яъло ва Абдурраҳмон Абул Фараж ибн Жавзий Ҳанбалий ҳам зикр қилиб ўтишган.
Муҳим жойи шундаки, сохта салафийлар Имом Аҳмаднинг ушбу гапларини ўчириб, ўзгартириб ташлашган!
Ваҳоланки “Имом Аҳмад маноқиблари” асарларининг қўлёзмасида бу гаплар бор, уни Ҳофиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ “Ал-Бидоя ван ниҳоя” асарларида келтирадилар.
Рустам Охунжонов «КЎКАЛДОШ» ЎМИБЮ МАТБУОТ КОТИБИ






