Қироат қилмоқ учун тажвид даркордир,
Тажвидни олмаган билки гумроҳдир,
Қуръоннинг нузули тажвид биландир,
Шу билан Қуръонимиз бизга етгандир.
Имом ибн Ал Жазарий
Ўзининг илоҳий китоби бўлган Қуръони Каримни барча илмларга асос солган ва Қуръони Каримга хос илмларни жорий қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас тугамас ҳамду санолар бўлсин!
Курьон кориларининг устози Расулуллох жанобимизга салавот ва саломларимиз бўлсин!
Барчамизга маълумки, мусулмонлар қадимдан тажвид илмига катта аҳамият бериб келган. Ўтган уламолар бу йўлда ўзларининг кўп хизматлари ва ғамхўрликларини кўрсатиб, кўплаб асарлар таълиф қилганлар.
Мўмин мусулмонлар зиммасида Қуръони Каримни ўрганиш масъулияти мавжуд экан, уларнинг энг асосийси Қуръонни тўғри, тажвид қоидаларига мос ҳолда тиловат қилишдир. Мақсад – Аллоҳнинг Каломини тадаббур этиш, унинг маъноларини тўғри фаҳмлаб етиш ва амал қилиш. Бу нарса тажвид илмини мукаммал эгаллаган устозлардан таълим олиш йўли билан амалга оширилади. Ҳамма ўз имкониятига қараб бир устоз топиши ва тажвид илмини ана ўша устоз ёрдамида эгаллаши лозим.
Қуръон Каримни тажвид билан ўқиш қуръон ўқувчи хар бир муслим ва муслима учун фарзи айн ҳасобланади. Тажвид илмини ўрганиш фарзи кифоя бўлиб, тиловат қилганда унга амал қилиш фарзи айндир.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг умматларига шундай амр қилган:
أَوۡ زِدۡ عَلَيۡهِ وَرَتِّلِ ٱلۡقُرۡءَانَ تَرۡتِيلًا٤
“Қуръонни тартил билан тиловат қил”.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин -мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳассаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса, авлоддан – авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръони карим қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари буйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.
Қуръони Каримни тиловат қилувчи одам хатога йўл қўймаслиги учун уламолар томонидан тажвид илми ҳақида китоблар ёзила бошланади.
Ҳижрий йилнинг учинчи асрида қироат илми бўйича Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллам биринчи бўлиб » Ал-қироат» китобини ёзди.
Тажвид илмига оид илк китоб Абу Муҳозим ал-Хоқонийга тегишлидир. Мазкур китоб ҳижрий учинчи асрнинг охирида ёзилган.
Хижрий йилнинг тўртинчи асрига келиб Ҳофиз Абу Бакр ибн Мужоҳақ ал-Бағдодий етти қироат илми ҳақида китоб ёзганлар.
Бу илм тажвид ва қироат уламолари тарафидан ижод этилган фикрлар эмас, балки Аллоҳ таолонинг амри билан Лавҳул Маҳфуздан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали Пайгамбаримиз саллаллоҳу алайҳа васалламга етказилган омонатдир. Саҳобаи киромлар Пайгамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан тажвид соҳасида олган таълимларини софлигича бу фан уламоларига етказиб бердилар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳамда ушбу илмга ўз ҳиссасини қўшган уламоларимиздан Ўзи рози бўлсин!!!
“КЎКАЛДОШ” ўрта махсус ислом билим юртининг
4-курс талабаси Исаков Убайдуллох Абиджонович





